18:08 / 20.10.2018
5 840

Имомнинг маникен қизи (17-қисм)

Имомнинг маникен қизи (17-қисм)
Ёмонликдан қайтишнинг эрта-кечи бўлмайди. Фотима Ўзлемдан келган хатни ҳаяжон билан очди. Анча узун, энли хат эди. Ётоғига чўзилиб ўқий бошлади:
“Аллоҳнинг саломи билан сўзларимни бошлайман.”

Фотима Ўзлем хатини Аллоҳнинг исми билан бошлашига ҳайратланиб ўқишда давом этди:
“Севимли дугонам, Демет, яхшимисан? Сенга ёзадиган нарсаларим шунақанги кўпайиб кетдики, қай биридан бошлашни билмай қолдим. У ердан келгач, бошимдан нималар ўтганини эшитсанг, ишонмайсан. Мен бир христиан йигит билан турмуш қуришга қарор қилган эдим. Кейин бўлажак фарзандларимиз ҳақида ўйлаб қолдим. Уларга қандай исм қўйиш, қайси динга кўра тарбиялаб ўстиришим керак эди? Бирдан даҳшатга тушдим. Ўша пайтгача ҳеч бир қоидасига амал қилмаган Ислом динимнинг энди болаларга исм қўйишда жуда муҳим эканлигини англадим.
Унаштирилган йигитимга вазиятни тушунтирдим. “Мусулмон бўламан, лекин сен аввал менга у ҳақда ўргат деди”. Ўзим ҳеч нарсани билмасам, унга нимани ҳам ўргатар эдим? Ўшанда ҳеч нарса билмаслигимни тушуниб етдим.

– Мен Исломни билмайман. Сенга китоб олиб бераман ўқийсан, дедим. Рози бўлди. Унга инглиз тилида исломий китоблар олиб бердим. Қарасам, ўқимаяпти, неча маротаба таъкидладим, барибир ўқимади. Бир куни менга “ўзинг ўқи, кейин гапириб берасан” – деди. Кейин ўзим ўқий бошладим. Тинмай, ҳар куни ўқир эдим. Бундай қарасам, мен умуман мусулмон эмас эканман. Ўз аҳволимга жуда ачиндим... Иймоним кучаяр экан, биринчи қилган ишим, намоз ўқиш бўлди... Онам роса қўрқди. Диндор бўлиб кетасан, деб менга қилмагани қолмади. Унинг назарида инсон замонавий бўлиши керакдики, бир инсоннинг ҳам замонавий ҳамда иймонлилардан бўлиши мумкинлигига ишонмас эди. Бир уйда икки душмандай яшадик. Айниқса ҳижобга кирганимда ҳайратланиб, ақлдан озгудей бўлди. Дадам эса хурсанд эди. Чунки у ҳам кўп ўтмай намоз ўқишни бошлади. Болалигимда мени Қуръон курсига бермоқчи бўлганларида курснинг ўқитувчиси Отатуркни яхши кўрмас экан деб, бермаган экан.”

Фотима Ўзлемнинг гапларини эслади:
Ўша инсоннинг қизини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни севмаган католик мактабига ўқишга беришини кўз олдидан ўтказди. Ўзлемнинг ўрангани ҳақидаги хабарни ҳам ҳайрат ичида ўқиди. Ўша қиз, ўша маникен Ўзлем қанақасига ўранди экан? Шунақанги севиниб кетди-ки, хатни тугатиб бўлмасиданоқ, меҳмонхонага югурди:
– Қизлар, суюнчи! Ўзлем Суслер Исломга қайтибди... Бундан ташқари намоз ўқиб, ҳижобга кирганмиш.
Бурчин тирноқларини текислар экан деди:
– Аҳмоқ қиз, шундоқ ёшлигини барбод қилиб...
Фотима тутоқиб кетди:
– Ҳозирчи? У ҳали тирик, шундоғам ёшлигини яшайди–ку.
Лайло бу хабарни эшитиб севиниб кетди:
– Тўғрисини айтсам, жуда хурсанд бўлдим. Кўрамиз, Ўзлемнинг ҳар бир ҳаракатини ёзадиганлар, бу ишни ҳам ёзишармикан?
– Ёзишмасин, унинг бу қарорини эшитганлар сони Ўзлемга етиб ортади.
Бону ошхонада туриб гапларни эшитиб, югуриб келди:
– Унга роса ярашган бўлса керак ўраниш. Офарин. Жуда тўғри қарор қабул қилибди.

Фотима севинчдан бир жойда тура олмас эди. Яна хонасига кириб давомини ўқий бошлади:
“Энди эса худди шу инсон ўранганимга жуда севиняпти. Бироқ турмуш қурмоқчи бўлган инсонимга ҳижобга киришим умуман ёқмади. “Менга жазо бериш учун ўраняпсан” деди. Анча мунча нарсалардан кейин қарасам, бўлмайди. Ажралишдик. Исломга қайтишим сен учун жуда муҳим воқеа деб ўйлаб, аввалига шундан бошладим. Энди бошқа хабарларга келсак.

Университетни битирдим. Ўша пайтларда бўшлиққа ғарқ бўлган эдим. Японияга бориб, у ерда инглиз тилидан ўқитувчи бўлиб ишладим. Япон ёшлари мени шокка туширди. Кўпи динсиз. Қариялари эса Буддист. Моддапарастлар. Мен ҳам шундайлардан эдим. Кристиан Диор туфлилари, шанел кўзойнаклари... Худди ўзларини моддият билан исботлашар эди. (Албатта ҳамма японлар демоқчи эмасман, лекин кўпи шунақа.)

Япониядаги Ислом Маданият Марказига бордим. У ерда Исломни Японча ўргатишар экан, мен ҳам тингладим. Бироқ Япон тилини ўрганишни давом эттиришим керак эди. Бу эса у ерда қимматга тушгани учун кейин Англияга бордим. Лондонда Шарқшунослик факультетида япон тилини ўрнатишда давом этдим. Бундан ташқари Ислом Жамиятига қатнай бошладим. Исломий биродарликнинг қанчалик ширин туйғу эканлигини мен Лондонда Ислом Жамиятида ҳис қилдим. Шунақанги гўзал туйғу эдики, бу ҳисни сўз билан ифодалаб бўлмайди.
Кейинроқ Малайзияга йўл олдим. Кейин Америкага, Лас Вегасга бордим. Ҳаромга тўла жой. Роса сайр қилдик, энг ҳашаматли меҳмонхоналарда тунадик. Лекин мен ўзимни бахтли ҳис қила олмаётган эдим. Намоз ўқир эдим. Аммо бошим очиқ эди. Чиндан ҳам одам бахтни қалбида, руҳида олиб юрар экан. Ҳозир жуда яхши мусулмон йигитга унаштирилганман. Ҳа, агар сен шу кунларда онамни кўрсанг, таний олмайсан. Унаштирилган йигитим унга жуда чиройли муомалада бўлди ва Исломни тушунтирди. Гўё исломга қарши бўлган онам ўрнига бошқа одам пайдо бўлиб қолгандай. Ишонмаслигинг мумкин, лекин сен билган ўша аёл ҳижобга кирди. Ҳозир жуда бахтлиман. Мени кўрсанг ҳайратланиб қоласан. Ҳижобга шунчалик тез ўргандимки, баъзан нохуш воқеалар содир бўлса ҳам руҳим доимо енгил. Худди бахт менга қанот ҳадя этгандай, қўлларида кўтариб юргандай. Хуллас, мендаги ўзгаришлар шулардан иборат...

Хўш, сенда нима гаплар? Қалбингда гўзаллик ҳалиям ҳукмронми ёки ўша қоронғу кўчаларда йўқ бўлиб кетдими? Менга ўзинг ҳақингда ёзиб юбор. Лайло... Нежла... Бону ҳақида ҳам... Ватанимда қандай ўзгаришлар бўлди? Шуларни ҳам ёзишни унутма.

Сўзларимни якунлар эканман, кўзларингдан ўпиб, сенга (сизларга) икки дунё саодатини тилайман. Аллоҳнинг саломини қабул қиладиган ҳар кимга саломимни етказ.
Беғубор дугонажоним менинг.
Ассалому алайкум.
Ўзлем Суслер.

Эслатма: “Аллоҳ хоҳласа бир кун келиб, ишонаманки сен ҳам менга хушхабарлар ёзиб юборасан”.
Фотиманинг туйғулари таърифлаб бўлмас даражада эди. Бир тарафдан нохушлик, бошқа тарафдан севинчни ичига сиғдира олмас эди.

Овқатини емасдан ётган, унсиз йиғлай-йиғлай уйқуга кетган эди. Кўзларини очганида эса кеч қолганини пайқаб апил-тапил кийиниб, кўчага чиқди. Бирдан катта тезликда келаётган юк машинаси уни уриб юборди. Қон ичида қолган Фотима ерга йиқилди. Атрофдагилар уни касалхонага олиб бориш учун машинага олиб чиқишди. Фотиманинг ҳуши ўзида эди. Ҳамма гап-сўзларни эшитиб борар эди.

– Юк машинаси бечора қизнинг оёқларини босиб ўтибди.
Фотима даҳшат билан оёқларини пайпаслади. Бармоқларини қимирлата олар эди-ку, бироқ оёқларини бир-бирига текказиб кўрмоқчи бўлганида улани қимирлата олмаётганини тушунди. Шу онда бирдан балконда ўтирадиган йигитнинг онаси айтган гаплар ёдига тушди: “Оёқларингнинг соғломлигига ишонма, Аллоҳ кўрсатмасин бир фалокат келса борми...” Ўша гап ҳақиқатга айландими? Фотима энди чўлоқ бўлиб қолдими?
Ўзини таърифлаб бўлмас даражада ночор ҳис этарди.

Бирдан бақира бошлади:
– Мен чўлоқ бўлиб қолдим. Фалаж бўлиб қолдим.
Бақириб кўзларини очганида аввал ўзини касалхонада деб ўйлаган, кейин эса туш кўрганини англади.
Қизлар унинг овозини эшитиб, дарров атрофига тўпланишган эди. Чироқни ёқиб, Фотимадан сўрашди:
– Демет, сенга нима бўлди?
Фотима кўзларини ишқалаганча жавоб берди:
– Даҳшатли туш кўрдим.
Нежла дарров сув олиб келди:
– Ол, дарров ичиб юбор.
Қизлар бироз муддат Фотиманинг ёнида ўтириб, кейин тарқалишди. Аслида Лайло Фотима билан бир хонада турар эди.

Ҳамма яна уйқуга кетган, Фотиманинг эса кўзига уйқу келмас эди. Соатга қаради. Тўрт бўлибди. Ўрнидан туриб, меҳмонхонага кирганида ҳалиям кўрган тушининг таъсирида эди. Балкондаги йигитни ўйлай бошлади:
“Унга нега шунчалик ёмон муомалада бўлган эканман? Чиндан ҳам одамгарчилигимни йўқотган эканман” – деди.
Сўнгра ўша йигитнинг гаплари ёдига тушди:

– Мен сенга эмас, ичимдаги Фотимага қараяпман. Бир марта эса “Сен кабилар мусулмон бўлолмайди. Ҳақиқий мусулмон бўлиш учун юрак керак... Сенга ўхшаш бурни осмонда бўлганлар қаёқда-ю, мусулмонлик қаёқда?” – деган эди.

Ўшанда уни “бечора” деган эди. Ҳозир эса аслида ачинишга арзигулик одам ўзи эканлигини англади. Ўша йигитнинг аҳволи нима бўлди экан? – деб ўйлаб қолди. Ҳозир унинг қанчалик тарбияли ва босиқ йигит эканлигини англади.

Яна хаёлига Усома келди. Кейин ота-онаси... Бўғзига бир нарса тиқилгандай бўлди. Бу шундай оғир дардки, ҳечам кўтара олмаётган эди.

Нонушта пайтида қизлардан сўради:
– Қизлар, “ўрнимга бошқа одам топинглар, мен кетаман” – десам нима қиласизлар?
Бону бундай гапни ҳечам кутмаган эди:
– Йўқ, бундай дейишинг мумкин эмас. Бизни ташлаб кета олмайсан. Кейин Фотимага хомуш нигоҳ билан боқиб: – Сен кетсанг, меним ҳолим нима бўлади, Демет? – деди.

– Демет эмас, Фотима.
– Ҳа, Фотима. Сен кетсанг, бу ерларда қандай яшайман? Сен борлигингда ўзимни ёлғиз ҳис қилмаётган эдим... Сенга ишонар эдим. Гўё сарвиқор тоғдай турар эдинг орқамда.
Лайло, Нежла ҳам қаттиқ ранжишган эди. Биринчи бўлиб Лайло сўради:

– Кетсанг, бизни унутасанми?
– Асло унутмайман. Доим сизни кўргани келиб тураман. Сиз мени кўргани борасиз.
Фотиманинг кўз ўнгида бир неча йил олдинги ҳолат гавдаланди. У ўртоқларини уйига таклиф қилишдан уялар эди. Ҳозир эса у Фотимадан асар ҳам қолмаган. – Яна сизларни эски курсиларга ўтиргизар ва бундан ҳечам ор қилмас эдим.

Қизлар ҳайрон бўлиб бир-бирларига қарашди.
– Нима демоқчисан, Демет? Узр, Фотима.
– Ҳа, майли, эътибор берманг. Ўз-ўзимга айтадиганимни айтдим.

Бону ҳайрон бўлиб сўради:
– Биз шу ердалигимизда ҳам сен ўз-ўзинг билан гаплашяпсанми?
– Ҳа, баъзан шунақаси ҳам бўлиб туради.

Савол навбати Нежлага келган эди:
– Уйга қайтсанг, отанг уйга киргизадими? Сени ёмон йўлга кирган деб билади-ку.
Фотима чуқур ўйга толди. Пиёласидан бир хўплам чой ичиб жавоб берди:
– Мени шунақанги отам бор-ки, мени ўз кўзлари билан тубанликда кўрса ҳам қабул қилади. У доим “ёшларга хатосидан қайтишга имкон бериш лозим” – дерди. Мен эртага хаёлан уйга боришга жасорат топа олаётган бўлсам, бу – отамнинг тушуна олишига бўлган ишончимдандир. Отам даҳо экан-у, буни мен йиллар ўтиб англадим.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (17-қисм)