date

Шахмат Олимпиадасида оналар учун лойиҳа қайтмоқда

Шахмат Олимпиадасида оналар учун лойиҳа қайтмоқда
FIDE 2026-йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Шахмат Олимпиадасида ChessMom лойиҳасини қайта ишга туширади. Ушбу лойиҳа профессионал оналар-шахматчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, улар учун бола парвариши ва спорт фаолиятини муваффақиятли уйғунлаштириш имконини яратади.

Лойиҳа доирасида иштирокчилар фарзанди ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахс билан бирга Олимпиадага келишлари учун молиявий ёрдам олади. 2026 йилги Олимпиадада икки ёшгача бўлган фарзандларга эга оналар иштирок этиши мумкин.

FIDE юқори рейтингга эга бўлган ўнта шахматчини қўллаб-қувватлайди, шу жумладан ҳар бир қитъадан камида битта иштирокчи танланади. Дастур доирасида ҳамроҳлик қилувчининг авиачипталари учун 1000 еврогача бўлган харажатлар қопланади.

Бола ва ҳамроҳлик қилувчи шахс расмий делегация аъзолари сифатида турар жой ва овқатланиш харажатлари билан таъминланади. Аризаларни миллий федерациялар ва шахматчилар топширишлари мумкин.

Аризаларда шахматчи, бола ва ҳамроҳлик қилувчи ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, ўйинчи ва федерация томонидан ёзилган хатлар талаб этилади. ChessMom лойиҳасининг биринчи версияси 2024 йилда Будапештда ўтган Олимпиадада амалга оширилган эди.

Унда дунёнинг турли давлатларидан олтита оналар-шахматчи қўллаб-қувватлов олган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шахмат Олимпиадасида оналар учун лойиҳа қайтмоқда