Юртимизда қонунийлик ва адолатни таъминлаш, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш борасида яна бир муҳим қадам ташланди — Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан, адлия катта маслаҳатчиси Жаҳонгир Жўраевич Ҳотамов бош прокурор ўринбосари — Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди.
Жаҳонгир Ҳотамов сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари сифатида фаолият олиб борган, бугунгача мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот тизимида турли масъулиятли вазифаларни сидқидилдан бажарган. У 2016–2017 йилларда Жиззах вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, 2017–2018 йилларда эса Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат қилган. 2018 йил февралидан 2020 йил октябрига қадар Хоразм вилояти прокурори, 2020–2022 йилларда эса Наманган вилояти прокурори сифатида фаолият кўрсатган. 2022 йил февралидан 2023 йил августигача Самарқанд вилояти прокурори лавозимида ишлаган.
Маълумотларга кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига 2023 йил октябридан бери Шамсиддин Соҳибназаров раҳбарлик қилиб келганди. 2024 йил бошида департамент фаолияти янада кучайтирилиб, унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида бош прокурор ўринбосари вазифасини ҳам бажариши белгиланган эди. Апрель ойида эса Соҳибназаров ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ бу маълумот расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган эди.
Жаҳонгир Ҳотамовнинг янги тайинлови мамлакатимизда қонунийликни таъминлаш ва иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!