18:30 / 20.09.2019
3 586

Рим ҳазораси (цивилизацияси) қандай эди?

Рим ҳазораси (цивилизацияси) қандай эди?
Рим табобати
Римликлар тиббиётни юнонлардан ўрганган бўлсалар-да, кейинчалик улардан ўзиб кетишади. Рим атрофида ботқоқликлар кўп экани, боз устига аҳоли маишатпараст бўлгани учун касаллик даражаси юқори эди. Аввалига касалликларга афсунгарлик билан курашиб кўришган, бут-санамларга қурбонликлар қилиб шифо сўрашарди. Бундан натижа бўлавермагач (бўлмайдиям-да) амалий ҳаракатлар бошланди.

Император Веспасиан даврида ўқув даргоҳларида тиббиёт факультетлари очилиб, малакали табиблар дарс бера бошлади. Дарслар юнон тилида ўтилар, дорилар номи лотин тилида ёзиларди. Олийгоҳ битирувчилари “Жумҳурия табиблари” деб номланарди. Битирувчилар қонуний табиб ҳисобланиб, фаолият бошлаши мумкин эди.

Тиббиёт давлат назоратида бўлиб, нотўғри даволаш оқибатида беморнинг ўлимига сабабчи бўлган табиблар қаттиқ жазоланарди. Шу тариқа малакали табиблар сони ортиб борди (Уильям Дююрант. “Қиссатул хазора”).

Милодий 100 йилда ҳарбий тиббиёт чўққига чиқди. Империя қўшинининг ҳар бир бўлинмасида 24 нафар жарроҳ хизмат қиларди. Зодагонларнинг шахсий табиблари бўлиб, камбағалларнинг тиббий таъминоти давлат зиммасида эди.

Тиббиёт соҳаси шундай тараққий этдики, ҳар бир касаллик бўйича мутахассислар етарли бўлган. Манбаларда келишича, Римда тишга пломба қўйиш имконияти ҳам бўлган. Олий табақага мансуб хонимлар орасида ҳомилани олдириш (аборт) кенг тарқалган, наркоз учун “атропин”дан фойдаланишган. Помпей шаҳри харобаларидан икки юзга яқин жарроҳлик асбоблари топилгани кўп нарсалар ҳақида далолат беради.

Суви илиқ булоқлар билан даволаш урф бўлган эди. Бундай булоқлар мавжуд минтақалар чинакам санаторияга айланиб кетганди. Силга чалинганлар Миср ва Шимолий Африкага юборилган. Олтингугурт тери ва юқумли касалликларга қарши қўлланилган. Доришунослар камёб дорилар сирини ҳеч кимга айтмаган, натижада мўмайгина даромад қилишган (Уильям Дюрант. “Қиссатул хазора”).

Ўша даврларда Римда тиббиёт фани бўйича машҳур биттагина котиб бор эди: Авл Корнейл Цеъс. Унинг ўзи табиб эмасди асли. У милодий эллигинчи йилларда деҳқончилик, ҳарбий юришлар, фалсафа, қонунчилик, тиббиёт каби барча фанларни ўз ичига олган китоб ёзади. Китобнинг асосий қисми бизгача етиб келмаган. Фақатгина тиббиётга оид қисми мавжуд. Китобнинг эътиборга молик томони шундаки, унда Гиппократ билан Гален орасидаги олти йиллик вақт орасида тиббиёт қай даражада бўлгани баён қилинган. Китоб соф лотин тилида ёзилган бўлиб, ундаги атамалар бугунги кунгача қўлланиб келинади (Уильям Дюрант. “Қиссатул хазора”).

Римда геометрия
Рим империясида йўлсозлик, ободончилик ишлари яхши ривожланган эди. Кемалар шаҳарга яқинроқ келиши учун каналлар қазилган, шаҳар тоза ичимлик суви билан таъминланганди. Денгиз соҳили девор билан ўралган бўлиб, оғир тошлар ва бошқа қурилиш моллари узоқдан келтириларди.

Император Клавдий (милодий 41 – 54 й.й.), Нерон, Троян даврларида қатор шаҳарларда бир неча портлар барпо қилинди, тоғларни кесиб қасрлар қурилди.

Йўлларнинг эни ўн олти қадамдан йигирма тўрт қадамгача бўлиб, четига ҳар хил тошлардан тўсиқлар қилинарди. Ўша даврлардаёқ Римликлар цементдан фойдаланишган. Иморатларига пишиқ ғиштлар ишлатган, тошлар чиройли қилиб терилган. Зодагонлар ҳашаматли қасрларда истиқомат қилишарди.

Рим кўприклари ўша давр илм-фани қанчалар гуллаб-яшнаганига далолат қилади. Тибр дарёси устига тўққизта кўприк қурилган. Ўша кўприклардан бири Фабриюсдан ҳозир ҳам фойдаланилади. Бу кўприк дунёдаги энг қадимийси бўлиб, у милодий 62 йилда барпо этилган.

"Ислом ва олам" китобидан

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рим ҳазораси (цивилизацияси) қандай эди?