
Филиппин осмонини қоплаган “Фунг-Вонг” тайфуни мамлакат бўйлаб ҳақиқий хавф ҳолатини келтириб чиқарди. South China Morning Post ёзишича, у келаётган хавфли бўрон сабаб қарийб бир миллион фуқаро хавфсиз жойларга кўчирилди.
Расмий маълумотларга кўра, Лусон оролининг бир қатор ҳудудларида аллақачон кучли ёмғир ва шамол кузатила бошлаган. Тайфуннинг таъсирида сув сатҳи кескин кўтарилиб, электр таъминотида узилишлар рўй бермоқда. Ҳукумат тезкор равишда эвакуация марказларини фаоллаштирди.
Ҳаво шароити кескин ёмонлашгани туфайли мамлакат бўйлаб 400 дан ортиқ авиарейс бекор қилинди. Кўплаб мактаб ва ишхона фаолияти вақтинча тўхтатилди. Ҳозирда шамолнинг тезлиги соатига 230 километрга етгани қайд этилмоқда. Метеорологларнинг билдиришича, “Фунг-Вонг” бугун тунда Лусоннинг шарқий соҳилида жойлашган Аурора провинциясига етиб келиши мумкин.
Ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилиб, мамлакатнинг марказий ва жануби-шарқий ҳудудларида энг юқори — бешинчи даражадаги хавф огоҳномасини берди. Қутқарув гуруҳлари фаол равишда аҳолини эвакуация қилиш ва сув тошқини хавфи юқори бўлган ҳудудларни назоратга олган.
Айни пайтда, Филиппин ҳали ҳам бир неча ҳафта олдин ҳужум қилган “Калмаэги” тайфуни оқибатларини бартараф этиш билан банд. Ўша фалокатда 224 киши ҳалок бўлгани, минглаб хонадонлар вайрон бўлгани маълум қилинган.
Метеорологлар “Фунг-Вонг”нинг кучлилиги “Калмаэги”дан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда. Айрим ҳудудларда электр энергияси узилишлари, йўллар ёпилиши ва сув тошқинлари кутилмоқда.
Филиппин Осиё минтақасида тайфунлар энг кўп келадиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили ўнлаб бўронлар юрт аҳолисини синовга солади. Аммо бу сафарги “Фунг-Вонг”нинг куч даражаси ва йўналиши мамлакатни яна жиддий синов олдида қолдирмоқда.
Ҳукумат ва халқаро ташкилотлар томонидан аҳолига озиқ-овқат, ичимлик суви ва илк тиббий ёрдам воситалари етказиш ишлари жадаллаштирилган. Шундай вазиятда мамлакат фуқаролари бир ёқадан бош чиқариб, табиат синовини биргаликда енгиб ўтишга интилаётгани қайд этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!