
Фото: Jon Super/AP
Қисқа вақт ичида дунёни эгаллаган янги коронавирус инфекциясига қарши кураш учун деярли барча давлатлар ўз ҳудудларида қатъий карантин чораларини қўллаган эди.
Бугунга келиб коронавирус ва инқироз сўзлари аллақачон ёнма-ён келмоқда — коронавирус инқирози. Эндиликда инсоният вирус билан бирга иқтисодий қийинчиликларга қарши курашишига ҳам тўғри келмоқда. Ва аста-секинлик билан карантин чораларини енгиллатаётган давлатлар сони ошиб бормоқда. Гарчи, касалликнинг иккинчи тўлқини юзага келиш эҳтимоли бўлса ҳам.
Чекловларни қисқартираётган мамлакатларнинг барчасида эҳтиёткорлик сақланиб қолиши айтилаётган бўлса-да мутахассислар бу ҳолатга қўполроқ ибора ўйлаб топишди: «ё иқтисод, ёки тиббиёт».
Дунёдаги энг бой давлатлардан бири, шу билан бирга ҳозирга келиб коронавирусдан энг кўп зарарланиш ҳолати кузатилган АҚШда ҳам мазкур иккиланиш яққол кўзга ташланмоқда.
Трамп маъмурияти аҳолининг бир қисми аста-секин нормал ҳаётга қайтишга тайёрлигини айтмоқда, деб ёзади The Guardian.
Бироқ айрим штатлар раҳбарлари шусиз ҳам синов воситалари етишмаслигини айтиб, бунга қарши чиқмоқда. Трамп эса аҳолининг ишга чиқиши тарафдори. У «нормал ҳаёт» тарафдорларини ҳимоя қиларкан, «бу одамлар мамлакатимизни яхши кўради. Улар яна ишга қайтишни истайди», деб жавоб берган.
Умуман олганда, чекловлар нафақат иқтисодий, шу билан бирга ижтимоий, маданий ва диний ҳаётга ҳам жиддий таъсир қилди. Бу ҳолат энди 1930 йиллардаги буюк инқироздан бери кузатилмагани айтилмоқда.
Ўз навбатида Халқаро валюта жамғармаси дунё иқтисодиёти бу йил 3 фоизга пасайиши кутилаётганини маълум қиларкан, 10 миллионлаб одамларнинг ишсиз қолганига эътибор қаратган.
Қатор мамлакатлар чекловларни енгиллатиб, иқтисодий фаолиятни қайта тиклашга ҳаракатни бошлади. Бошқача айтганда, вазият шундайки, кўплаб мамлакатлар вирус тарқалиши тугашини кутмоқчи эмас. Деярли барча давлат буни босқичма босқич амалга оширмоқчи.
Пандемиянинг илк ўчоғи Хитой аллақачон туризм ва бошқа бир қатор соҳалардаги чекловларни олиб ташлади. Ниқоб ва ҳароратни ўлчаш эса ҳозирча мажбурий. Қизиғи, чекловлар олиб ташланган бўлса-да, мижозлар оқими орқага қайтишга шошилмаяпти. Афтидан, инсоният эҳтиёткорликка ўрганди.
Ҳиндистонда ҳам баъзи ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тармоғига нисбатан чекловлар олиб ташланди. Фақат битта шарт билан — иш берувчилар гигиена стандартларини таъминлаб қўйишлари керак.
Европада ҳам «уйда қолинг» ундови йўқоладиганга ўхшаяпти. Германия айрим ишлаб чиқариш турлари ва кичикроқ болалар дўконлари фаолиятига рухсат беришни режалаштирмоқда. Албания ўзининг юзлаб корхоналари билан бир қаторда тоғ-кон ва нефть саноатини қайта очишни мўлжаллаяпти.
Янги Зеландияда карантин чекловлари яна бир ҳафта давом этадиган бўлди. Шундан сўнг қурилиш соҳаси ва ишлаб чиқаришнинг қатор тармоқларида фаолият кўрсатадиганлар иш жойига қайтишади. Бу давлатда келаси ҳафта ҳатто мактаблар очилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Австралияликлар эса аллақачон Сиднейдаги пляжга қайтиб келишди.
Аввалроқ касалланганлар сони кўплиги жиҳатдан Яқин Шарқдаги давлатлар ичида энг юқорида турган Эронда ҳам чекловлар қисман бекор қилинаётгани хабар қилинган эди. Бу ўша вақтда кўплаб мутахассисларнинг танқидига сабаб бўлган бўлса-да чекловларни юмшатаётган давлатлар сони юқорида айтилганидек, ошиб бормоқда.
Африкада вазият сал бошқачароқ. Гарчи бу қитъада ҳам деярли барча мамлакатда касаллик қайд этилган бўлса-да, мутахассислар қора қитъа учун «қора кунлар» энди келишидан хавотир олмоқда. Қолоқлик ва заиф тиббиёт бу ҳудудда жуда кўплаб қурбонларга сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунга қарамай, ҳатто Африка давлатларида ҳам чекловлар қисқармоқда. Мисол учун, Гана пойтахтида уч ҳафталик чекловлар қисман тугатилди. Мамлакат коронавирусга қарши кураш стратегиясини ўзгартиришга мажбур бўлди.
Эндиликда Ганада ҳам кўпчилик ўз ишига қайтади. Албатта, ниқоб билан. Ҳар қандай турдаги йиғинларга эса рухсат йўқ. Якшанба куни мамлакат президенти Нана Акуфо-Аддо телевидение орали чиқиш қилиб, «чекловларнинг бекор қилиниши эҳтиёткорлик пасайиши эмас»лигини айтган.
Айтиш лозимки, қатъий карантин чекловлари давом этаётган мамлакатлар ҳам йўқ эмас.
Японияда ҳар йили бу вақтда ўтказиладиган йирик фестивалнинг бир қисми лолалар намойиши билан боғлиқ эди. Шу мақсадда жуда катта миқдорда етиштирилган гулларнинг катта қисми карантин сабабли йўқ қилинди. Чунки айрим ҳудудларда гулларни томоша қилиш учун одамлар йиғилаётгани аниқланган.
«Бу вазият ҳозир инсон ҳаёти билан боғлиқ. Юракка оғриқ берадиган қарор, аммо биз буни амалга оширишимиз керак эди», деган Токиодаги фестивал маъмурларидан бири Такаҳиро Кого.
КоронавирусИқтисодий ИнқирозКарантин ЧоралариХалқаро ВалютаИшга ҚайтишДавлатлар Ҳаракатлари Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар