date

Сеулдаги дўконлар — ёлғизлик учун янги маскан

Сеулдаги дўконлар — ёлғизлик учун янги маскан
Жанубий Корея пойтахтида ижтимоий ёлғизлик муаммоси кучайиб бораётгани сабабли Сеул шаҳри март ойидан “меҳрибон дўконлар” лойиҳасини ишга туширди. Бу масканлар бепул иссиқ овқат, суҳбат ва дам олиш имкониятлари орқали ёлғиз яшовчиларни жамиятга қайта жалб этишни мақсад қилган. Дастлаб бир йил ичида 5 минг ташрифчи кутилган бўлса, бир неча ой ичида бу кўрсаткич 20 мингдан ошди.

Донгдемун туманидаги филиал кунига ўртача 70–80 нафар ташрифчини қабул қилади. 2022-йилги тадқиқотга кўра, Сеулда 19–39 ёш оралиғида 130 мингга яқин ёш киши ижтимоий ёлғизлик муаммоси билан яшайди. “Меҳрибон дўконлар” уй меҳмонхонаси каби қулай муҳит яратади: фильм томоша қилиш, массаж креслосида дам олиш, иссиқ рамён тайёрлаш имконияти мавжуд.

Мутахассислар таъкидлашича, Жанубий Кореяда “ёлғиз ўлимлар” сони ошиб бормоқда. Лойиҳага масъуллар “дўкон” номини танлаб, уни руҳий ёрдам марказидан фарқлашга ҳаракат қилган. Бу, айниқса, психологик ёрдам олишга доир стигма мавжуд бўлган жамиятда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Дўконлар нафақат мулоқот майдони, балки совуқ ёки иссиқ мавсумларда кам таъминланганлар учун қулай иқлим шароитини ҳам таъминлайди. Мутасаддиларнинг айтишича, бу жойлар одамларнинг ёлғизлик ҳиссини енгиш ва жамият билан алоқани тиклашда самарали бўлиб бормоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Сеулдаги дўконлар — ёлғизлик учун янги маскан