Мамлакатимизда қурилиш соҳасида сейсмик хавфсизлик ва зилзилабардошликни таъминлашга қаратилган янги чора-тадбирлар ҳақида муҳим хабар эълон қилинди. Президент фармони лойиҳасига кўра, эндиликда давлат назорати ва бошқаруви янада такомиллаштирилади.
Ҳужжатда Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва Адлия вазирлигининг таклифлари қўллаб-қувватланди. Унга биноан, объектларни тезкор – Fast-track усулида қуришга рухсат бериш амалиёти тўлиқ бекор қилинади. Мақсад – қурилиш жараёнларини тўлиқ назорат қилиш ва хавфсизликни кафолатлаш.
Янги қоидалар ва ҳуқуқий асослар яратилади
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги биргаликда тегишли қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш бўйича лойиҳалар тайёрлайди. Бу ўзгаришлар қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
-
Қурилиш регламентлари, миллий меъёрлар ва смета-ресурс нормаларининг аниқ ҳуқуқий мақомини белгилаш.
-
Мастер-режаларнинг ҳуқуқий мақоми ва унга амал қилмаганлик учун жавобгарлик чораларини жорий этиш.
-
Объектларнинг мураккаблик ва сейсмик хавф категорияларини уйғунлаштириб, ягона тоифа шакллантириш ва уни ҳукумат қарори билан тасдиқлаш.
-
Капитал қурилишда харид ҳужжатларини тайёрлаш фаолиятини лицензия талабидан чиқариш.
-
Лойиҳа ва смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш лицензияси муддатини объект хавфлилик даражасига кўра белгилаш.
Лицензия тартибини кучайтириш
Янги тартибга кўра, агар лицензия талаблари бузилса, Қурилиш вазирлиги ташкилот лицензиясини олти ойгача тўхтатиб қўйиши мумкин. Шунингдек:
-
Агар юридик шахснинг лицензияси бекор қилинса, таъсисчилар ва раҳбарлар бир йил давомида янги лицензия ололмайди.
-
Лицензия олишда штатда ёки ўриндошлик асосида ишлайдиган мутахассисларга аниқ талаблар қўйилади: компетенция сертификатлари, амалга оширилган ишлар портфолиоси ва лицензия тоифасига мос малака.
Муаллифлик назорати кучаяди
Лойиҳачининг муаллифлик назорати ҳам самаралироқ бўлади. Эндиликда назорат муҳандисини аниқ белгилаш ва назорат шартномасини алоҳида расмийлаштириш талаб этилади. Бу қурилиш жараёнида ҳар бир босқичда аниқ масъул шахс бўлишини таъминлайди.
Мутасаддилар таъкидлашича, ушбу чоралар нафақат қурилиш сифати ва хавфсизлигини оширади, балки фуқароларнинг ҳаёти ва мулкини табиий офатлардан ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади. Шу билан бирга, янги тизим инвесторлар ва пудратчилар учун ҳам аниқ ва адолатли қоидаларни белгилаб беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!