
Россия Федерацияси стратегик сув ости қурилмаси 'Посейдон'нинг янги синов босқичини муваффақиятли ўтказганини эълон қилди. Ушбу қурилма ядровий энергия тизими билан жиҳозланган.
Президент Владимир Путин синовлар давомида эришилган натижаларни 'катта муваффақият' деб баҳолади. Расмий маълумотларга кўра, яқинда ўтказилган синовлар давомида қурилма сув ости кемасидан ишга туширилган.
Президентнинг таъкидлашича, синовнинг муҳим қисми қурилманинг сув ости кемасидан муваффақиятли ишга туширилиши ва бортдаги атом энергияси тизимининг фаоллаштирилишига боғлиқ бўлган. "Биз биринчи марта қурилманинг атом энергия тизимини ишга туширишга эришдик ва у маълум муддат давомида фаолият кўрсатди", - деди Путин.
У бу босқични бутун лойиҳа учун муҳим деб таъкидлади. Президент ўз чиқишида қурилманинг тактик-техник хусусиятларига ҳам тўхталиб ўтди.
Унга кўра, 'Посейдон' қудрати жиҳатидан ҳатто янги авлод 'Сармат' қитъалараро ракетасидан ҳам устун туради. Шунингдек, қурилманинг тезлик ва ҳаракатланиш чуқурлиги бўйича дунёда тенги йўқлиги қайд этилди.
"Бундай қурилмани ҳозирда ҳеч ким яратгани йўқ ва яқин келажакда ҳам бу имконсиз бўлиши мумкин", - деди Путин. Шунингдек, у бундай қурилмани самарали тарзда тўхтатиш усуллари мавжуд эмаслигини қўшимча қилди.
'Посейдон' 2018 йилдан буён Россияда ишлаб чиқилаётган океан кўп мақсадли тизимининг асосий элементи сифатида танилган. Россия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлигига кўра, ушбу тизим махсус мақсадли атом сув ости кемалари ва уларга бириктирилган учувчисиз сув ости қурилмаларини ўз ичига олади.
Ушбу тизимнинг расмий мақсади стратегик мувозанатни сақлаш ва глобал ҳарбий барқарорликни таъминлашдир. Ядровий қувватга эга торпедолар концепцияси илк бор 1950-йилларда ССРда академик Андрей Сахаров томонидан таклиф қилинган эди.
Аммо ўша вақтда лойиҳа ахлоқий ва техник сабабларга кўра рад этилган.
Россия ядровий 'Посейдон' аппаратини синовдан ўтказди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар