23:32 / 03.11.2020
2 334

Президентлик сайловлари: Байден ва Трампнинг сўнгги жанги

Президентлик сайловлари: Байден ва Трампнинг сўнгги жанги
Фото: Getty Images
Бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб америкаликлар кейинги тўрт йил мобайнида Оқ уйнинг эгаси ким бўлишини аниқлаб бериш учун овоз бериш участкаларига келишмоқда - амалдаги президент, республикачи Дональд Трампга қарши демократлар номзоди Жо Байден рақобат қилмоқда.

Коронавирус таҳдидига қарамай, дунёда ушбу касалликдан энг кўп жабр кўрган АҚШда сайлов участкалари олдида узун навбатлар ҳосил бўлди. Қарийб 100 млн америкалик почта орқали ҳамда айрим штатларда очилган участкаларда муддатидан олдин овоз беришга улгурган. Бу эса сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг деярли 40 фоизига ёки 2016 йилдаги сайловда қатнашганларнинг 72 фоизига тенг ҳисобланади.

АҚШ учун бу қадар фаоллик бемисл ҳисобланади. Америкаликлар учун бу сайлов натижаси улар қайси партияни қўллаб-қувватлашларидан қатъи назар муҳимдир, мамлакат ўз тарихида илк марта ҳам ташқи, ҳам ички сиёсатда бу қадар қутблашди.

АҚШ - дунёда пандемиядан энг кўп жабр кўрган мамлакат бўлиб турибди: касалланганларнинг 231 мингдан ортиғи вафот этган, миллионлаб кишилар ишсиз қолган. Бундан ташқари, ёзда мамлакатни Black Lives Matter ҳаракати вакиллари иштирокидаги оммавий намойишлар қамраб олди, бу акциялар тартибсизликлар ва жамият бўлинишига олиб келди.

Нью-Йоркдаги биноларнинг ойналари эҳтимолий тартибсизликларга тайёргарлик сифатида ёғоч билан ёпилмоқда
Умуммиллий сайлов куни арафасида АҚШ шаҳарларида тадбиркорлар ўз ресторанлари, офислари ва дўконларини фанер қопламалар билан ўраб олишди - улар сайлов натижалари эълон қилингач оммавий тартибсизликлар бошланиб кетишидан хавфсирашмоқда.

Трамп ва Байден нималар дейишди?
Сайлов кунида ҳам номзодлар ташвиқот кампаниясини тўхтатишмади.

Сешанба тонгида Дональд Трамп Fox телекомпанияси эфирида туриб, унинг митингларида иштирок этган кўплаб америкаликлар унда ғалаба учун умид уйғотганини айтиб ўтди. «Биз шунча одам йиғдик, шунчалик кўпки, ҳали ҳеч ким бунча йиға олмаган. Ўйлайманки, бу сайловчиларнинг овози дегани», деди президент.

Ўз навбатида Жо Байден Пенсильвания штатидаги ўзи туғилиб ўсган шаҳар Скрантонга келди. «Мен уйга келганимдан хурсандман!», деди демократлар номзоди. У кончилар шаҳарчаси билан боғлиқ хотираларини ёдга олди. У болалиги кечган бу шаҳардан ёшлигидаёқ кетган, аммо кўп марта қайтган, ҳатто никоҳ маросимини шу шаҳарчада ўтказган. «Биз мамлакатимизнинг асосий таянчини тиклашимиз керак. Бу мамлакатни Уолл-стритдагилар эмас, ўрта синф вакиллари қуришган», деди у.

Ставкалар ҳар қачонгидан юқори
Бу сайловлар букмейкерлик фирмаларини ҳам фаоллаштирди. Жо Байден ғалабаси учун 1 млрд. доллар тикилган, бу эса сайловлар бўйича мутлақ рекорд ҳисобланади.

Ladbrokes Coral Group фирмасининг сиёсий ставкалар бўлими раҳбари Мэтью Шеддикнинг сўзларига кўра, бутун дунё бўйлаб 1 млрд. фунт стерлинг миқдорида ставкалар қўйилиши кутилмоқда. Душанба куни кечқурун ўн минглаб кишилар букмекерлик идораларига чопишган.

Умуммиллий сўровларга кўра, айни вақтда демократлар номзоди Жо Байден Дональд Трампни 10 пунктга ортда қолдирмоқда. Байден ўз кампаниясига рекорд даражада - 1 млрд доллар сарфлади.

Аммо сайлов натижалари пойга анча қизғин кечган ва айрим ҳолатларда Трампнинг устунлиги кузатилган муҳим штатларда ҳал бўлиши мумкин.

Америка сайлов тизимида сўнгги сўзни сайловчилар ҳайъати айтишади - ҳар бир штат сайловчилари сонига мос равишда ҳайъатга ўз делегатларини юборади.

Бундай делегатларнинг жами сони 538 нафар, шундан келиб чиққан ҳолда бирор номзод ғалабаси учун 270 овоз керак бўлади. Агар овозлар сони тенг бўлса (269тадан), сайлов тақдири Сенатнинг махсус комиссияси томонидан ҳал этилади.

Ой уй атрофида хавфсизликни таъминлаш чоралари кучайтирилган
АҚШнинг янги тарихида умуммиллий овоз бериш натижалари делегатлар қарорига мос келмаган икки ҳолат қайд этилган. Бундай ҳолат давлат тарихида жами 5 марта кузатилган, шундан учтаси XIX асрда.

2000 йилда демократ Альберт Горни америкаликларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлаган, аммо президентликка республикачи кичик Жорж Буш сайланган. Ўшанда сайлов натижасини Флорида штати делегатлари ҳал қилишганди.

Худди шу каби ҳолат 2016 йилда ҳам рўй берди, Дональд Трамп Ҳиллари Клинтондан кўра 3 миллион кам овоз йиғди, аммо уни 306 делегат қўллади (рақибини 232) ва у президент бўлди.

Якуний тезлик олиш
Ўтган сафарги сайловлар вақтида 70 ёшда бўлган Дональд Трамп 69 ёшида ҳокимиятга келган Рональд Рейганнинг рекордини янгилаган ҳолда АҚШ тарихида сайловларда ғолиб чиққан энг кекса президентга айланганди. Бу сафар эса 77 ёшли Жо Байден уларнинг иккисидан ҳам ўзиб кетиши мумкин.

Дональд Трамп сўнгги кунни оёқда ўтказди ва бир кунда тўрт штатда бўлди
Ҳозирда Трамп 74 ёшда, у сўнгги кунда тўрт штатда сайловчилар билан беш учрашув ўтказди. У сешанбага ўтар кечаси Вашингтонга қайтди ва сайлов кунининг асосий қисмини Оқ уйда ўтказади. Сайловдан кейин овозлар ҳисобланадиган оқшомда Оқ уйга 400 меҳмон таклиф этилган, уларнинг барчаси Covid-19’ни аниқлаш учун тест топширган.

77 ёшли Байден душанбани Оҳайода ва ўзи туғилиб ўсган шаҳар Пенсильванияда ўтказди - бу икки штат ҳам сайлов кунидаги муҳим штатлардан ҳисобланади.

Сайлов кунини у Пенсильваниядаги Скрантон шаҳарчасида ўтказади, унинг болалиги ҳам шу ерда ўтган. Овозларни ҳисоблаш бошлангач эса у Филадельфия штати марказида жойлашган штабига йўл олади.

Эҳтимолий натижалар
BBC’нинг Шимолий Америка бўйича бўлими муҳаррири Жон Сопел президентлик сайловлари якунлари бўйича бир неча эҳтимолий сценарийларни кўриб чиққан.

Байденнинг осон ғалабаси. Биринчи сценарий - энг оддийси. Ижтимоий сўровлар жамоатчилик кайфиятини ифода этиши табиий. Баҳсли вазият йўқ, қайта ҳисоблашга ҳам ҳожат йўқ.

Байденнинг узил-кесил ғалабаси. Демократлар номзоди республикачилар учун шармандали натижа қайд этиб ғалаба қилади. Бу Рональд Рейганнинг Жимми Картер устидан 1980 йилдаги ғалабаси ва катта Жорж Бушнинг 1988 йилда Майкл Дукакис устидан қозонган ғалабаси билан тенглашади.

Трампнинг шокка туширувчи ғалабаси. 2016 йилда бўлгани каби, сайловолди сўровномалари ўзини оқламайди ва ўхшаши йўқ вазият юзага келади - қаторасига иккинчи сафар сайловолди пойгаси фаворити мағлуб бўлади. Бу рўй бериши учун Трамп Флорида ва Пенсильванияда ғолиб чиқиши шарт бўлади.

Яна бир сценарий бор, аммо унинг эҳтимоли кам: делегатлар ҳайъати аъзоларининг овозлари Трамп ва Байден ўртасида тенг тақсимланади - 269тадан. Жон Сопелнинг қайд этишича, сайловлар тарихида ҳали бунақаси бўлмаган.

«Аммо бу 2020 йил, шунинг учун барчасини кутиш мумкин», деди таҳлилчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Президентлик сайловлари: Байден ва Трампнинг сўнгги жанги