date

Парвозда ичимлик ичиб ухлаш юракка салбий таъсир қиладими?

Парвозда ичимлик ичиб ухлаш юракка салбий таъсир қиладими?

Самолётда спиртли ичимлик истеъмоли ва ухлашнинг саломатликка жиддий таъсирини кўрсатувчи янги илмий хулосалар эълон қилинди. Германиялик олимлар олиб борган тадқиқотга кўра, паст ҳаво босими ва алкогол комбинацияси ухлаб ётган йўловчиларнинг юрак фаолиятига зўриқиш келтириб чиқаради.

Олимларнинг айтишича, парвоз пайтида кузатиладиган паст ҳаво босимида ичимлик қабул қилган одам ухлаб қолса, қондаги кислород миқдори камайиб, юрак уриши тезлашади. Бу ҳатто ёш ва соғлом инсонларда ҳам аниқ кузатилган.

“Бундай таъсир даражаси кутилмаган даражада юқори экан. Илтимос, парвоз пайтида алкоголдан воз кечинг”, – дейди тадқиқот муаллифларидан бири доктор Эва-Мария Элменхорст.

«Thorah»» журналида эълон қилинган мақолада, юрак хасталикларига эга йўловчиларда паст босим ва алкогол таъсири билан симптомлар оғирлашиши мумкинлиги таъкидланади. Бортда кенг тарқалган ичкилик истеъмоли ҳам бу хавфни кучайтиради.

Аэрокосмик тиббиёт бўйича Германия институти мутахассислари ҳам буни тасдиқлайди: “Самолётда алкоголли ичимликлар истеъмоли соғлиғида муаммоси борлар учун хавфли. Бундай вазиятнинг олдини олиш осон – парвозда ичимликдан тийилиш керак”.

Тадқиқот давомида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган 48 нафар иштирокчи икки кеча давомида иккита шароитда – уйқу лабораторияси ва баландлик камерасида кузатиб борилди. Улар ухлашдан олдин спиртли ичимлик истеъмол қилишди. Уларнинг юрак уриши ва қондаги кислород даражаси доимий назорат қилинди.

Доктор Элменхорст таъкидлашича, соғлом одамлар алкогол ва парвоз комбинациясидан кучли зарар кўрмаслиги мумкин, аммо олдиндан мавжуд хасталиклар бу вазиятда янада оғирлашади.

“Уйқу пайтида кислород даражаси жуда пасайиб кетди. Шунинг учун, ҳатто тўлиқ соғлом инсонлар ҳам самолётда спиртли ичимликлардан воз кечишлари керак”, – дейди у.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Парвозда ичимлик ичиб ухлаш юракка салбий таъсир қиладими?