date

Жиззахдаги боғчада 1,5 ёшли қизалоқ фожеали тарзда ҳалок бўлди

Жиззахдаги боғчада 1,5 ёшли қизалоқ фожеали тарзда ҳалок бўлди

Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги хусусий боғчада содир бўлган фожеа жамоатчиликни ларзага солди. Маълумотларга кўра, 1,5 ёшли қизалоқ боғча ҳовлисидаги бассейнга чўкиб, ҳаётдан кўз юмган.

Ҳодиса 24 октябрь куни “Меҳрли юлдуз” номли хусусий боғчада юз берган. Марҳуманинг онаси Фериде Ҳамроқулова 2024 йил 5 май куни туғилган қизчасининг ҳаётини асраб қолишнинг иложи бўлмаганини айтди.

“Қизим сувда чўкиб ҳалок бўлди. Ҳозирча ҳеч бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора биз билан боғланмади. Ҳолат юзасидан бирор изоҳ берилмаяпти, ишни ёпишга ҳаракат қилаётганлардек”, – деди марҳуманинг онаси.

Маълум бўлишича, она Қозоғистон фуқароси бўлиб, Жиззах вилоятига келин бўлиб тушган.

Боғча тарбиячиси ҳам воқеа кунини қўрқинч билан эслади: “Бу овқатланиш вақтида содир бўлди. Қизча ёнимда эди, болаларга оёқ кийим кийгизгунча ғойиб бўлибди. Бассейнга бориб қарасам, сувда турибди. Уни олиб, кўкрагини босдик, ёрдам кўрсатдик. Кейин раҳбарнинг ўғли билан шифохонага етказдик. Гуруҳимда 26 бола бор, ўша куни 23 нафари келганди, якка ўзим эдим”, – дейди у.

Маълум қилинишича, қизалоқ мазкур боғчага фақат 3 октябрдан қатнай бошлаган.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова маълумотича, воқеа юзасидан 27 октябрь куни жиноят иши қўзғатилган. Тергов Жиноят кодексининг 116-моддаси — “Касб юзасидан ўз хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаслик” банди бўйича олиб борилмоқда.

Ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Экспертлар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтириш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиззахдаги боғчада 1,5 ёшли қизалоқ фожеали тарзда ҳалок бўлди