
Анқара суди 2016 йил июлдаги давлат тўнтариши иши бўйича айбланаётган 24 кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу мазкур иш билан боғлиқ энг оммавий судлардан бири бўлди, деб ёзади Би-Би-Сига таяниб Kun.uz нашри.
Ҳукм ўқилган 24 киши – давлат тўнтаришига уринишда айбланаётганларнинг бир қисми холос. Мазкур иш бўйича жами гумонланувчилар сони 224 нафарни ташкил этади.
24 кишидан 17 нафари бир неча марталик умрбод қамоқ жазосини олди, деб хабар беради Онадўлу ахборот агентлиги. Суд уларни мамлакат конституциясини бузиш ва президент Эрдўғанни ўлдиришга уринишда айбдор деб топди. Уларнинг аксарияти собиқ ҳарбийлардир.
2016 йил 15 июлда бир гуруҳ ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганди. Исёнчиларни ҳисобламаганда 250 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши яраланганди.
Туркия ҳукумати айбланувчилар АҚШда яшайдиган мухолифатчи Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқадор деб таъкидлаб келади.
Гуленнинг ўзи эса давлат тўнтаришига уринишга алоқадорлигини қатъиян рад этади.
Эрдўғаннинг айрим тарафдорлари Туркиянинг амалдаги қонунлари изн бермаса-да, давлат тўнтаришига уриниш айбдорларини ўлим жазосига ҳукм қилишга чақирган.
Оммавий ҳибслар

Давлат тўнтаришига уринишдан буён ўтган вақт давомида Туркия ҳукумати 40 мингдан ортиқ кишини ҳибсга олди, яна 150 минг киши ишдан бўшатилди ёки четлатилди. Улар орасида ҳарбийлар, ўқитувчилар, полициячилар бор.
Уч мингдан ортиқ киши озодликдан маҳрум қилинди.
Давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича суд жараёнлари камида 2019 йил охиригача давом этади.
Айбланувчилар давлат тўнтаришига уринишга алоқадорликларини рад этишган ёки фақат буйруқ бажаришганини, аслида нима бўлаётганини билишмаганини айтишган.
Генераллар ва полковниклар

Махсус қўшинлар батальони қўмондони бўлган Мурод Қўрқмас фақат буйруқ бажарганини ва қўл остидагиларни армия бош қароргоҳини эгаллаш учун жўнатган бўлса-да, антитеррор операциясида иштирок этяпман деб ўйлаганини таъкидлади.
Генерал Аҳмад Бижан Киркер оқлов ҳукмигагина рози бўлишини билдирди.
Генерал Гўкхон Шаҳин Сўнмасоташ давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганини тан олган ягона айбланувчи бўлиб, Фатҳуллоҳ Гулен ҳаракатига алоқаси борлигини рад этди.
Уларнинг барчаси 2016 йилдан буён эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганди.
Давлат тўнтаришига уриниш чоғида исёнчи ҳарбийлар армия бош қароргоҳини эгаллаб олган ва бош қўмондон ҳамда қатор генералларни гаровга олган.
Улар шунингдек, Эгей денгизи соҳилидаги виллада дам олаётган президент Эрдўғанни ҳам қўлга олишга уринишган. Аммо давлат тўнтаришига уриниш тўғрисидаги хабар Эрдўғанга етиб борган ва у виллани исёнчилар етиб келишидан 15 дақиқа аввал тарк этган.
Туркияда мазкур иш билан боғлиқ ҳибсга олишлар давом этмоқда.
Танқидчилар бўлиб ўтаётган суд жараёнларини адолатли деб атаб бўлмаслигини таъкидлашмоқда.
Ҳукумат нафақат тўнтаришга уриниш етакчиларини, балки ўша пайтда хизматда бўлган ва исённи тўхтатишга фаол уринмаган ҳарбийларни ҳам ҳибсга олмоқда.
Бундан ташқари, Гуленнинг ғояларини тарқатишда айбланаётган ўқитувчилар ҳам ҳибсга олинмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар