Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқалари янги босқичга кўтарилиши мумкин. Хитойнинг “Алашанкоу” эркин савдо зонасидаги масъуллар маълум қилишича, икки давлат ўртасида ҳозирча асосан қуритилган мевалар ва товуқ оёқчалари экспорти амалга оширилаётган бўлса-да, бу салоҳият ҳақиқий имкониятларнинг бир қисми, холос.
8 август куни Ўзбекистон делегацияси Хитой ва Қозоғистон чегараси яқинида жойлашган “Алашанкоу” эркин савдо зонасига ташриф буюриб, у ердаги имкониятлар билан яқиндан танишди. Алашанкоу шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шу Шенг Чианг таъкидлашича, мазкур иқтисодий зона 2011 йилда “Бир макон — бир йўл” ташаббуси доирасида ташкил этилган бўлиб, у орқали Хитойдан Европага ва Марказий Осиё мамлакатларига, жумладан, Ўзбекистонга турли маҳсулотлар етказиб берилади.
Бу ерда тадбиркорлар учун божхона расмийлаштируви, сертификатлаш, логистика ва маҳсулотларни сақлашдан тортиб, қадоқлаш ва юклашгача бўлган кенг қамровли хизматлар кўрсатилади. Ҳозирда иқтисодий зонада йирик омборлар фаолият юритмоқда. 2024 йилда фақатгина поезд орқали 7684 та ташиш амалга оширилган, бу эса 2023 йилга нисбатан қарийб 16 фоизга кўп. Шу билан бирга, хориждан кирган 40 миллион тонна маҳсулот Хитой ҳудудларига етказилган.
Шу Шенг Чианг Ўзбекистон билан ҳамкорлик масаласига алоҳида тўхталар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
— “Ўзбекистондан асосан қуритилган мевалар ва товуқ оёқлари экспорт қилиняпти. Бу кўрсаткичлар икки мамлакат салоҳиятига мутлақо тўғри келмайди. Биз ўзбекистонлик тадбиркорлар билан шерикликни кенгайтиришга тайёрмиз. Масалан, биз асални ҳозирда Россиядан олиб келяпмиз. Билишимча, Ўзбекистон асали ҳам жуда ширин ва бозорда талаб юқори. Агар ўзбек тадбиркорлари асални замон талабларига мос қадоқлаб экспорт қилса, биз улар учун Хитой бозоридан харидор топишга тайёрмиз”, — деди у.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси омборлар, юк тушириш ва қадоқлаш майдонларини кўздан кечирди. Мутасаддилар фикрича, асал каби юқори қийматли ва экспортбоп маҳсулотлар бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилса, икки давлат савдо айланмаси сезиларли даражада ортиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!