00:04 / 08.10.2018
7 190

Имомнинг маникен қизи (7-қисм)

Имомнинг маникен қизи (7-қисм)
Ёмондан дўст чиқмайди!...

Фотима отаси унинг иш жойини ва қандай иш қилаётганини билгач, борадиган жойи ёлғиз Бетуш холасиники эди. Лекин битта маҳаллада яшаганлари учун бора олмаганидан, телефон қилди холос.

Бетуш хола телефонга жавоб берар эди:

– Яхши қилибсан. Қайси замонда яшаяпмиз ўзи? Бу замонда имомнинг қизи бўлиш осонми? Қўявер, кунингни кўриб кетасан. Қизларимнинг олдига бор. Уларга телефон қилиб қўйдим, яхшилаб кутиб олишади.

Фотима айтилган манзилга етиб борди.

Уйда бир аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аёл уни очиқ юз билан кутиб олди:

– Марҳамат қизим, бу ерни уйингдай кўравер. Келақол, қани аввал танишиб олайлик-чи? Кимсан, қаердан келдинг?

Фотима Чечак исмидан отасининг хабари борлигини эслаб, яна янги исм қйлаб топди:

– Исмим Демет. Сизникичи?

– Меники Райҳон, қизим сен ҳам маникенмисан?

– Ҳа, маникенман.

– Яхши, яхши, Аллоҳ хоҳласа доим маникенлигингча қоласан. Бу ерга келганларнинг баъзилари маникен бўлди-ю, лекин баъзилари бошқа нарса бўлиб кетишди.

– Аллоҳ асрасин, мен бошқа нарса бўлмайман.

Райҳон анча тажрибали аёл эди:

– Инша Аллоҳ бўлмайсан-ку, лекин ўзингга эҳтиёт бўлишинг керак. Улар ўз йўриғига секин-аста солишади. Ҳали ор-номусини йўқотмаган қизга ўхшайсан. Ўзингга эҳтиёт бўл, хўпми? Ким қаерга таклиф қилса кетаверма. Ётоғига чорлай олмаганлар, аввал овқатланишга таклиф қилишади. Ўша таклифнинг охири бахайр эмас, болам. Яхшилик қилмоқчи бўлса, ана борсин, кўчада қанчадан-қанча қийналган болалар бор, камбағаллар бор, ўшаларни таклиф қилсин. Ёмон йўлга юришни истамасанг, ҳеч кимнинг таклифини қабул қилма. Дискотекаларга борма. Дарров бу мавзуни очганимнинг сабаби, бошқаларнинг йўғида аввал инсонийлик вазифамни бажариб қолай дедим. Ароқни эса умуман оғзингга олакўрма. Ишдан уйга, уйдан ишга бор.

Диний таълим олмаган Райҳон хола ўзича фатво ҳам берар эди:

– Ҳали ёшсан, вақти чоғлик қилмоқчи бўлсанг, казинога ўхшаган одам гавжум жойларга бор. Менинг ҳам сендай қизим бор. Ёмон йўлга киришини истамайман...

Фотима Райҳон холанинг гапларини диққат билан тинглади. Кўп ўтмай иккита маникен қиз келиб Фотима билан таниша бошлади:

– Мен Фигоман, бу дугонам Барно.

– Мен эса Демет.

– Неча йилдан бери маникенлик қиляпсиз? – сўради Фиго.

Фотима сал ҳижолат тортиб:

– Бу ишни яқинда бошладим, – дея жавоб берди.

Фиго тинмай савол берар эди:

– Учрашиб турадиганинг борми?

– Йўқ!

– Унда ўзим сенга топиб бераман.

Барнонинг жаҳли чиқиб кетди:

– Нимага сен топиб берар экансан? Керак бўлса ўзи топади. Сен нима ҳалигинақамисан?

– Ҳалигинақа бўлсам нима қипти?

Барно бу қизнинг гапларига чидай олмас эди:

– Неча ойдан бери менгаям шу гапни уқтирмоқчи бўляпсан. Энди қўлингдан ҳеч нарса келмаганидан, бу қизга ёпишяпсан.

Фиго билан Барно гап талашиб қолишди. Фотима ҳам қаерга келиб қолдим, дея уларга тикиларди. Сўнгра Фиго магнитофонни қўйиб, рақсга туша бошлади. Фотима эса уларга анграйиб қараб қолган эди.

Кеч бўлиб қолган, Фотиманинг қочоқдаги илк туни эди-ю, аммо буларнинг ҳеч қайсиси унга ёқмаётган эди. Ётоғига ётгач, ўйлай бошлади: “Энди озод, бахтли бўла олармиканман? Истаганимдай яшасам, нималарга эриша оламан? ” Буларни ўйлаб бирдан Фотиманинг туклари тикан-тикан бўлиб кетди. Аммо у ҳаммасига қўл силтаб яшашни маъқул кўрди.

Пул-мули ҳам йўқ эди-ю, яна ёрдамга Бетуш холаси етишди. Анча мунча пул бериб, топганингда тўларсан, дея тилхат ҳам ёздириб олди.

Фотима эртасига бориб ўзига янги кийим-кечак сотиб олди. Янги иш жойида бошқалардан кам бўлмаслиги керак эди-да. Кеч бўлгач, турган уйига яна иккита маникен қиз келиб жойлашди. Улар Фигонинг дугоналари эди. Барно эса уларни умуман ёқтирмас, уларга нафрат кўзи билан қараб, Фотиманинг қулоғига шивирлади:

– Одам қаерда бўлган тақдирида ҳам одамгарчилигини йўқотмаслиги керак. Булар маникенми, суюқоёғми билиб бўлмайди. Бизга ўхшаган маникенларнинг ёмон отлиқ бўлишига сабаб бўлишади.

Фотима энг номусли маникен ҳам оёғини очиши кераклигини ўйлаб, минғирлаб деди:

– Тўғри айтасан, мен илгари ишлаган жойимда ҳам шунақаси бор эди.

– Маникенлар замоннинг пул машинаси бўлиб қолган. Ҳамма улардан фойдаланиб пул ишлаб олсам, дейди. Баъзи жойларга бошлашади-ку, ақли бўлганлари бормайди. Мен ҳам маникенман, лекин мени ҳеч ким йўлдан ура олмади, унаштирилган йигитимдан ташқари... Унинг йўриғи бошқа.

Фиго қизларга:

– Қани қизлар бўлақолинглар, бугун казинога борамиз. Поп илоҳини тинглаймиз, қани туринглар! – дея кутилмаганда мурожаат қилди.

Барно кўнмади:

– Мен бормайман, йигитим олиб боради.

– Турақол, бу аҳмоққа ишонма, деб Фотимани мажбур ўрнидан турғазишди.

Казинога етиб боришганида Фотима тинмай ўнг-чапига қарар эди. Уни бирортаси кўриб қолса нима бўлади? Улар жойлашиб бўлишгач, Поп қироли саҳнага чиқди. Қизлар ўтирган жойларидан рақсга тушишар, мусиқа темпига мос ҳаракат қилишар эди. Аввалига Фотима уялиб ўтирди, вақт ўта бошлагач, у ҳам мусиқа темпига мослаша бошлади. Уйдан қочганининг иккинчи куни у ўзини жуда ўзгача муҳитда кўрди. Бир тарафдан хафа бўлса, бошқа тарафдан эса ўша муҳитга мослашишга интилар эди.

Эртасига Фотима жуда хорғин ҳолда уйғонди. Қизлар уйғониб, нонушта тайёрлаш билан овора эдилар. Фиго Фотимага ўгирилиб, унга хушхабар айтди:

– Мана ишинг ҳам ҳал бўлди. Энди Дамла мода уйида Гунгўр бейнинг олдида ишлайсан. Эҳтиёт бўл, сал хотинбозроқ. Ўз маникенларининг бировники бўлишини хоҳламайди.

Фотима бундай гапларга ҳали одатланмаганидан:

– Нима мен сотиладиган молманми? – деди.

Фигога бу гап тегиб кетди:

– Нима биз сотиладиган молмизми?

– Сизни билмайман-у, лекин мен унақаларданмасман.

– Агар бу фикрларингни ўзгартирмасанг, ҳеч нарсага эриша олмайсан.

Бу гал Барно гапга аралашди:

– Бу нима деганинг, мен-чи? Мен нимага эришган бўлсам, билагимнинг кучи билан эришдим.

Яна гап талашиб қолишди. Барно мавзуни бошқа ёққа буришга интилса ҳам, Фиго яна шу мавзуга олиб келар эди.

Эртасига Фотима мода уйига етиб борди. Гунгўр бей унга бошдан оёқ разм солгач:

– Мана буни кийиб менга кичкинагина мода намойиши қилинг-чи, сизни кўриб олай, – деди.

Фотима кийиниб чиққач, Гунгўр бей қарорини қабул қилди:

– Ҳмм... қоматинг ҳам қадам ташлашинг ҳам жуда чиройли экан. Ишга оламан.

Фотима ишни бошлаганига орадан беш кун ҳам ўтмаган эди ҳамки Гунгўр бей унга таклиф кирита бошлади:

– Демет хоним, танишганимизни ювиб, бирга тушлик қилмаймизми?

Фотима ўйлаб ҳам ўтирмай, жавоб берди:

– Ташаккур, лекин мен ҳеч ким билан овқатлангани бормайман.

Гунгўр бей креслосидан туриб, Фотиманинг олдига келди:

– Мен ҳеч кимманми? Сенинг бошлиғингман. Отанг қатори бўлсам.

– Катта раҳмат, лекин менинг қарорим қатъий.

– Тушунмаяпман, нима сабабдан ахир. Бирор консерватор оиладанмисан дейман? Эътиқодинг йўл қўймайдими? Ёки йигитинг борми?

– Эътиқодлиман, албатта.

Гунгўр бей жуда носамимий тарзда қаҳқаҳа уриб деди:

– Олдимда мини юбка киясанку, овқатлангани бормайсанми? Сафсатангни бас қил.

Фотима шундоқ ҳам неча кунлардан бери тўлиб юрган эди. Ўша дақиқаларда биринчи марта динга эҳтиёж сезди. Илгарилари фойдаланмаган билимлари ҳозир асқотишини ҳис қилди.

– Нега сафсата бўлар экан? Одамлар бир гуноҳни қилишаётган бўлса, кетидан барча гуноҳларни қилиши керакми?

– Қизим, овқатланиш қанақасига гуноҳ бўлсин? Бўлди қил энди савоб–гуноҳларни. Қайси даврда яшаяпмиз ўзи?

– Бунинг замон билан алоқаси йўқ. Дин диндир, динсизлик эса динсизлик. Динсизлик Ислом динидан фойдалироқмидики, уни замонамизга эп кўряпсиз?

Гунгўр бей ҳайратланиб деди:

– Ҳақиқатдан ҳам чиройли гап гапирдинг. Бу гапингни ёзиб, деворга осиб қўяман.

– Катта раҳмат.

– Раҳмат айтишни йиғиштириб, қачон ресторанга боришимизни айтгин.

Фотима асабийлашаётган бўлса ҳам, билинтирмасликка уринар эди:

– Бормаймиз, бу гапни сизга олдин ҳам айтганман.

– Хато қиляпсан. Мен билан яхши чиқишсанг, ўзингга яхши бўлади. Сени бутун давлатга машҳур қилиб юбораман. Қўл остимда қанчадан-қанча мухбирлар ишлайди. Хоҳласанг кийган ички кийиминггача машҳур қилдираман.

– Мен машҳур бўлгим келяпти, демадим-ку.

Гунгўр бей асабийлашиб қўли билан ишора қилиб:

– Бўпти, бўпти, кетишинг мумкин. Эртага Ҳилтонда мода намойиши бор. Бугун яхшилаб дам олинглар. Эртага кўринишингиз жойида бўлиши керак. Вақтида етиб боринглар. Намойишдан олдин тайёргарлик кўриб оламиз.

Фотима эртасига эрталабдан Ҳилтон меҳмонхонасининг салонига туша бошлади. Бир қанча қизларнинг подиумда алламбало кийимларни кийиб олганларини кўрди. Кўп ўтмай уларнинг қаторига ўзи ҳам қўшилди.

Гунгўр бей Фотиманинг қўлига бир кийим бериб тушунтира бошлади:

– Бу кийимни ич кийимсиз кийиб чиқасан, жуда жозибали кўринишинг керак.

Фотима бундай гапни биринчи марта эшитар эди. Уялиб кетган, асабийлашиб титрар эди:

– Мен бунақа кийина олмайман.

Гунгўр бейнинг жаҳли чиқиб кетди:

– Бу нима деганинг? Сен бу ерни монастир деб ўйлаяпсанми? Маникенликни ўрганаётганингда буларни тушунтиришмаганми? Бизга замонавий маникенлар керак.

Фотима отасининг ҳақ эканлигини анча олдин тан берган эди. Замонавийлик деганда гуноҳ қилишнинг чек-чегараси йўқ эди. Йўқ қила олмаган иймони ғалаён қилар, жуда асабийлашган эди.

– Замонавий бўламиз деб, ҳамма ёғимизни кўрсатиб юришимиз керакми?

Гунгўр бей тишларини ғижирлатганча жавоб берди:

– Ҳа, жонгинам, керак бўлса шундай қилишга мажбурсиз. Шу баданингиз бўлмаса нима қийматингиз бор? Жозибадорлик муҳим бўлмаганда эди, картонлардан маникен ясаб намойиш ўтказаверар эдик.

Бироздан сўнг у яна таклифини қайтарди:

– Бўлақол, бизга домлалик қилмасдан бориб кийиниб чиқ.

Фотима нима бўлганда ҳам илмли қиз эди ва қалбидаги ҳар нечук бўлса-да иймон эди. У қатъий қарор қилди:

– Йўқ, бу кийимни сиз айтгандай қилиб ўлсам ҳам киймайман. Харидор бизга баҳо берадими ёки кийимларгами?

Бу гал Гунгўр бей жудаям жиғибийрон бўла бошлади:

– Бизга маъруза ўқимай кўзимдан йўқол. Иккинчи қорангни кўрсатма!

Фотима ҳам ўшқириб берди:

– Айтмасангиз ҳам кетаман. Сизнинг бозорингиз юришсин деб ўзимни сотишим қолган эди.

Гунгўр бей сал ўзига келиб:

– Мини юбкани кийволиб ўзингни ким деб ўйлаяпсан, товуқмия. Сал замонавийроқ бўл, замонавийроқ.

Фотима зиналардан юқорига кўтарилар экан, ўз-ўзига минғирлаб деди:

– Энди тушундим замонавийликнинг сирини. Ҳатто мини юбка ҳам замонавий бўлишга етмас экан.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (7-қисм)