12:32 / 05.04.2020
2 575

Туркия. Ашеви, бу – чойхона эмас!

Туркия. Ашеви, бу – чойхона эмас!
Туркияда усмонийлар давридан бери давом этиб келаётган гўзал одатдан бири шубҳасиз "aşevi" ("ош уйи") феноменидир. Мазкур анъана жамият ичидаги бирлик, бирдамлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш тушунчасининг ёрқин намунасидир, дея оламиз.

"Ош уйлари" маҳаллаллар, районлар ва шаҳарларда мавжуд бўлиб, эҳтиёжмандлар, узрлилар, боқувчиси бўлмаган қариялар учун ужратсиз равишда икки маҳал иссиқ овқат тақдим этади. Туркларда кўрганим ва жуда таъсирланганим энг гўзал нарса эди бу.

Усмонли даврида ижтимоий бирдамлик тушунчаси ўзининг бор бўйи билан намон бўлган. Султонлар, давлатманд кишилар шунингдек, халқ ичида ҳурматга эга бўлган олимлар, шайхлар ва авлиёлар доим фақиру фуқаролар, мусофирлар ва эҳтиёжмандларни ўйлаб улар учун бирор ҳақ олинмайдиган ўзига хос меҳмонхоналар бўлмиш карвонсаройлар, работлар, турбалар, иморатхоналар ва ошхоналар (aşevi) қурардилар. Мазкур жойлар халқ ичидаги уйсизлар, фақирлар ва мусофирларни ўз бағрига олиб, улар учун текин жой ва таом тақдим этарди.

Шунингдек, хасталанган кишилар учун дорушшифо деб аталувчи касалхоналар, руҳий хасталикка дучор бўлганлар даволанадиган тиморхоналар ҳам фаолият юритарди.

"Ашеви" деб аталувчи текин ошхоналар баъзи манбаларда иморатхона ёки дорулитъом номлари билан ҳам зикр этилади.
Яна, муваққитхона, мактаб, мадраса, масжид, турба каби ижтимоий ҳимоянинг алоҳида бирликлари ҳам бор эдики, уларда нафақат таълим олинар ёки ибодат қилинар балки, улар жамият бирдамлигининг уялари эди.

Ош уйлари бугун Туркиянинг ҳар бир маҳалласи, ҳар бир даҳаси ва ҳар бир шаҳрида кўп сонда фаолият юритади. Улар давлат томонидан рўйхатдан ўтказилади, турли хил сифат назорати ташкилотларининг сертификатларини олади ва ниҳоятда покиза ва соғлиқли таомлар тайёрлаб қийналган, тангликда қолган кишиларнинг маъюсланган юзларига умид ва табассум расмини чизади.

Бизнинг ўлкаларида ҳам бир вақтлар работлар, карвонсаройлар, такиялар, мактаб ва мадрасалар худди юқорида айтилган тарзда фаолият юритган ва улар бирор вақф ташкилотлари томонидан шунингдек, якка шахсларнинг эҳсонлари ҳисобига молиялаштирилган.

Зикр этганимиз ижтимоий ҳимоя марказларининг тамал тоши бот-бот хайр-эҳсонга, мискинларни таомлантиришга, Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсалардан ўзгаларга инфоқ-эҳсон қилишга тарғиб этувчи ўнлаб ояти карималар ва ҳадиси шарифлар томонидан қўйилган десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Қуръони каримни тадаббур қилган киши бир нарсага ажабланмай қолмайди. Унинг сураларида инфоқ эҳсонга даъват такрор-такрор келаверади. Бу ишлар мудом жаннат эгаларининг, мўминларнинг асосий сифатлари ўлароқ зикр қилинаверади. Шунингдек, Қуръони карим бу борада фақат бойларга хитоб қилмайди балки, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам, кечасию кундузи, ошкораю яширин тарзда яъни ҳар қандай ҳолатда ва ҳар доим бақадриҳол инфоқ қилишга чақиради. Ва бу ишларни Аллоҳ муҳаббатига сабаб бўлувчи улуғ ишлар сирасида тилга олади.

Мусулмон киши учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ортиқроқ яна қандай бахт бўлиши мумкин?!..

Ҳадиси шарифларда ҳам бу каби ишлар тинмай тарғиб қилинади. Айниқса, очни таомлантириш, қўшнига яхшилик қилишга алоҳида урғу берилади. Улардан биттасини зикр қиламиз. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "ёнидаги қшниси оч ҳолда экан уни била туриб, ўзи тўқ ҳолда тунни ўтказган кимса Менга иймон келтирмабди" (Табароний ва Баззор ривоятлари).

Шу маънодаги шарафли ҳадислар жуда кўп. Ҳадиси шариф тафаккур қилувчилар учун кўплаб ибратларга эга. Эслатма олувчилар учун унинг ҳидояти ва тарбиявий аҳамияти бениҳоя буюк.

Аллоҳни таниган мўмин киши учун бу дунёнинг лаззати ўзгалар қалбига шодлик олиб киришда, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишда, қийинчилик ичида қолганларнинг оғирини енгил қилишдадир.

Ҳақиқий мўмин ўзи ресторанма-ресторан юриб, нафис таомлар ва улардан-да анфас ширинликлар билан лаззатланиб юргани ҳолда яқинлари, дўст-ёрлари ва қўшниларининг қийналиб юришларига кўз юмиб кетолмайди. Қўшниси очликдан азоб чекаётган бир вақтда ўзи бемалол қорни тўқ ҳолда уйқуга кетмайди. Демак, унинг бўйнида закотдан бошқа ҳам маълум ҳақлар борки, Қиёмат куни шубҳасиз улардан сўралажак.

Демак, ижтимоий бирдамлик, бир-бирига ёрдамлашиш, ўзаро қўллаб-қувватлаш тушунчаси динимизда асосий ўринни эагаллайди. Зеро, бир-бирига ҳамдард бўлмайдиган уммат заволга маҳкум. Бундай уммат тарих саҳнасидан супурилиб кетади. Буни ҳатто ўзга дин вакиллари ҳам яхши англайдилар. Шунинг учун ҳам такофул тушунчаси бошқа дин вакилларида ҳам жуда яхши ривожланган.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, мақоламиз мавзуси бўлган ош уйлари Қуръони карим оятлари ва суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётбахш ўгитларида илгари сурилган олий мақсадларга хизмат қилиш асосида вужудга келган.

Алишер Султонхўжаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркия. Ашеви, бу – чойхона эмас!