date
views 3 895

Сингапурнинг мусулмонлар мавзеси (фото)

Сингапурнинг мусулмонлар мавзеси (фото)
Мазкур орол-давлатнинг исломий ўтмиши билан Кампонг Глам мавзесида танишиш мумкин: бу ер ўзига хос тарихий-маданий мажмуага айланган.

Сингапур аллақачондан бери Жануби-Шарқий Осиёга ёки Австралия ва Янги Зеландияга амалга ошириладиган узоқ парвозлар учун энг мақбул транзит нуқтаси ҳисобланиб келади. Ушбу шаҳар ихчамлиги туфайли қисқа тўхтаб ўтишлар пайтида меҳмонларнинг иложи борича кўпроқ фойда олишларига имконият беради.

Сингапурнинг жўғрафий рангбаранглиги ва космополитизми ҳам пазандалик, ҳам тарих борасида энг нозик таъб эгаларининг талабларига жавоб беради. Сингапурнинг мусулмонлар жамоаси ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, бу икки йўналишни ўзаро уйғунлаштиришингиз айни муддао бўлади.

Агар вақтингиз кам бўлса, энг яхшиси, уни “Макан Макан” деб номланган уч соатлик яёв экскурсияга сарфлаганингиз маъқул. Мазкур экскурсияда асосий эътибор Камконг Глам мавзесига қаратилган.

Экскурсия аэропортдан 40 дақиқалик масофадан – Малай маданий мерос марказидан бошланади.
Эрталаб соат ўнда, шаррос ёққан ёмғирдан кейин бу ерга келганимда, равоқсимон дарвозалар ортидаги зираворлар боғининг ўткир ҳиди гуп этиб димоғимга урилди.

Таниш бир ҳид эътиборимни тортди. Турфа хушбўй ўсимликлар – мовий занжабилу дафна, куркумаю мурч – орасида ёввойи қизил гул бутаси бори эди. Мен япроқчасидан олиб, чуқур ҳидлайман: қалампирмунчоқ шу заҳоти Абу-Дабидаги мен севган чойхонани ёдга солади.
“Ҳозир биз бу ерни зираворлар боғи деб атаймиз, – дейди менинг қувноқ гидим Абдул Раҳим. – Бироқ 700 йил аввал араб дўстларимиз уларни олтинга тенг деб ҳисоблаган”.

Зираворлар нафақат Сингапур ошхонасининг асосини ташкил этади, балки мамлакатдаги исломий мероснинг манбаларини англашда энг муҳим ролни ўйнайди. Жануби-Шарқий Осиёдаги қўшнилари сингари Сингапур ҳам Исломга савдо-сотиқ орқали келган.

Сингапурнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги қулай транзит нуқта сифатидаги стратегик аҳамиятини англаган минтақанинг араб савдогарлари бу ерни Европага зиравор етказиладиган жой сифатида кўрар эдилар.

Абдул Раҳимнинг айтишича, бу анчагина катта фойда келтирадиган иш бўлганидан одамларнинг бошини айлантириб қўйган эди.

“Араб савдогарлар ҳар сафар Европага зираворлар юкланган учта кема жўнатар эди. Улар бир ёки иккита кема қароқчилар ёхуд ёмон об-ҳаво туфайли Европагача етиб бормаслиги билишар эди. Бироқ битта кеманинг манзилга етиб бориши араб савдогарларининг умр бўйи беками кўст яшашини англатар эди”, – дейди гид.

Экскурсия доирасида Абдул Раҳим бизни бир пайтлар минтақа бойлари малай жамоаси аъзолари билан қариндош тутинишга ва савдо расталарини очишга қарор қилган мавзега – Кампонг Гламга олиб борди. Бу ер аввалига турли-туман хизматларни кўрсатувчи сершовқин расталар ва корхоналар макони сифатида таассурот уйғотди.

Бироқ яқин ўтмишда мавзенинг асосий даромадини зиёрат фирмалари келтирар эди. 1960 ва 1970 йилларда минтақадаги мусулмонлар ҳажга айнан Сингапурдан йўл олишар эди.

Кампонг Глам барча эҳтиёжларингизни қондирувчи универсал савдо нуқтаси: оқ либосу, Қуръон ва тасбеҳлар, йўл кўрсаткичлар бу ерда маъқул нархда сотилар экан.

Бир пайтлар зиёрат фирмаларининг катта қисми жойлашган тор йўлга жуда кўп зиёратчилар келгани учун у Ҳажи-Лейн – Ҳожилар тор кўчаси деб номланган.

“Отам менга бу кўчанинг оққа бурканишини айтган эди, – дейди пешин намозига бориш учун матолар сотиладиан кичикроқ дўконини ёпаётган 36 ёшли Карим. – Ҳозир бу ер аввалгидай гавжум эмас, бироқ ўзига хос ажиб руҳи бор деб ўйлайман”.

Бошқа кўчаларга ҳам амалий нуқтаи назардан ном берилган, масалан, Араб-Стрит (Араб кўчаси) номи Яқин Шарқ ва Ямандан келган савдогарлар билан боғлиқ. Ҳозир бу ерда чехларнинг чакана савдо тармоғи жойлашган. Кейинги кўчалар машҳур мусулмон шаҳарларнинг номи билан аталади: Қандаҳор, Басра ва Бағдод.

Беш йил муқаддам Ўмон султонлиги пойтахти шарафига Маскат деб номланган кўчанинг алоҳида ўрни бор. Мен бу ерга душанба куни келганим сабабли бир қанча араб ритейлерлари жойлашган кўча нисбатан сокин эди. Бироқ жума куни туш пайтида келсангиз, қанчалар гавжум бўлишини кўрасиз: “Султон” масжидига асосий киришлардан бири айнан шу ерда жойлашган.

Мазкур масжид 1842 йилда, малай ҳукмдори Шоҳ Султон Ҳусайн даврида қурилган. Ҳозирги биноси эса 1932 йилда ирландиялик меъмор Дэнис Сэнтрининг лойиҳасига кўра барпо этилган.
Масжид ташқарисини айланар эканман, пиёз рангидаги гумбазининг асосини ранги ўчган қимматбаҳо тошлар ўраб олганини кўрдим.

“Ундай эмас, – деди Абдул Раҳим. – Аслида булар овқат учун ишлатилган қайлалар сақланган шиша идишлар, уларни халқ йиғиб берган. Бунинг маъноси шуки, ҳукмдорлар юқорида бўлади, лекин халқнинг қўллови билан”.

Бошқа тижорат мавзелари сингари Кампонг Глам ҳам юксалишлар ва пасайишларни бошидан кечирди. Ҳозирги дўкондорларнинг айтишича, саккиз йил аввал бошланган жаҳон молиявий инқирози туфайли келиб чиққан пасайиш ортда қолди.

Уд билан савдо қилувчи Шайх Абдулланинг айтишича, эндиликда Кампонг Глам сайёҳлик марказларидан бири сифатида кўрилмоқда. Диққатга сазовор жойларни кўриш учун бу ерга келувчи сайёҳлар бизнес эгалари учун янги имконият демакдир.

“90-йилларда барча дўконларда ишлар яхши бўлган, биз худди пул босар эдик, – дейди у. – Ҳозир ишлар ёмон томонга ўзгарган, лекин бу ерга келаётган сайёҳлар бизни бошқача ўйлашга мажбурламоқда. Бу биз, Сингапур мусулмонлари учун нафақат маҳсулотимизни сотиш, балки тарихимиз ҳақида сўзлаб бериш учун имконият ҳамдир. Бу энг камида мени ҳаяжонга солади”.
Саид САИД

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сингапурнинг мусулмонлар мавзеси (фото)