00:14 / 10.12.2018
4 539

Япония ҳукумати нима учун 8 миллионта уйни арзон-гаров тарқатишга қарор қилди?

Япония ҳукумати нима учун 8 миллионта уйни арзон-гаров тарқатишга қарор қилди?
Уйлар тарқатилишининг сабаби

2018 йил ноябрда Япония ҳукумати мамлакатдаги ташландиқ уйларни қисқартириш дастурини амалга оширишни бошлади. Бунинг учун ҳукумат бу уйларни арзон нархда сотувга қўйишга ёки бепул беришга қарор қилди.

2013 йилги ҳисоботдаги маълумотларга кўра, Японияда 8 миллионга яқин ташландиқ уйлар (akiya) мавжуд ва уларнинг сони ўсиб бормоқда. Бу уйларнинг кўпайишига сабаб табиий офатлар, аҳолининг қариб бораётгани ва иримлардир.

Бундан ташқари, ёш японлар эгаси кексайиб вафот этган, ўзини ўлдирган ёки қотиллик содир бўлган уйларда яшашни исташмайди – бу ёмон аломат ҳисобланади. Мамлакатда ҳаттоки, “ўтмиши тоза” уйлар ҳақида маълумот берувчи махсус сайт ҳам фаолият кўрсатади.

Номура тадқиқот институтининг тахминига кўра, 2033 йилга келиб, ташландиқ уйлар сони 21,7 миллионтага етади: бу Япониядаги барча уйларнинг 30% идир. Тадқиқотчилар агарда бу ҳолат давом этадиган бўлса, ҳукумат янги уйлар қурилишини чеклашига тўғри келади деб ҳисоблашмоқда.

“Текин” уйга даъвогарлар нималарни билишлари керак?

Ташландиқ уйларнинг ҳаммаси ҳам бепул берилмайди, аммо ўта арзон нархда сотилади. Жараённи соддалаштириш учун махсус сайтлар — акийя-банкларда ташландиқ уйлар рўйхати берилган.

RethinkTokyo нашри уйнинг кўриниши ёққан бўлса ҳам уни дарҳол сотиб олмасликни маслаҳат беради. Уйни баҳолаш учун эксперт чақирган маъқул, акс ҳолда сотиб олинган уйдаги муаммони фақатгина бузиб ташлаш орқали ҳал қилиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, уй яшашга яроқсиз бўлса ҳам унинг учун солиқ тўлашга тўғри келади.

Уйлардаги асосий муаммолар термитлар, сув оқиши ёки вентиляциядаги носозликлар билан боғлиқ.

Уйда катта муаммолар бўлмаган тақдирда ҳам уни қисман ёки тўлиқ таъмирлашга тўғри келади. Янги уй эгасига уч квадрат метр жойни таъмирлаш 7100 доллар атрофида тушиши мумкин.

Айрим ҳолларда ҳукумат уйни тиклашни истаганларга субсидия ажратиши мумкин, аммо бу уйнинг қаерда жойлашганига боғлиқ.

Акийяни сотиб олиш ўрнига, уни 25-30 йил давомида сотиб олиш ҳуқуқи билан узоқ муддатга ижарага ҳам олиш мумкин. Бу ойига 440 долларданга тушади.

Аввалги эгаси банкротга учраганидан сўнг ҳукумат ёки банк олиб қўйган уйларни сотиб олиш тавсия этилмайди. Бундай уйлар жиноий гуруҳлар фаолиятига алоқадор бўлган бўлиши мумкин.

Уй сотиб олувчига алоҳида талаблар қўйилмайди: уйни маҳаллий аҳоли ҳам, чет элликлар ҳам сотиб олиши мумкин. Аммо уй сотиб олган хорижликларга фуқаролик берилмайди, Японияда вақтинча яшаш учун эса ишга ёки ўқишга кириш, мамлакат фуқароси билан турмуш қуриш ёки қочоқ мақоми талаб қилинади.

Уйни қандай топиш ва олиш мумкин?

Ҳозирча Япониядаги барча акийялар ҳақида маълумот берувчи ягона сайт мавжуд эмас: кўплаб шаҳарлар ўз сайтларини ишга туширган. Сайтлар орқали бундай уйларни топиш учун япон тилини билишга тўғри келади.

Уйга эга бўлишнинг энг яхши йўли эса шаҳар маъмуриятига мурожаат қилишдир: аксарият уйлар ҳақидаги маълумотлар интернетга жойлаштирилмаган ва улар ҳақида фақат маъмуриятдан маълумот олиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Япония ҳукумати нима учун 8 миллионта уйни арзон-гаров тарқатишга қарор қилди?