date
views 5 140

Агар араблар йўқ бўлиб қолса...

Агар араблар йўқ бўлиб қолса...
Агар барча араблар ғойиб бўлишса нима бўлар эди? Эрта билан дунё уйғонса-ю, араблар йўқ бўлиб қолса? Мақоланинг муаллифи, ливанлик олим Акрам Аталла афсус билан, дунёда ҳеч нарса ўзгармаслигини тахмин қилмоқда. Охир-оқибат, бошқа миллатлар арабларнинг бир-бирини ўлдиришдан бошқа иши йўқ, деб ўйлашади. Наҳотки улардан дунёга бирон бир фойда бўлмаса?! Қуйида мазкур мақолани ихтиёрингизга ҳавола этамиз. Араблар дуч келган муаммоларнинг айримлари афсуски, бизда ҳам учраб туради.

Тўсатдан барча араблар йўқ бўлиб қолсами? Агар дунё тўсатдан уйғониб, биз йўқлигимизни билса нима бўлади? Инсоният бу ҳолатда ниманидир йўқотишидан хавотирга тушиши мумкин эмас: Интернет, йўлдошлар ва автомобил заводлари худди аввалгидек ишлайверади, фонд биржаси қуламайди, дунёда ҳеч ким дори-дармонларни, тиббий жиҳозларни, операцион хоналарни ва ҳатто қурол-аслаҳаларни йўқотмайди. Биз дунёга ҳеч қандай фойда келтирмаймиз. Дунё биздан бир-биримизни қандай ўлдиришимиз ҳақидаги суҳбатлар ва янгиликлардан ташқари ҳеч нарса олмайди.

Француз аёл балконда пайдо бўлиб, қўшнига барча араблар ғойиб бўлганини айтади ва у бунга жавобан: "Сиз кечаю кундуз бир-бирингизни ўлдирадиганлар тўғрисида гапиряпсизми?" – дейди.

Эҳтимол кимдир менинг сўзларимни муболаға деб билар. Ўша одам бўлаётган воқеаларни қора рангга бўяб кўрсатаётганимни ҳам айтар... Бироқ Ватанидан ташқаридаги бирон бир пойтахтда Ливиядан Ироққа Миср, Сурия ва Яман орқали оқиб келаётган қонли дарёни томоша қилаётганда, улар орасидаги халқларнинг икки қисмга бўлингани: бири қаттиқ очликдан, иккинчиси қорни тўқлигидан азоб чекаётгани ҳамда уларнинг иккаласи ҳам қолган инсоният ҳисобига яшаётганлигини кўриш мумкин.

Агар биз йўқ бўлиб кетсак, япон ва европалик ҳаётида ҳеч нарса ўзгармайди. Худди шу нарсани одатий ҳаёт тарзини давом эттирадиган малайзияликлар, турклар ёки америкаликлар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Биз илмий, саноат, бошқа моддий ва номоддий ишлаб чиқаришда қатнашмаймиз, кашфиётлар қилмаймиз. Биз фақатгина инсониятнинг қолган қисми ишлаб чиқарган товарлардан, униям зарарли ва нотўғри тарзда фойдаланамиз. Биз ўз эгаларига миллиардлаб даромад келтирадиган қурол ишлаб чиқарадиган заводларни чиндан ҳам соғинамиз, чунки биз уларнинг кўпгина маҳсулотларини истеъмолчисимиз. Биз ҳар куни қотиллик ва қирғин учун қурол ишлатганимиз сабабли, йирик битимлар тузишни тўхтатмаймиз.

Улар дунёдаги ҳамма нарсани ишлаб чиқарадилар, биз эса дунёдаги ҳамма нарсани истеъмол қиламиз. Биз уларга қайта-қайта талқин қилинадиган ва адовату нафратни қўзғатадиган сўзлар беришимиз мумкин. Ҳар бир арабнинг бошқа араблар билан муаммоси бор ва улар ўртасидаги низолар азалдан тўхтамаган: давлатлар бир-биридан нафратланишади, қабилалар бир-бирига қарши фитна уюштиришади, сон-саноқсиз қуролли гуруҳлар бир-бири билан жанг қилишади. Қурол эгаси бўлган ҳар ким албатта жанг майдонига боради. Араб уммати ичидаги ягона муваффақиятли одамлар бу Исроил билан жанг қилаётган фаластинликлар эди, аммо улар охир-оқибат умумий кайфиятга берилиб, бир-бирлари билан курашишни бошладилар.

Биз барча соҳалар бўйича рўйхатнинг охирида турибмиз: бизда даволаниш учун дунёнинг турли бурчакларидан келган касалхоналар йўқ, Шанхай рейтингига мувофиқ 400 та энг яхши олий ўқув юртлари қаторига кирадиган университетлар йўқ, бизда ҳақиқий институтлар, на ишончли парламентлар, на биз ҳурмат қиладиган қонунлар. Ҳаммаси сохта ва бизда мақтаниш учун умуман ҳеч нарса йўқ.

Унинг режими ағдарилишидан бир неча йил олдин Муборак бир нечта ёрдамчилари ва соқчилари билан Германия касалхонасига даволаниш учун борган. Касалхонадаги ғайритабиий тартибсизликлар шу бўлимда даволанаётган маҳаллий фуқаронинг эътиборини тортди. У хонадошидан беморнинг кимлигини сўради. У: "Бу араб лидери” деб жавоб берди. Немис яна сўради: "У неча йилдан буён ҳокимият тепасида?" Унга айтишди: "Ўттиз йил". Немис: “У ҳолда бу порахўр диктатор. Нега диктатор? Чунки у мамлакатни ўттиз йил бошқарибди. Порахўр деганим – ихтиёрида шунча имконият ва ваколатларга бўлгани ҳолда, ўзининг даволанишига ишонадиган биттагина касалхона қурмаган".

Сўнгги йилларда минтақадаги беқарорлик ҳамма нарсада мўртлигимизни кўрсатди. Бир пуфлаш билан мамлакатларимиз қулаб тушди ва биз қурган ҳамма нарса шунчаки ташқи кўриниш, ҳатто заиф зарбаларга ҳам дош беролмайдиган карикатура эканлигини кўрдик. Энг ёмони, биз ўзимизнинг имкониятларимизнинг ҳақиқий кўламини кўриб, маданиятимизга хос бўлган нафрат ва зўравонликни кашф қилганимиздир.

Ажабланарлиси шундаки, биз этник-конфессионал заминда бузғунчилик ва нафрат каби энг ёмон ҳолатларни, золимларга қарши курашда, жонлантирмоқдамиз. Биз қотиллик инстинктимизни қондириш учун фатволар, сунъий йўлдош каналлари ва пуллардан фойдаланиб, ажойиб риторик қобилиятларни намойиш этамиз.

Мамлакатларимиз тарихидаги катта мағлубиятларга қарамай, биз ҳаммадан кўпроқ ғалабалар ҳақида гапиришни яхши кўрамиз. Биз уларни фақат риторика туфайли кучга айлантирамиз! Биз сохталаштириш, ҳақиқат ва ўтмишдаги ўзгаришларнинг усталаримиз, гўзал келажак орзуларига ботиб, ҳақиқатдан мутлақо узоқмиз. Биз келажагимиз учун ҳеч нарса қилмай, фақат орзу-хаёл ва гап-сўз билн машғул бўлиб қолганмиз.

Биз дунёдаги энг парчаланиб кетган миллат бўлсак ҳам, бирлик ҳақида кўп гапирамиз. Бошқа барча давлатлар демократия ҳақида гаплашаётган бир пайтда, биз энг шафқатсиз золимлар зулми остида яшаймиз. Ҳамма одамлар бағрикенглик, севги ва тинчлик ҳақида гапиришса-да, биз ундан нафратланамиз. Биз асосан инсон ҳуқуқлари, шу жумладан болалар, аёллар ҳақида гапирамиз, гарчи бизнинг мамлакатларда одамнинг қадри ҳашаротчалик бўлмаса ҳам. Ҳар сафар биз ишонган ушбу қадриятлар тизими биринчи тўқнашув юзага келганда, янги ҳокимият ёки бошқа сиёсий кучлар келиши билан тарқатиб юборишга тайёр шиорлар тўпламидан бошқа нарса эмаслигини англаймиз.

Минтақа сиёсий, ахлоқий ва ижтимоий яланғочлигимизни намойиш этиш ва бизни ҳаётга қайтариш учун ушбу оғир таъсирлардан қутулиши керак эди. Биз ўнлаб йиллар давомида, эҳтимол асрлар давомида эътиборсиз қолдириб келган араб дунёсидаги ҳақиқий вазиятни кўришимиз керак. Бизнинг хаёлпарастларимиз "араб орзуси"ни амалга ошириш ва араб бирлигига эришиш умидида эдилар, аммо бунинг ўрнига исломдан олдинги жоҳилият даврига қайтишди.

Ёқуб Умар таржимаси

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Агар араблар йўқ бўлиб қолса...