
Қозоғистонда ўткир респиратор вирусли инфекциялар тез суръатда авж олди. Соғлиқни сақлаш вазири Оқмарал Алназарованинг маълумот беришича, ўтган ҳафтада мамлакат бўйлаб 183 мингдан ортиқ киши ОРВИга чалинган. Бу кўрсаткич ўтган мавсумга нисбатан 16 фоизга кўп.
Вазир таъкидлашича, бу йил грипп мавсуми 41-ҳафтада — одатдагидан анча эрта бошланган. Мамлакатда янги, аввал тарқалмаган грипп турлари кузатилмаган бўлса-да, риновирус, парагрипп, аденовирус, коронавирус ва бошқа бир қатор вируслар фаол тарқалмоқда.
1 сентябрдан буён қайд этилган 1,4 миллион ОРВИ ҳолатининг 66 фоизи 14 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, ҳомиладор аёллар учун хавфли саналган Гонконг гриппи штамми ҳам қарийб 600 нафар беморда аниқланган.
Касалланиш ўсиши сабаб, айрим ҳудудларда масофавий таълимга ўтиш бошланди. Шарқий Қозоғистон, Абай ва Қўстанай вилоятларида бир қатор мактаблар вақтинча онлайн ўқишга ўтказилган. Масалан, Шарқий Қозоғистонда 23 мактабнинг 169 та синфи — жами 3015 ўқувчи уйда таълим олмоқда.
Абай вилоятида ҳам вазият жиддий. Бу ҳудудда ўқув йили бошидан бери 5558 бола ОРВИ билан касалланган, бу умумий ҳолатларнинг 17,2 фоизини ташкил қилади. Яна 25 та грипп ҳолати ҳам қайд этилган.
Қўстанай вилоятида эса икки шаҳарда ўқувчилар касаллик сабаб онлайн ўқишга ўтказилди. Қўстанай туманида жами 72 та синфда анъанавий дарслар вақтинча тўхтатилди.
Бош вазир Ўлжас Бектенов вазирлик ва маҳаллий ҳокимиятларга тиббий хизмат сифатини қатъий назорат қилишни вазифа қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.