08:25 / 03.03.2020
5 175

«Поле чудес» асосчиси ўлдирилиши: Бутун Россия эфирлари тўхтатилишига сабаб бўлган машъум воқеа

«Поле чудес» асосчиси ўлдирилиши: Бутун Россия эфирлари тўхтатилишига сабаб бўлган машъум воқеа
Влад Листьев // фото: Global Look Press
Ўшанда иккинчи босқич талабаси эдим. Баҳорнинг илк кунлари… Талабалар ётоқхонасидаги телевизорда Россия каналларида фақат қора фонда Владислав Листьевнинг портрети, остига «ВЛАДИСЛАВ ЛИСТЬЕВ УБИТ» деган ёзув ёзиб қўйилган эди. Шу машъум воқеага ҳам чорак аср бўлибди.

Ўшанда журналист Листьев ОРТ (Общественное Российское Телевидение — Россия жамоатчилик телевидениеси, ҳозирги «Первый канал») директори сифатида иш бошлаганига энди бир ой бўлган эди.

1956 йилнинг 10 майида Москва шаҳрида туғилган Владислав Листьев кейинчалик Москва давлат университетининг журналистика факультетининг халқаро бўлимини тугатган. 1982 йилда ўқишни тугатгач, СССР давлат телерадио қўмитасининг бош пропаганда таҳририятига хорижий давлатларга радиоэшиттиришлар муҳаррири бўлиб ишга кирган.

1987 йилда у Марказий телевидениенинг ёшлар таҳририятига ишга ўтиб, «Взгляд» дастури бошловчиларидан бири бўлади. «Взгляд» дастурининг муваффақиятидан илҳомланган Листьев ва унинг ҳамкасблари «ВИD» («Взгляд И Dругие») телекомпаниясига асос солишди. Бу комапния ҳануз «Первый канал» учун айрим теледастурларни тайёрлаб келмоқда.

Листьев 1991 йилдан «ВИD» телекомпаниясининг бош продюсери, 1993 йилнинг октябридан унинг президенти бўлади. «ВИD» телекомпаниясида ишлаган вақтларида Листьев «Поле чудес» («Мўъжизалар майдони») капитал-шоуси, «Тема» («Мавзу») ва «Час пик» («Тиғиз вақт») каби телекўрсатувлар муаллифи ва бошловчиси бўлди. Шунингдек у «Звёздный час» («Юлдузлик соати»), «L-клуб», «Серебряный шар» («Кумуш шар») ва «Угадай мелодию» («Навони топ») дастурлари дастурларини яратган.

Фото: Николай Малишев / ТАСС
Айнан шу даврда у компаниядаги шериклари билан можарога кириша бошлаган. «Влад Листьев. Пристрастный реквием» («Влад Листьев. Оташин мотам куйи») китобида ёзилишича, Листьев компания президентлигидан ўз ҳамкасблари томонидан кетказилган (унинг ўрнини Александр Любимов эгаллайди).

Фото: Виталий Савельев / РИА «Новости»
1995 йилнинг январида Листьев «ВИD» телекомпаниясидан кетади ва 31 январь куни Биринчи каналнинг ОРТ телекомпаниясига бош директор этиб тайинланади. Россиялик ёзувчи ва журналист Александр Кондрашов ўзининг «Қайта қуриш битллари» китобида шундай ёзади: «Березовский ОРТнинг бош директорлиги лавозимига Листьевни танлашига сабаб — барча номзодлар ичида фақат унинг «титулли бешинчи пункти» бор эди». Яъни, ёзувчи Листьев яҳудий миллатига мансуб бўлганига шама қилмоқда.

Россиялик журналист Алексей Венедиктовнинг ҳисоблашича, «Березовскийнинг ОРТдаги ўғриликларга барҳам беришда ягона умиди Листьевдан эди».

ОРТга ишга ўтгач, Листьев дарҳол компаниянинг хўжалик сиёсатида жиддий ўзгаришлар қила бошлайди. ОРТ директорлар кенгаши бош директори ўринбосари Бадри Патаркацишвили таклифига биноан мисли кўрилмаган ишга қўл уради — 1 апрелдан бошлаб федерал каналда реклама кўрсатишга мораторий эълон қилиш. Листьев бу буйруқни имзолайди. Бу қарор биринчи навбатда ОРТда реклама жойлаштирилишини 100 фоиз назорат қилувчи реклама агентликлари уюшмасига қаратилган эди.

Фото: Николай Малишев / ТАСС
Таҳдидлар
Листьевга у ҳаётлигида бир неча бор ўлим билан таҳдид қилишган. Унга ҳаттоки жонли эфирда қўнғироқ қилишган, бир неча бор ўлдиришни ваъда қилишган. Уйидаги шаҳар телефони доимо узилиб қолар, Листьев мобил алоқадан фойдаланишга мажбур бўлар ва сўзлашувни кимлардир эшитиб турарди.

Фото: Николай Малишев / ТАСС
Листьев ўзини ўлдиришлари мумкинлигини тахмин қилар, лекин бунга ишонмас эди. Шу сабабли реал таҳдидларга қарамасдан у шахсий тансоқчилардан фойдаланмаган.

Қотиллик
1995 йилнинг 1 мартида соат 21:10ларда, «Час пик» дастури съёмкаларидан қайтаётган чоғда у Москванинг Новокузнецк кўчасида жойлашган ўз уйи подъезди олдида номаълум икки шахс томонидан ўлдириб кетилади. Биринчи ўқ унинг ўнг елкасига тегади. Иккинчиси — бошига.

Унинг ёнида бўлган пул ва бошқа қимматли нарсаларга тегинилмайди, шу сабабли терговчилар 39 ёшли журналистнинг ўлими унинг иши юзасидан ёки сиёсий фаолияти билан боғлиқ деган тўхтамга келишади.

2006 йилга келиб ушбу қотиллик юзасидан очилган жиноий ишда томлар сони 200дан ошади. Терговни бир неча тезкор гуруҳ олиб боради, гарчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш очилиш арафсида экани тўғрисидаги бир неча баёнотларига қарамасдан, на қотиллар, на буюртмачилар топилади (айрим маълумотларга кўра, ҳокимият томонидан босим бўлганлиги сабабли).

Фото: Станислав Панов / ТАСС
Реакция
Листьевнинг ўлими ва дафн маросими атрофидаги воқеалар кенг жамоатчилик резонанси билан кутиб олинди. 2 март куни Россиянинг барча марказий телеканаллари кўрсатув узатишни тўхтатишди. Кун бўйи мамлакат экранларида ОРТнинг бош директори портрети «Владислав Листьев ўлдирилди» ёзуви билан узатилган. Эфирга фақат шошилинч янгиликлар дастури чиқариб турилган.

Замонавий Россияда шундан сўнг бирорта воқеа барча телеканаллар эфири тўхтатилишига сабаб бўла олмаган.

3 март куни кечқурун, Москва вақти билан соат 19:00да «Час пик» кўрсатуви эфирга узатилган ҳамда дастур Листьевнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган. Унинг ортидан «Останкино» студияси ва «Час пик» дастури студиясидан Листьев хотирасига бағишланган «Час пик России» («Россиянинг тиғиз вақти») кўрсатуви эфирга жонли узатилган. Унда Россиянинг таниқли журналистлари, сиёсатчилари ва артистлари иштирок этган. Хотира тадбирларида Николай Сванидзе, Юрий Николаев, Евгений Киселёв, Борис Ноткин, Иван Демидов, Людмила Гурченко, Михаил Горбачёв, Артём Боровик, Егор Яковлев ва бошқалар иштирок этган.

Бир кун аввал Россия президенти Борис Ельцин қотиллик юзасидан баёнот берган:
«Фожиа юз берди… Бу фожиа «Останкино» жамоаси, Россиянинг барча журналистлари, бутун Россиянинг фожиасидир. Жаҳоннинг энг иқтидорли телевизиончисининг қўрқоқларча, ёвузларча, бандитларча ўлдирилиш фожиаси. Мен бу оғир дақиқаларда ёнларингда бўла олмадим. Лекин бандитизм, коррупция, порахўрлик ва жиноятиликка қарши курашиш учун етарли чора кўрмаган айбдор раҳбарлардан бири сифатида олдларингда бош эгаман».

Фото: Николай Малишев/ТАСС
Владислав Листьевнинг ўлими 1990-йилларда рўй берган энг шов-шувли қотилликлардан бири бўлиб, ҳануз очилмасдан келмоқда.

Ш.ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Поле чудес» асосчиси ўлдирилиши: Бутун Россия эфирлари тўхтатилишига сабаб бўлган машъум воқеа