06:30 / 02.12.2018
3 609

Кўринмас устунлар

Кўринмас устунлар
Ақлнинг чегараси бор. У инсонга берилган буюк неъмат. Аммо, у инсон учун мутлақ билим, мутлақ ҳақиқат ва ҳидоятни кафолатламайди. Агар чиройли фойдаланилса, ақл инсонни ҳақиқат тарафга етаклаши, унинг қайси тарафда эканлигини кўрсатиши мумкин. Ундан уёғига эса у нақлга мурожаат этиши, ваҳийга бўйсуниши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда инсон турли фикрлар, маълумотлар ва бошқа минглаб омиллар қоришуви натижасида чалкашиб, тўғри йўлдан чалғиб кетади. Яна, уни ҳидоятдан мосиво бўлишига ҳарис бўлган шайтон ва нафснинг ҳавоси ҳам адаштиришга, туғёнга кетказишга ва ўзига бино қўйдириб, ҳақдан такаббурлик ила юз буришга ундайди. Оддий ҳақиқат. Ақлнинг ўзи билан ҳамма нарса ҳал бўлганда оддий кундалик ҳаётимизда ҳам ҳеч қандай белгилар, ишоралар, тартиб ва қоидаларга ҳожат қолмасди.

Ақл ва нақл ўртасида уйғунлик бўлмас экан, улар киши онгида бир-бирини тўлдирмас экан, инсон адашади. Адашиш ҳам турли-туман даражада юз беради. Қайсидир масалада адашмаса, бошқасида адашади ва ҳоказо. Буни бир мисол билан тушунтирамиз.

Тасаввур қилингки, бир маҳобатли университет олдига келдингиз. Унинг ҳашамат сочиб турган бинолари, боғлари, бино ичра ўзаро уйғунликда жойлашган хоналари, аудиториялари, лабораториялари, спорт заллари, ҳовузлари, энг охирги русумдаги доскалар билан жиҳозланган синф хоналари сизни лол қолдирди. Бу ҳолатдан ақлингиз ўзи учун ўнлаб ҳақиқатларни кашф этади, хулосалар ясайди.

Бу манзарани кўриб, университет биноси ўта пухта лойиҳалаштирилгани, тажрибали дизайнерлар хизматидан фойдаланилгани, катта маблағ сарфлангани, шунингдек, университет идораси борлиги, улар ҳамма ишларни пухта ўйланган режа асосида юритишини хулоса қилиб оласиз. Аммо, шу бино ва манзараларнинг ўзидан ректор кимлигини, университетда аниқ нечта талаба ўқишини, қайси талаба иқтидорлигу, қай бири иқтидорсиз эканлигини, устозларнинг исм-фамилияларини била оласизми?! Бу амри маҳол.

Бу биноларга назар солишингиз унинг ортида муҳандислар, усталар, ишчилар ва дизайнерлар борлигига сизни далолат қилади. Аммо, уларнинг номлари нима? сонлари нечта? Неча йилда қуриб битказилган ва ҳоказо? Бу саволларни билиш учун университет ва унинг тарихи билан таништирадиган буклетга назар солишингиз ҳам керак бўлади. Худди, шунга ўхшаб, борлиққа назар солган инсон ақли орқали, унинг албатта бир Холиқи, Яратувчиси борлигини ҳис этади. Аммо, Ўша яратувчининг ким эканлиги, қандай сифатларга эга эканлиги ва бандаларидан нимани ирода қилишини билиш учун нақл ва ваҳийга ҳам муҳтождир. Бу саволларга жавобни у ваҳийдан олади.

Инсон осмонларга назар солиб, ундаги уйғунлик, гигантлик, улуғворлик, чексизлик, гўзаллик ва бошқа ақл бовар қилмас манзаралардан ҳайратга тушганда, ким бу нарсаларни бу қадар мўъжизавий шаклда яратган экан, ким осмон ва ундаги оғирлиги ақл олмайдиган даражадаги жисмларни кўтариб қўйган, ким бу қадар сон-саноқсиз галактикаларни яратиб, уларни бир тизимда, симметрияда, ва ўзаро тортишув ва гравитацияда бошқариб, айлантириб турибди, деган саволларга бурканганда унга жавоб бўлиб, Қуръоний оятлар келади:

“Осмонларни сизлар кўрмайдиган устунлар билан яратиб қўйган зот бу Аллоҳдир!“ (“Раъд“ сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримада илмий ҳақиқатлардан бири акс этган. У ҳам бўлса, кўзимизга худди ҳеч қандай устунсиз ва бир-бирини ушлаб тарадиган воситаларсиз яратилгандек туюладиган бу азим осмонлар ва ундаги жисмлар аслида уларни тутиб турадиган омиллардан холи эмас, фақат улар кўзимизга кўринмайди, холос.

Олимлар бутун олам ва ундаги сон-саноқсиз жисмлар, юлдузлар, планеталар, галактикалар ва галактикалар мажмуалари супергравитация, суперсимметрия, ўзаро тортишиш ва ўзаро бир-биридан итариш каби кўзга кўринмайдиган омиллар, кучлар ва қонунлар асосида шундай уйғунликда ҳаракатда давом этишини исботлаганлар.

Фаразан, агар Ер Қуёшнинг гравитация майдонидан чиқиб кетиб, очиқ фазо бўйлаб ҳаракатланиб кетадиган бўлса, уни яна Қуёш атрофига қайтариш учун миллионлаб тросларга муҳтож бўламиз. Маълумки, дунёдаги энг метин ва мустахкам трос бу эшилган пўлатдан ясалган трос ҳисобланади. Шундай қилиб, Ерни яна Қуёш атрофидаги ўз траекториясига қайтармоқчи бўлсак, диаметри беш метрли пўлат трослардан миллионларча балки, миллиардларча керак бўларди. Бундай троснинг биттаси икки миллион тонна юкни кўтара олади. Тасаввур қилинг, Ерни Қуёшга боғлаш учун шунча тросни Ерга экиб чиқдик, ўзимизни ҳамма нарасани тўсиб қўядиган, ҳаракатланиш, бинолар қуриш, йўллар ётқизиш ва бошқа нарсалар ҳалақит берадиган, ҳатто қуёш нурини ҳам тўсиб қўядиган баҳайбат арқонлардан иборат жуда катта ва қуюк ўрмон олдида кўрамиз. Ҳар бирининг диаметри беш метрдан иборат бўлган бундай арқонларнинг орасида фақат биттадан арқон сиғадиган жойгина қолган бўлади. (Булар энди арқон эмас, балки, жуда йўғон устун бўлади). Ҳа, кўз ўнгимизда ниҳоятда қуюк ўрмон вужудга келади. Бу битта Ер планетасининг ўзини Қуёш атрофида ушлаб туриш учун керак бўладиган малзама эди. Аллоҳнинг ҳикмати ва қудратини қарангки, бутун бошли коинотни ЎЗи яратган гравитация қуввати ила ана шундай устунларсиз, тросларсиз кўтариб, юргизиб, ҳаракатлантириб қўйди.

Инсон шу пайтгача илм-фан соҳасида қандай ютуққа эришган бўлса, у фақат Аллоҳ яратган махлуқотларга назар солиб, улар борасида тафаккур юритиб, ва У яратган физик ва бошқа қонунларни кашф қилиб, шу даражага етиб келди, холос. Яъни, коинотдаги физик қонунларни инсон ихтиро қилмади, инсон яратмади, балки, инсон уларни илғаб бормоқда ва уларга ном бермоқда, холос. Инсониятнинг илм-фан ва техника соҳасидаги барча ютуқлари ҳам Аллоҳ унинг вужудига солиб қўйган илоҳий бир томизғи бўлмиш ақлу онгининг қуввати билан амалга ошмоқда. (Ҳолбуки, шу томизғини Аллоҳ инсонга бермаслиги ҳам мумкин эди ёки бошқа йиртқич ҳайвонларга ҳам бериб, ҳаётимизни дўзахга айлантириб қўйиши мумкин эди).

Лекин, маиший ҳаётдаги қулайликларни яратиш учун кифоя қилаётган ақл, физик қонунларни кўра билаётган ақл ўзича Холиқни топиб, Унинг исму сифатларини билиб, Унинг иродасини, бандаларидан хоҳлайдиган нарсаларни билиш учун кифоя қилмайди. Шу нуқтада у ақлни нақл билан тўлдириш ва уйғунлаштиришга муҳтож бўлади. Зеро, ваҳий бу нурдир. У инсон билан унинг Яратувчиси ўртасида воситачилик вазифасини ўтайди. Ушбу нур бўлмаса, инсон Раббисига бўлган йўлни тополмай қоронғуликларда адашиб қолади.

Тасаввур қилайликки, бир инсоннинг кўриш қобилияти бениҳоя кучли. Агар у қоп-қоронғу хонага кириб қолса, кўзи бирон нарсани кўра оладими? Шу вазиятда унинг кўзи ожиз кишидан бирор фарқи бўладими? Нурсиз кўриш қуввати энг кучли бўлган кўзнинг қандай қиймати қолади? Кўз нарсалар билан ўзи орасида воситачилик қиладиган ёруғликсиз бирор қийматга эга бўлмаганидек, ақл ҳам ўз олдидаги йўлини ёритувчи ваҳийсиз ҳеч қандай қийматга эга эмас.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Кўринмас устунлар