Instagram ўсмирлар хавфсизлиги учун янги фильтр ишга туширди

Instagram 18 ёшдан кичик фойдаланувчилар учун контентни ПГ-13 рейтинги асосида филтрлайдиган янги чекловларни жорий этмоқда. Ушбу созламаларни ўзгартириш фақат ота-она ёки васийнинг рухсати билан мумкин бўлади, “Чекланган контент” филтри эса айрим постларни кўриш ва уларга изоҳ қолдиришни тақиқлайди. Instagram 2026 йилдан бошлаб бу ҳимояни сунъий интеллект чатларига ҳам татбиқ этишни режалаштирган.
Instagram ўсмирлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги чекловларни жорий этмоқда, деб хабар берди TechCrunch. Эндиликда 18 ёшдан кичик фойдаланувчилар учун контент PG-13 рейтинги асосида фильтрланади — яъни улар зўравонлик, уятсиз саҳналар ёки гиёҳванд моддалар билан боғлиқ материалларни кўра олмайди.
Компания маълумотига кўра, бу созламаларни фойдаланувчининг ўзи мустақил равишда ўзгартира олмайди — фақат ота-она ёки васийнинг рухсати билангина ўзгартириш мумкин.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқ “Чекланган контент” номли янада қатъий фильтрни ҳам ишга туширмоқда. У ўсмирларга муайян турдаги постларни кўриш ёки уларга изоҳ қолдиришни тақиқлайди.
Instagram 2026 йилдан бошлаб бу фильтрни сунъий интеллект (AI) чатларига ҳам татбиқ этишни режалаштирган. Яъни ёш фойдаланувчи AI билан мулоқот қилганида, у ҳам ёшга мос бўлмаган контентни кўрмайди.

Компания шунингдек, ўсмирларни ёшига мос бўлмаган контент жойлайдиган аккаунтлардан ҳимоя қилади. Агар 18 ёшгача бўлган фойдаланувчи шундай саҳифага обуна бўлса, у бу аккаунтнинг постларини кўролмайди, улар билан мулоқот қила олмайди ва бу саҳифалар тавсиялар рўйхатидан ҳам чиқарилади.
Ҳозирча янгиланишлар АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Канадада амалга оширилмоқда. Компания маълум қилишича, келаси йилда ушбу функциялар бутун дунё бўйлаб жорий этилади.






























Изоҳлар 0
…