
Германия пойтахти Берлинда воқеа тарихга кирди — маҳаллий аёл бир вақтнинг ўзида беш нафар болани дунёга келтирди. Бу ҳақда Telegrafi нашри маълумот берди.
Маълумотларга кўра, туғруқ сентябрь ойининг охирида мамлакатнинг энг йирик тиббиёт муассасаларидан бири — “Шарите” клиникасида амалга оширилган. Туғуруқ кесарча кесиш орқали ўтказилган ва унда 25 нафар шифокор иштирок этган. Аёл уч нафар қиз ва икки нафар ўғил болани дунёга келтирган.
Berliner Morgenpost газетаси ёзишича, ҳозирда она ва чақалоқлар соғлом, ўзларини яхши ҳис қилмоқдалар. Ҳозирча улар шифокорлар назоратида бўлиб турибди ва яқин кунларда уйларига чиқарилиши режалаштирилган.
“Шарите” мутахассисларининг таъкидлашича, беш нафар эгизакнинг туғилиши жуда ноёб ҳолат ҳисобланади — табиий йўл билан бу каби ҳомиладорлик 50 миллион ҳолатдан фақат биттасидагина учрайди.
Клиниканинг акушерлик бўлими мудири Волфганг Хенрих бу ҳақда шундай деди:
“Бундай туғруқлар ҳатто кўп йиллик тажрибага эга шифокорлар учун ҳам жиддий синов ҳисобланади. Бу фақат жисмоний эмас, балки жамоавий иш ва юксак масъулият талаб қиладиган жараён.”
Шунингдек, Германияда болали оилалар учун давлат томонидан кенг кўламли моддий ёрдам тизими ҳам мавжуд. У “Kindergeld” ёки “бола нафақаси” деб аталади. Бу нафақа фарзандли ота-оналарга ҳар ой автоматик равишда тўланади.
2024 йилдаги амалий меъёрларга кўра:
– биринчи ва иккинчи бола учун — ойига 219 евро,
– учинчи бола учун — 225 евро,
– тўртинчи ва ундан кейинги ҳар бир бола учун — 250 евро.
Ушбу тўлов бола 18 ёшга тўлгунча амал қилади. Агар у ўқишни давом эттираётган ёки иш излаётган бўлса, нафақа 21 ёшгача узайтирилиши мумкин.
Шу тариқа, Берлиндаги бу туғруқ нафақат тиббиёт жамоаси учун катта ютуқ, балки Германиядаги оилаларга бўлган эътибор ва қўллаб-қувватлашнинг яна бир ёрқин намойишидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!