Европа футболида ёзги трансферлар бозори ҳар доим қизғин баҳс ва музокараларга тўла бўлади. Айниқса, катта клублар ўртасидаги кураш ҳар бир мухлис учун алоҳида қизиқиш уйғотади. Ана шундай шов-шувли жараёнлардан бири “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” ўртасида содир бўлди.
Мадриднинг машҳур “қироллик клуби” ёзги трансферлар даврида “Сити”нинг марказий фигураларидан бири, жаҳон футболидаги энг ишончли ярим ҳимоячилардан бўлган Родрини жамоага олиб келиш учун бир неча марта ҳаракат қилди. Бироқ, бу уринишлар кутилган натижани бермади.
Шу билан бирга, “Реал” президенти Флорентино Перес бу ғоядан воз кечиш ниятида эмас. Испания терма жамоасининг етакчиси ва “Олтин тўп” соҳиби ҳисобланган Родри мадридликлар учун трансфер режасида асосий мақсад сифатида белгиланган.
Cadena Ser нашрининг ёзишича, Перес агар керак бўлса, ўйинчи билан бевосита ўзи, ҳеч қандай воситачиларсиз музокара олиб боришга тайёрлигини маълум қилди. Шу билан бирга, клуб раҳбари бу трансфер амалга ошиши учун Родрининг ўзи ҳам жиддий қадам ташлаши, яъни “Сити”дан кетиш истагини очиқ билдириши зарурлигини таъкидлади.
Бироқ “Манчестер Сити” ўзининг тажрибали ва стратегик аҳамиятга эга ўйинчисини қўйиб юбормоқчи эмас. Аксинча, улар Родрининг ҳозирги икки йиллик шартномасини яна узоқ муддатга чўзиш ниятида. Янги битимга кўра, испаниялик маҳоратли ярим ҳимоячи Эрлинг Холанддан кейин клубдаги энг катта маош оладиган иккинчи футболчига айланиши мумкин.
Родри Хосеп Гвардиола қўл остида 2019 йилдан бери ўйнаб келмоқда. Шу вақт мобайнида у “Сити” сафида турли турнирларда 265 та ўйинда иштирок этиб, 26 та гол урди ва 32 та ассист йўллади. Бу рақамлар унинг жамоа учун нақадар муҳим ва барқарор ўйинчи эканини яққол кўрсатади.
Мухлислар учун бу жараён албатта қизиқарли. “Реал”нинг бу интилиши яқин ҳафталарда янада қизиб кетиши мумкин. Савол эса битта — Родри келажакда қайси клуб сафида бўлади? Вақт ҳаммасини кўрсатади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!