Каталониянинг машҳур “Барселона” клуби ёзги трансферлар ойнасида ўз таркибидаги муҳим футболчилар келажаги бўйича аниқ қарор қабул қилди, деб хабар берди mundodeportivo.com. Клуб раҳбарияти ярим ҳимоячи Френки де Йонг, ҳимоячилар Эрик Гарсия ва Жюль Кунде билан янги шартнома тузиш мақсадида музокараларни бошлаб юборди.
Маълумотларга кўра, мазкур уч футболчининг жамоа билан амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнда ўз ниҳоясига етади. Шу сабаб, “Барселона” мутасаддилари уларни эркин агент сифатида йўқотмаслик учун барвақт янги битимга кўндириш ёки зарур ҳолда шу ёзда сотиш имконини кўриб чиқмоқда.
Франция терма жамоаси аъзоси Жюль Кунде клубнинг янги шартларини қабул қилган ва кейинги мавсумларда ҳам “Барса” шарафини ҳимоя қилишга тайёр экани айтилмоқда. Манбаларга кўра, раҳбарият нидерландиялик маҳоратли ярим ҳимоячи Френки де Йонг билан ҳамкорликни камида яна уч йилга узайтириш ниятида.
Экспертлар фикрича, ҳимоячи Эрик Гарсия ҳам жамоада қолишга мойил ва унинг келажаги тез орада аниқ бўлади. Клуб бу футболчиларнинг ҳар бирини сақлаб қолишга катта аҳамият қаратаётгани, келгуси мавсумда асосий куч сифатида кўраётгани таъкидланмоқда.
"Барселона" ўз футболчиларига ишонч билдириб, таркиб барқарорлигини таъминлаш ва янги мавсумда муваффақиятли старт олишга ҳаракат қилмоқда. Мухлислар эса жамоанинг катта мақсадлар сари йўналган режалари қандай самара беражагини қизиқиш билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!