Ўзбекистон Президенти бугунги йиғилишда касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантириш ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама этди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, иқтисодиёт барқарор ўсиб бораётган бир пайтда, аҳолининг турмуш даражаси ҳам шунга мос равишда яхшиланиши керак.
Президент сўзларига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳар йили оширилаётгани ижобий ҳол, аммо бу жараён кўпинча фақат давлат органлари ҳисоб-китобига таянаётгани сабабли, барча манфаатдор томонлар иштирокини талаб қилади. Шу муносабат билан, келгуси йилдан бошлаб Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси — Касаба уюшмалари федерацияси, Бандлик вазирлиги ва Иш берувчилар конфедерацияси — ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилади.
Давлат раҳбарининг фикрича, бу меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини белгилашда ходимлар манфаатини ҳимоя қилишда муҳим ва янги босқич бўлади. “Инсон қадри фақат иш ҳақи билан эмас, балки унинг атрофидаги ижтимоий муҳит билан ҳам белгиланади”, — деди Президент.
Шу муносабат билан у ҳар бир фуқарога уй-жой, сифатли таълим, тиббий хизмат ва қулай транспорт инфратузилмаси орқали муносиб ҳаёт шароитини яратиш зарурлигини таъкидлади. Бу нафақат даромад манбаини кенгайтириш, балки жамиятда барқарор ва инсоний муҳитни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам экани айтилди.
Президентнинг таъкидлашича, меҳнат муносабатларини ислоҳ қилиш, касаба уюшмаларини кучайтириш ва иш берувчи билан ходим манфаатларини тенг ҳимоя қилиш мамлакат ижтимоий-иқтисодий барқарорлигининг асосий пойдеворидир.
Янги ташаббус орқали давлат, иш берувчилар ва меҳнаткашлар ўртасидаги мувозанат янада мустаҳкамланиши, ҳар бир инсоннинг меҳнати муносиб баҳоланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!