16:46 / 25.12.2019
5 717

“Япон мўъжизаси”нинг сири нимада?

“Япон мўъжизаси”нинг сири нимада?
Давлатимиз раҳбари Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан, расмий ташриф билан Кунчиқар мамлакатда бўлди. Ташрифнинг эътиборли жиҳати сифатида икки давлатнинг ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги мақсадлари бир хиллигини ҳам қайд этиш лозим.

Айниқса, ишбилармонлик ва бизнес соҳасидаги тадбирларнинг натижалари алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бинобарин, Япониядаги етакчи компания ва банкларнинг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳамда ¬илғор технологияларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришилгани эътирофга лойиқ.

Бу лойиҳалар, энг аввало, Япониянинг илм-фан ва юқори технологиялар соҳасидаги илғор ютуқларини Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтиришга қаратилгани билан ҳам эътиборлидир.

Президентимизнинг Японияга ташрифи доирасидаги тадбирлар, музокараю учрашувларни кузатар эканмиз, ушбу мамлакат тараққиётининг муҳим асосларидан бири бўлган компания ва ташкилотларни бошқариш соҳасидаги ютуқлари борасида баъзи мулоҳазалар туғилди.

Япония иқтисодиётида, жумладан, илғор технологиялар, инновацион ишланмалар, илм-фанга асосланган ҳолда юқори сифатли, харидоргир товар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳаларида бугун эришилган ютуқлар дунёда “япон мўъжизаси” деб аталиши барчамизга маълум.

Бу нима дегани? “Япон мўъжизаси” — бу бошқариш тизимларининг ўзига хос ташкил этилиши ва ривожлантирилиши билан боғлиқ бўлиб, ташкилотларда ва умуман, жамиятда одамлар ўртасидаги ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатлар чуқур қарор топган, қадр-қиммат масаласи юқори даражада қадрланади.

Бу эса, ўз навбатида, ўзбек ва япон халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп эканидан, хусусан, миллий ва ахлоқий қадриятлар, бирдамлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат каби фазилатлар халқларимиз учун бирдек хос эканидан далолат беради.

Тўғри, Япония бошқарув тажрибаси назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам мутлақо янги, такрорланмас эмас. Аммо японлар бошқарув илми тамойилларини кундалик фаолиятида оддийгина қилиб қўлламоқда. Ютуқ — шунда! Мисол учун, иши юришмаган “Nissan” компанияси бош¬қарувини ўз қўлига олиб, 1-1,5 йил ичида инқироздан чиқара олган топ-менежер Карлос Горн ўзининг “Мен японлардан нимани ўргандим?” мавзуидаги чиқишида бир неча омилларни санаб ўтади. Жумладан, японлар олдига ўта мураккаб вазифа ва масалаларни қўймасликка интилади, устувор масалаларни аниқ белгилайди. Янгича фикрлайдиган, изланувчан ва ташаббускор кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва янгилаш асосида бошқариш (менежмент)ни мунтазам такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Албатта, оддий, бироқ кучли салоҳият, “темир” интизом, асл ватанпарварликка асосланган ана шундай қоидалар туфайли Кунчиқар юрт бугунги тараққиётга эришди.

Президентимизнинг расмий ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициялар ва бизнес соҳаларида эришилган келишув ҳамда шартномалар мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ривожида алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, Япония компанияларининг бошқарув соҳасидаги илғор тажрибалари юртимиз иқтисодиётига кенг жорий этилиб, оммалашишига ҳам жиддий туртки беради, деб ишонаман.

Абдурашид ТЎХТАБАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Япон мўъжизаси”нинг сири нимада?