
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда сиёсий беқарорлик ва давлат тўнтаришларига ўрин қолмаганини қатъий таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда республикада давлат тизими мустаҳкам, халқ эса кимни қўллаб-қувватлашини яхши билади, деб ёзди Kabar.kg.
«Давлат тўнтаришлари бўлмайди. Биринчидан, биз бунга йўл қўймаймиз. Иккинчидан, аввалгидек заиф давлат энди йўқ — энди биз кучли давлатмиз. Учинчидан, халқ тўлиқ англаб етган — ким ҳокимиятда бўлиши кераклигини, ким ҳақиқатан ишлаяпти, ҳаммасига баҳосини бермоқда», — деб ёзди президент Facebook саҳифасида.
Жапаров сўзларига кўра, ҳозир ҳам жамиятда баъзи “фитначи” гуруҳлар мавжуд бўлиб, улар халқни гиж-гижлашга, мамлакатда вазиятни нохуш кўрсатишга уринаётган экан. Президент бундай ҳаракатларни қоралаб, уларнинг мақсади — халқни алдаш ва сиёсий беқарорлик орқали ўз манфаатини ҳимоя қилишлигини айтди.
«Бу гуруҳлар таркибида мол-мулки ва пуллари давлатга ўтказилган коррупциячилар, давлат ресурсларини суистеъмол қилганлар, ҳамда амалдаги ҳокимиятдан четлатилган собиқ амалдорлар бор. Улар ҳали ҳам ўч олиш ниятида, лекин бу орзулари амалга ошмайди», — деди у.
Президент шунингдек, Қирғизистонда энди фақат меҳнат билан ютуққа эришиш мумкинлигини, ҳокимиятни эса “кўчада эмас, сайлов орқали” қўлга киритиш кераклигини таъкидлади.
«Бундан буён тўнтаришни фақат тушингизда кўрасиз. Талончилик ва ҳокимият учун курашиш даври тугади. Янги Қирғизистон — тинчлик ва қонун устуворлигига асосланган давлат бўлади», — деди Жапаров қатъий oҳангдa.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон сўнгги 20 йил ичида уч марта давлат тўнтаришини бошидан кечирган. 2005 йилда Асқар Акаев, 2010 йилда Курманбек Бакиев ва 2020 йилда Сооронбай Жээнбеков ҳокимиятдан четлатилганди. Шу билан бирга, бу жараёнлар мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётига катта зарба бергани маълум.
Жапаровнинг таъкидлашича, бугунги Қирғизистон бундай беқарорликка йўл қўймайди — чунки давлат институциялари кучайган, халқ эса тўнтаришлар орқали эмас, сайлов орқали ўз тақдирини белгилайдиган даражага етган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!