
Фото: Getty Images
Дунёда бугунги сиёсий ҳолат Иккинчи жаҳон урушидан сўнг шаклланган десак, бўрттириш бўлмайди.
Европада нацистлар устидан қозонилган ғалаба ҳали ҳаммаси эмас, ҳали Японияда ҳам ғалаба қилиш керак эди, аммо айнан 9 майдаги ғалаба дунё сиёсатида кўп нарсани ўзгартирди. Урушдан сўнг АҚШ дунёдаги етакчи ҳарбий супердержавага айланди, шунингдек, ядро қуроли яратиш бўйича ҳам Россияни ортда қолдирди. Бу эса стратегик жиҳатдан энг қудратли бўлиш учун ҳал қилувчи омил эди.
Кўп ўтмай СССР ҳам ўз атом бомбасига эга бўлди. Империянинг Шарқий Европада назорат ўрнатишга интилиши кейинчалик дунё сиёсатида можаролар кам бўлишига умид қилмаса ҳам бўлишини англатарди. Кейинчалик Шимолий Атлантика ҳарбий альянси НАТО пайдо бўлди ва бир қарашда АҚШ ҳамда Ғарбий Европа мамлакатлари ўртасидаги ҳарбий, дипломатик алоқалар изига тушгандек кўринди. Тарихчи Энн Эпплбаум ВВС нашрига берган интервьюсида урушдан кейин ўзига хос «Ғарб» тушунчаси пайдо бўлгани, бу нафақат тўғридан тўғри чегарадош, балки қадриятлар билан боғланган иттифоқларни бирлаштирганини қайд этди.
Яна бир тарихчи Майкл Кларкнинг айтишича, дунёда нафақат НАТОнинг тузилиш каби катта ўзгаришлар содир бўлди, балки бутун бошли янги тизим юзага келди: «Урушгача бўлган даврдан деярли ҳеч нарса қолмади. «Урушдан кейинги харобаларда глобал миқёсда тартиб ўрнатиш» муҳимлиги кўриниб қолди. Бунга эҳтиёж 1919 йилдагидан ҳам (Биринчи жаҳон уруши назарда тутилмоқда) юқори эди».
Урушдан кейинги дунёда тузилган асосий ташкилот, шубҳасиз, БМТ бўлди. Кейинчалик Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Бреттон-Вудс валюта тизими каби муҳим халқаро ташкилотлар тузилди.

БМТ 1945 йилда тузилганди / GETTY IMAGES
Майкл Кларкнинг фикрича, номи саналган бу ташкилотларнинг тузилишида Британиянинг ҳиссаси катта бўлса-да, ҳал қилувчи сўзни АҚШ айтган: «Деярли барча халқаро ташкилотларнинг пайдо бўлиши АҚШнинг унга қизиқиши ва қўллашига боғлиқ эди. Ғарб назоратидаги бу ташкилотларнинг пайдо бўлиши 1950-60-йилларда дунё иқтисодиётида, умуман, бутун дунёда тартиб ўрнатди. Ҳозир ана шу тартиб хавф остида қолган, чунки уни назорат қиладиган сиёсий муҳит тез-тез ўзгариб турибди».
Бу баланс ўзгараётганининг сабабини ҳар куни телеянгиликларда кўряпмиз. Бир томонда Хитой кучайишда давом этмоқда, бир томонда Осиё ва Узоқ Шарқ давлатларининг иқтисодий қудрати ўсган. Европанинг аксар давлатларида эса популистик ҳаракатлар урчиган.
Дунёдаги тартиб йўқолиб бораётганига НАТОнинг ўзидаги ички зиддиятларни ҳам келтириш мумкин. Дарвоқе, Дональд Трамп унинг авж олишига «ўз ҳиссасини қўшди». У альянснинг Вашингтон учун муҳимлигини шубҳа остида қолдирди. ВВС’га кўра, НАТОга аъзо Туркия ва Венгрия каби давлатларда авторитар тизим амалда эканини ҳам унутмаслик керак.
Тарихчи Энн Эпплбаум урушдан кейин ўрнатилган тартиблар бузилаётганига қизиқ бир сабаб келтирди. Унинг айтишича, ҳозирги аксар сиёсатчиларнинг урушдан кейинги даврда яшамагани, яъни авлодлар алмашинуви ҳам қадриятлар дарз кетиши ва баланс бузилишига сабаб бўлган.
Яна бир муаммо шундаки, замонавий тарих рад этилмоқда. Масалан, Хитой дунё саҳнасига кеча келиб қолгани йўқ. Бу давлат БМТ хавфсизлик кенгашининг дастлабки доимий аъзоларидан биридир. Тарихчи Майкл Кларкнинг фикрича, АҚШда анчадан буён Хитойдан ҳайиқишади: «АҚШда доим Хитойдан хавфсираш бўлган. Урушдан олдин ҳам, кейин ҳам». Унинг фикрича, АҚШда Хитой коммунизмга ўтишидан аввал ҳам ҳали катта кучга айланиши ва Британия, Франция каби эски империяларнинг таъсирини йўқотиши тахмин қилинган. Буни эса кўпчилик унутган.
«1949 йили Хитой коммунизмни танлаганида АҚШ шокка тушган. 1972 йилга келиб аразлар унутилган (айнан шу йил Ричард Никсон Хитойга ташриф буюрган илк АҚШ президенти бўлганди). Афтидан, ҳозир АҚШ яна Хитойнинг дунёдаги ўрни борасида аниқ хулосага кела олмаяпти», дейди Майкл Кларк.
Хитойнинг «совуқ уруш» давридаги ҳолати бугунгидан буткул фарқ қилган. Ўшанда бу мамлакатга АҚШ томонидан иқтисодий ва технологик жиҳатдан хавф сифатида қаралмаган. Бугун дунёдаги ўрнатилажак янги тартибда нафақат Хитойнинг қудратини, балки Ер шари аҳолиснинг ярми Хитой, Ҳиндистон ва Жанубий-Шарқий Осиёда яшашини инобатга олиш керак. Бу дунё иқтисодиёти географиясига таъсир қилади ва охир-оқибат халқаро сиёсий жараёнларга ўз таъсирини ўтказади.
Коронавирус сабаб нимадир ўзгарадими?
Коронавирус давлатлар иқтисодиётига ўнлаб йиллар давомида таъсир ўтказишда давом этади. Хитой эса яқин келажакда коронавирус сабаб кўп нарса йўқотиши мумкин. Ахир вирус шу давлатда пайдо бўлгандан кейин Хитой нафақат дунё мамлакатлари олдида «тили қисиқ» бўлади, балки бу тўғридан тўғри алоқаларга ҳам таъсир ўтказиши мумкин.
Ҳозирча коронавирусдан кейинги дунё қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин. Бир нарсани унутмаслик керак, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги одамларда кучли бўлган ватан олдидаги бурч тушунчаси ҳаёт ўз изига тушишига ёрдам берган. Ҳозирги тушкун кайфиятдаги дунёда эса бундай позитивликни кутиш қийин, аммо умидни сўндирмаслик керак...
Дунё СиёсатиИккинчи Жаҳон УрушиАҚШ ва ХитойСтратегик ЖиҳатНАТО ва ИмперияКоронавирус ва Иқтисод Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар