Дунё олимлари аниқлаган «Қора туйнук»лар илк бор Қуръонда қайд этилганми?

  • 06 апрель 2019, 07:45
  • 1 683
  • Дунё
  • Дунё олимлари аниқлаган «Қора туйнук»лар илк бор Қуръонда қайд этилганми?
    Бутун дунё илм-фани бугун оламга коинотнинг қора рангдаги сири ҳақида жар солмоқда. Фалаккиёт илми билан машғул олимлар, фан арбоблари, академиклар, физиклар, астраномлар коинотдаги юлдузларнинг «лаҳади» ҳақида минглаб исботлар, далиллар, энг сўнгги компьютер технологиялари билан ҳисоб-китоб қилинган рақамларни келтиришмоқда.

    «Қора туйнук» номи сингари қора фалаккиётнинг ажали ҳақида сиз нималар биласиз, нималар эшитгансиз билмадиму, ХХ – ХХI аср олимлари «кашф» қилаётган «Қора туйнуклар» ҳақида ислом динининг муқаддас китоби Қуръони Каримда тўхталиб ўтилган десак, ишонмаслигингиз мумкин. «Қора туйнуклар» ҳақида ислом динининг муқаддас китобида нималар битилганки, ҳали ҳамон дунё олимларининг тавба – тазарру қилишига, Яратганнинг Ягона зот эканлигига имон келтиришларига сабаб бўлмоқда. Ислом ва инсон. Қай бири ҳақликдан дарак беради. Дунё олимлари қай даражада ҳақ? Қуръонда зикр қилинган «юлдузларнинг ботиш жойи» ва «Қора туйнуклар» нинг қай даражада алоқаси бор.

    Мақолани охиригача ўқинг. Биз фандан қай даражада хабардормиз? Динданчи?..

    Аввало, коинотдаги «Қора туйнук»лар нима? Улар қандай ҳосил бўлади? Шу ҳақида батафсил тўхталиб ўтсак.

    Дунёнинг энг кучли астрономлари томонидан тахмин қилинган, назарий билимлар билан асослаб берилган объектлар орасида энг ваҳималиси, энг ғайритабиийси ва қўрқинчлиси «Қора туйнук»лар бўлса керак. Буни унинг номидан ҳам билса бўлади. «Қора туйнуклар» фанга кириб келганига унчалик кўп бўлмади. Ўтган асрнинг ўрталарида ҳатто унинг борлиги ҳақидаги фаразларга ишонадиган одамлар анқонинг уруғидек эди. Хўш, «Қора туйнуклар» ўзи нима? Улар қандай пайдо бўлади?

    Бутун олам тортишиш қонунига биноан, Коинотдаги исталган иккита улкан массали жисмлар орасида ўзаро тортишиш кучи мавжуд бўлади. Ушбу гравитацион тортишиш сабабидан Ер Қуёш атрофида айланади. Умумий нисбийлик назарияси эса бизни ушбу кўринишдаги Қуёш-Ер системасига бошқачароқ ёндошишга мажбур қилади. Ушбу назария уқтириш беришича, Қуёш сингари фавқулодда улкан массали жисмнинг яқин атрофида замон-макон уйғунлиги, яъни, фазо-вақт структураси эгриланади (қийшаяди) ва ўзининг равонлигини йўқотади. Бу ҳолатни, юпқа мато, айтайлик, оддий аёллар рўмолини тўрт томонидан таранг қилиб тортиб боғланган ва ўртасига оғир шар, масалан, боулинг шари қўйиб қўйилган вазият билан ўхшатиш мумкин. Шарнинг оғирлиги сабабидан рўмол матоси шар яқинида ғижимланиб, букилиб, пастга (ичкарига) ботиб туради. Қуёш ҳам худди шу тарзда, ўз яқин-атрофидаги фазони эгрилантиради. Энди тасаввур қилинг, юқорида таклиф этилган мисолдаги оғир шарнинг массасини борган сари орттириб бораверамиз. Бунда фақат ва фақат масса ортади, лекин шарнинг геометрик ўлчамлари ўзгармай қолади. Масса ортиб боравергач, рўмол матоси ҳам борган сари чўкиб, чуқурроқ ботиб боради. Охири вазият нима билан тугайди?

    Албатта, оғирлиги кескин катталашиб кетган боулинг шари ўзи турган рўмолнинг таранглигини юмшатиб-юмшатиб бораверади ва оқибатда рўмол уни ўраб, атрофига ёпишиб боради. Энг охирида, шарнинг ҳамма томонидан рўмол тўлиқ ўраб олади ва шарнинг ўзи жисмонан кўринмай қолади. Чунки, у ўзи ботиб турган матога бутунлар ўралиб қолди. Реал оламда ҳам материянинг массаси фавқулодда улканлашиб кетиши натижасида шунга ўхшаш жараён юз беради. Материя етарлича масса ва зичлик йиғиб олгани ҳамоноқ, ўз атрофидаги замон-макон матосини ўраб олади ва бояги объект Коинотнинг қолган қисми билан алоқани йўқотади. Яъни, у кўринмас бўлиб қолади. Қора туйнуклар шу тарзда вужудга келади.

    Энди динга тўхталамиз…

    Қуръони карим инсон фикрини, зикрини, саъиҳаракатини ягона ва тўғри йўлга солиб турадиган, инсонга қиёматгача дастури амал бўлган китоб – Оллоҳ таолонинг ҳикматидир.

    «Воқеа» сураси: Фало уҳсиму би мавоҳиʼ ун—нужум,- деб бошланади.

    Яъни: Ботган юлдузларнинг жойларига қасамки…

    Сўнг оят жуда қизиқ жумла билан давом эттирилади:
    Ва иннаҳҳу ло қасаму лав таъламуна аъзим…
    Ва иннаҳҳу ло қасаму лав таъламуна аъзим

    Бу оят келтирилган сура «воқеа»нинг маъноси «мудҳиш ҳодиса»дир. Энди ер юзининг ман-ман деган физикларидан: «Коинотда энг мудҳиш ҳодиса нима?» – деб сўранг, оладиган жавобингиз битта «бу -қора туйнук»лар бўлади. Қора туйнуклар – бу қазоси етиб, ботиб кетган, ғойиб бўлган, йўқолган юлдузларнинг жойлари, мавқеъларидир.

    Бу воқеа физик маънода бир гравитацион шок (жозиба туфайли ўпирилиш)дир. Айни чоғда Эйнштейнинг талабаларидан Аубен Хелмер ва Шнейдер коинотдаги мувозанатни ўзаро бир-бирига боғлиқ икки ҳодисага боғлайдилар:

    - Термоядровий кенгайиш.
    - Қора туйнуклар.

    Бу туйнуклар атрофидан (яқинидан) ўтган ҳар қандай моддий борлиқ – юлдуз, нур – йўқ бўлмоқда, ақл бовар қилмас жозиба томонидан ютилмоқда. Ҳатто вақт ҳам бу нуқта яқинида тезлашади, унда суръатланиш юз беради, сўнгра у ҳам ютилиб, йўқ бўлади.

    Хуллас, «Воқеа» сурасида Оллоҳ бир неча ояти каримада бу ҳақиқатни намунага келтириб, далил қилиб(қасам) маҳшарни таърифлайди:

    Ботган юлдузларнинг мавқеъларига қасамки, Ва бу, нақадар улуғ қасамлигини билсайдинглар…

    Ҳақ-таоло бу оятда: «Бу нақадар улуғ қасамлигини билсайдинглар , — дер экан, шундай қилиб, хилқатнинг буюк қонунига ишора қилгандир. Ҳа, бу оят ҳақиқатан коинотнинг энг тушунарсиз сирларидан бирини очиқ мўъжиза сири доирасида баён этгандир.

    Биз сизга диндан сабоқ бермоқчи эмасмиз. Шунчаки, савол бермоқчимиз, холос: Сиз ростдан ҳам кўп нарса биласизми?..

    Технологиялар қай даражада ривожланмасин, дунёда олам ва одам билимларига боғлиқ бўлмаган ғайриоддий ҳодисалар талайгина. Биз буларни ўрганиш билан ҳайрат оламига шўнғиб бораверамиз…


    Манба: Hordiq.uz

    » » Дунё олимлари аниқлаган «Қора туйнук»лар илк бор Қуръонда қайд этилганми?