
Тарихдан маълумки, мўғуллар ХIII асрда аббосийлар халифалиги ҳудудларини забт этиб, унинг пойтахти Бағдодни вайрон қилиш билан ислом дунёсига жиддий талафот етказган. Аммо мўғул ҳукмдорлари орасида исломни қабул қилиб, унинг ривожланиши учун ҳисса қўшганлари ҳам бор.
Беркахон (1209-1266) мўғуллар салтанатининг асосчиси Чингизхоннинг набираси ва унинг тўнғич ўғли Жўчининг учинчи фарзандидир. Жўчихон тажрибали саркарда эди ва у отасига Марказий Осиёни забт этишда катта ёрдам берган. Унинг тўрт хотини, ўн тўртта ўғли ва иккита қизи бор эди. Чингизхон босиб олган ҳудудларини улусларга ажратиб, ўғилларига бўлиб берди. Жўчи Чингизхондан олти ой олдин вафот этиб, у бошқараётган ғарбий хонлик тўнғич ўғли Ботухон қўлига ўтди. Беркахон акаси Боту вафот этганидан кейин Олтин Ўрда сифатида танилган хонликни мерос қилиб олди ва ҳудудни деярли мустақил равишда бошқарди.
Бугунги Қозоғистон ғарбидаги Саройчиқ шаҳрида Беркахон Бухородан келаётган карвонни учратади. У сайёҳлардан уларнинг эътиқодлари тўғрисида сўрайди, кейинроқ сўфий шайх Сайфиддин Боҳарзий гувоҳлигида исломни қабул қилади. Беркa исломни қабул қилган биринчи мўғул хони эди. Унинг укаси Туғ-Тимур ҳам исломни қабул қилган. Кўп жилдлик "Байбарс тарихи" асарининг муаллифи Рукниддийн Байбарс ўз китобида Беркахон қандай мусулмон бўлганини батафсил баён қилган.

Беркахоннинг жияни Ҳулоку ҳозирги шимолий Эронни бошқараётган даврда акаси Мунке томонидан Эрондан Мисргача бўлган ҳудудларни мўғуллар хонлигига қўшиб олиш тўғрисида кўрсатма олади. 1256 йилда Ҳулоку камида 100 минг кишилик қўшин билан юриш бошлайди. Қўшин исмоилийлар султонлигининг тоғли ерларига етиб бориб, бир йил ичида уларни таслим этади ва уларнинг етакчиси Рукниддийн Хуршоҳ асир олиниб, ўлдирилади. Кейин Хулоку Ироққа эътиборини қаратади ва халифа ал-Мустасимга мактуб юбориб, мўғулларга итоат қилишини талаб қилади. Буни халифа рад этади. Сўнг 1258 йил январда Ҳулоку қўшини Бағдодга келади. Мўғуллар икки ҳафта ичида шаҳарни эгаллаб олади.
Бир ой ўтгач, ҳалифа ал-Мустасим қатл қилинади. Олти асрдан кўпроқ вақтдан бери юксалиб келаётган шаҳар талон-тарож ва ер билан яксон этилади. Бағдоднинг кўплаб аҳолиси ўлдирилади.
Кўп ўтмай Ҳулоку Сурияга жўнаб кетди. Беркахон Бағдоднинг талон-торож қилингани, мусулмон аҳоли қириб ташлангани ва бошқа мусулмон шаҳарлар ҳам босиб олинаётгани ҳақида эшитиб, ғазабланади ва қасос олишга киришади.

Ҳулоку Беркахон қўшини босқинидан қўрққанидан Сурияда кичик гарнизонини қолдириб, Эрон томонга чекинади. 1260 йилга келиб, мўғуллар Суриянинг катта қисмини босиб олди ва Фаластинни забт этиш учун жанубга қараб ҳаракатга тушди. Мисрда ҳукмронлик қилаётган мамлуклар уларнинг енгилмас армиясини тўхтатди. Мамлук султони Кутуз ўзининг лашкарбошиларидан бири Байбарсни Фаластинга юборади. Мамлуклар мўғулларни мағлубиятга учратиб, шу билан мўғуллар истилосини тўхтатиб, ҳудудини кенгайтиришга чек қўйди. Мўғул қўмондони қўлга олиниб, қатл қилинди. Тез орада мамлуклар Фаластин ва Сурияни қайтариб олди.
Хулоку Фаластиндаги жангда қасос олмоқчи бўлиб урушга тайёрланаётган эди, аммо мамлукларга қарши тура олмади, чунки Беркахон Кавказ минтақасида Ҳулокуга қарши бир қатор ҳужумларни уюштиради. У ҳануз Бағдодда олиб борган юришларидан ғазабда эди. Беркахон ва Ҳулоку ўртасидаги ҳужумлар очиқ урушга олиб келади, зиддият янада авж олади, чунки иккаласи ҳам замонавий Хитой ва Мўғулистон ҳудудини ўз ичига олган Шарқий хонликни бошқариш учун бошқа номзодни қўллаб-қувватларди. Ҳулоку акаси Хубилайни қўллаб-қувватлар, Берка эса бошқа акаси Ариқбуғо тарафида эди. Иккала даъвогар ҳам урушда ўз тарафдорларига қўшилди, аммо жангда Ариқбуғо Хубилайга таслим бўлди. Урушда Ҳулоку ва Беркахон жиддий зарар кўрди.

Ариқбуғо шарқий хонликнинг хонига айланмаган бўлса-да, Беркахон Ҳулокунинг Мисрни ўз ичига олган Яқин Шарққа эгалик орзусини йўқ қилишга муваффақ бўлди. Ҳулоку 1265 йилда вафот этганида уруш ҳали ҳам давом этарди. Бир неча ой ўтгач, 1266 йилда Берка ҳам вафот этди. Ҳулоку ҳукмронлиги давомида Эронда мустаҳкамланишга муваффақ бўлди, унинг илхонийлар сулоласи 1335 йилгача Эронни бошқарди. Унинг ўринбосарлари исломни қабул қилди.
Беркахоннинг жияни Мангу Темур унинг ўрнига Олтин Ўрда хони бўлди. Берканинг Ҳулоку билан тўқнашуви унинг эътиборини мамлуклар салтанатига қарашига, хонлигининг янада кенгайишига чек қўйди ва мусулмон ўлкалар вайронага айланишининг олдини олди ва бошқа мусулмон шаҳарларни Бағдод бошидан кечирган жанглардан қутқарди.
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар