
Бразилия олимлари мамлакатнинг икки ҳудуди — Маранян ва Сан-Паулу штатларида олиб борган тадқиқотлар натижасида кўршапалакларда мутлақо янги вирус турини аниқлашди, деб хабар берди “Bloomberg”.
Мутахассислар вирусни BRZ batCoV деб номлашди. Унинг генетик хусусиятлари COVID-19 ва Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS)ни келтириб чиқарувчи вирусларга яқинлиги билан ажралиб туради. Тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, вирус бета-коронавируслар оиласига мансуб бўлиб, айнан шу гуруҳга COVID-19 (SARS-CoV-2), MERS (MERS-CoV) ва SARS вируслари ҳам киради.
Олимлар BRZ batCoV вируси ҳозирча инсон саломатлиги учун хавф туғдирмаслигини таъкидлашди. Бироқ уларнинг сўзларига кўра, вирус тузилишидаги санчиқсимон оқсил қисми ҳайвон ва инсон ҳужайраларидаги айрим ферментлар томонидан парчаланиши мумкин — бу эса вируснинг организмга киришини енгиллаштириши эҳтимолини билдириб туради.
BRZ batCoV асосан ҳашаротлар билан озиқланадиган кичик турдаги кўршапалакларда топилган. Олимлар бу вируснинг пайдо бўлиши ва тарқалишига иқлим ўзгаришлари ҳамда инсон фаолияти таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Россиянинг Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова ҳам SARS-CoV-2 вирусининг янги XFG (Stratus) штамми мамлакатда аниқланганини маълум қилганди.
Мутаҳассислар фикрича, BRZ batCoV каби вируслар устидан олиб борилаётган илмий кузатувлар келгусида пандемияларни олдиндан башорат қилиш ва профилактик чораларни ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!