16:07 / 06.07.2020
2 341

Ливиядаги воқеалар ривожи: Россия ва Миср манфаатлари тўқнашувининг янги саҳнаси

Ливиядаги воқеалар ривожи: Россия ва Миср манфаатлари тўқнашувининг янги саҳнаси
Фото: John Moore / Getty Images
Ливиядаги сўнгги воқеалар минтақадаги иштирокчиларни ўз сиёсатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. 2020 йил 21 июнда Ливия чегараси яқинидаги ҳарбий базага ташриф буюрган Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси мамлакат армияси Ливия масаласига аралашиши мумкинлигини маълум қилди.

Ҳафтар раҳбарлигидаги Ливия миллий армиясини қўллаб-қувватлаган Миср Фоиз Сарож раҳбарлигидаги Ливия Миллий келишув ҳукумати (UMH) ҳарбийларининг Сирт шаҳрига кириши Миср учун «қизил чизиқ» бўлишини билдирди. Сисининг ушбу баёноти Кремлни Ливия сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда.

Миср позицияси
Мисрнинг Ливия масаласига аралашиши мумкинлиги ҳақида берган баёноти турли мақсадларни кўзда тутади. Айтиш жоизки, Мисрнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ливия ишига аралашиши халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келмасди. Яъни унинг Ливияда ҳарбий куч ишлатишига қонуний асос келтирилиши лозим эди.

Биринчидан, ҳар бир мамлакат каби Мисрнинг ҳам БМТ томонидан берилган ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи мавжуд. Аммо Миср ўзининг мудофаа ҳуқуқини талаб қилиб, трансчегаравий ҳарбий операция амалга ошириши учун Ливия унинг ҳудудини босиб ўтиб, унга қарши ҳарбий куч ишлатган бўлиши керак. Ливия Миллий келишув ҳукумати бундай иш қилмагани боис Мисрнинг Ливияга қарши амалиётга киришиши халқаро ҳуқуққа зид қадам бўлади.

Иккинчидан, Мисрнинг Ливияга қарши куч ишлатиши фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарори қабул қилинган тақдирдагина қонуний кучга эга бўлади. БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар бундай қарор қабул қилганича йўқ. Демак, Мисрнинг юқоридаги баёноти қонунга хилоф.

Учинчидан, чегаравий ҳарбий кучдан фойдаланишнинг яна бир шарти шуки, мамлакатнинг халқаро миқёсда тан олинган қонуний ҳукуматининг ўзи маълум бир давлатга расмий талаб билан чиқиши керак. БМТ томонидан тан олинган Ливия Миллий келишув ҳукумати эса Мисрга бундай талаб билан чиқмади, аксинча, унинг баёнотини кескин қоралади.

Тўртинчидан, бирор давлатнинг трансчегаравий ҳарбий аралашувга киришиш шартларидан яна бири – ўша мамлакат, яъни Мисрнинг миллий хавфсизлигига Ливия чегарасида жиддий таҳдид туғилишидир. Аммо маълумки, Миср-Ливия чегарасидан то Ливиянинг деярли ғарбий минтақаларигача бўлган ҳудуди унинг ўзи дастак бераётган Халифа Ҳафтар бошчилигидаги кучлар томонидан назорат қилинмоқда. Ҳафтар кучлари назорати остидаги ҳудуд Ливия консенсуси ва Миср ўртасидаги буфер зонани ташкил қилади. Бошқача айтганда, Ливия миллий келишув ҳукумати томонидан Мисрга қандайдир хавфсизлик таҳдиди бўлиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун, Мисрнинг Сирт шаҳри ва Куфрадаги авиабазанинг Ливия Миллий келишув ҳукумати қўлига ўтишига доир муносабати, аслида, унинг Ливия ҳудудидаги стратегик мавқейини йўқотиш хавотиридан келиб чиқмоқда. Миср Ливияга ҳарбий аралашувни амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги ўз баёноти билан бир қатор натижаларга эришишни мақсад қилмоқда. Чунончи, у Триполидаги ҳукуматнинг шарққа қараб юришини тўхтатмоқчи. Чунки Фоиз Сарож тарафдорларининг ҳарбий муваффақиятлари Ҳафтарга бўлган ишончни пасайтирмоқда. Бу ўз навбатида Ҳафтар тарафдорлари орасида ўзаро ҳамжиҳатлик сусайишига олиб келади. Миср эса сценарийнинг бу йўсинда ривожланишини истамайди.

Аввалроқ Мисрнинг «Қоҳира декларацияси» деб атаган бир томонлама сулҳ таклифи Триполидагилар томонидан салбий кутиб олинган эди. Туркия ҳам назарда тутилган мазкур сулҳ орқали Миср кенг қамровли уруш олиб боришдан ўзини сақлаб қолар ва Ливиянинг шарқий минтақалари устидан назоратни тутиб қолиш масаласида савдолашиш имконига эга бўларди.

Албатта, Сисининг ҳарбий куч ишлатиш ҳақидаги баёнотининг сиёсий натижалари ҳам бўлди. Бу, энг аввало, UMH томонидан мағлуб этилган Ҳафтар учун психологик ёрдам бўлди. Қолаверса, бу билан Миср бошқа давлатларга Ливияда Ҳафтарни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдириб қўйди. Энг асосийси, у Ҳафтар кучларини қўллаб-қувватловчи давлатлар орасида олдинги планга чиқиб олди.

Таъкидлаш жоизки, Ҳафтарга ёрдам бераётган давлатлар ўртасида маълум бир манфаатлар тўқнашуви ҳам мавжуд. Булар жумласида эса БАА, Саудия Арабистони, Россия каби давлатлар мавжуд. Турган гапки, уларнинг ҳар бири Ҳафтарга кўпроқ таъсир ўтказиш орқали ушбу сафда яловбардорлик қилишга ва Ливиядаги сиёсий жараёнларни йўналтириб туришга интилмоқда. Бироқ ушбу мамлакатларнинг барчаси ўз мақсадига кам харажат қилиш орқали эришишни истамоқда ва ҳатто бошқа давлатлар қўли билан ўз манфаатларини рўёбга чиқаришга уринмоқда.

Россия позицияси
2011 йилдан кейин Ливияда кечган фуқаролар уруши ва сиёсий воқеаларда Россиянинг сиёсий таъсири деярли йўқ эди. Аммо 2016 йилдан бошлаб Россия Ҳафтар тимсолида Ливия сиёсатига кириб кела бошлади. Россия Ҳафтар орқали Ливиядаги нуфузини ошириш йўлларини излар экан, Ҳафтар ҳам Россия каби фугурадан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга чоғланаётган эди. Айни пайтда Ҳафтар-Россия яқинлашуви Миср ва Ҳафтарни қўллаб-қувватлайдиган бошқа кучларнинг ҳам режаларига мувофиқ эди.

Ўз навбатида, Россиядан олинадиган сиёсий ва ҳарбий ёрдам нафақат Ливиядаги ички кучлар мувозанатига, қолаверса, халқаро муҳитга ҳам катта таъсир кўрсатиши кутилган эди. Аммо Россиянинг Ҳафтар билан бирга Ливия жараёнида рол ўйнашга киришиши бошқа давлатларни иккинчи даражали актёрларга айлантириб қўйди. Бу эса уларнинг Ливия масаласида янада камроқ сўз ҳаққига ва янада камроқ куч таъсирига эга бўлишларини англатарди. Мазкур жараёндан энг кўп безовта бўлган мамлакат эса Миср бўлди.

Миср ўзининг сўнгги ҳаракати орқали жараён оқимини ўз фойдасига йўналтиришни истади. У ўзининг миллий манфаатларига устувор аҳамият беришга тайёрлигини ва унинг манфаатларига тааллуқли масалалар кўриб чиқилиши кераклигини уқтирмоқчи бўлди.

Табиийки, эндиликда Мисрнинг олдинги планга чиқиб олганидан ва ўзининг иккинчи даражага тушиб қолганидан хавотирланган Москва бу жараёнга тўсиқ бўлиш, Ливиядаги воқеалар ривожида «муҳим актёр» позициясини сақлаб қолиш йўлларини излашга киришди. Буни эса нафақат дипломатик каналлар орқали, балки Ливия майдонига билвосита аралашиш орқали амалга оширишга интилмоқда.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ливияда сулҳни таъминлаш ва музокараларни бошлашдан бошқа йўл йўқлигини айтар экан, Мисрнинг ҳарбий ечимдан тийилиши кераклигини билдирди. Шунингдек, Россия АҚШнинг Ливия масаласига киришиши ортидан Берлин жараёнини қайта бошлашга чақириш орқали Мисрни чеклаш, Туркияни илгарилашга йўл қўймаслик, АҚШ ва Германия билан ҳамкорлик қилиш каби мақсадларни кўзламоқда.

Россия бир томондан Мисрнинг Ливияга ҳаддан ташқари ҳарбий аралашувига йўл қўймасликка уринаётган бўлса, бошқа томондан айрим давлатларни ҳам ўз ёнига олиб, «конструктив воситачи» имижини яратишга интилмоқда. Россиянинг бундай муносабати унинг расмий баёнотлари билан ҳам кесишмоқда. Аммо Россия минтақадаги мамлакатларга ўтказган босимини Ливия масаласи бошида тўпланган давлатларга ўтказа олмаслиги туфайли бу жараённи ҳамкорлик ва мулоқот орқали давом эттиришни энг оқилона йўл деб билмоқда.

Аммо Москва томонидан дипломатия йўли билан амалга оширилаётган бу сиёсат соҳада жиддий натижа бермаяпти. Маълумки, тўғридан тўғри ҳарбий аралашув Россия учун стратегик муваффақиятсизликка олиб келади. Шунинг учун Россия учинчи йўл сифатида ўзининг расмий муносабат билдиришини давом эттирмоқда. Бошқа томондан эса «Вагнер» ёлланма жангчилари орқали Ливия жараёнига билвосита аралашмоқда.

Руслар Сирт ва Куфра шаҳарларига ёлланма ҳарбийларни жўнатиб, Ливиядаги куч мувозанатининг UMH фойдасига ҳал бўлишига тўсқинлик қилмоқда, бу билан эса Ливияда ҳамон ўзининг муҳим куч эканинини кўрсатишга интилмоқда. Бироқ Россиянинг бу сиёсати «конструктив дипломатия» концепциясига асосланиб яратмоқчи бўлган имижига путур етказмоқда. Сўз ва иш бирлиги орасидаги зиддият эса Россиянинг обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Отабек Тиллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ливиядаги воқеалар ривожи: Россия ва Миср манфаатлари тўқнашувининг янги саҳнаси