Венгрия ҳукумати Россия президенти Владимир Путиннинг Будапештга эҳтимолий ташрифи чоғида Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордери асосида ҳибсга олинмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто баёнот берди.
Сийяртонинг таъкидлашича, Венгрия Путинни қабул қилишга ва музокаралар учун тинч, хавфсиз муҳит яратишга тайёр. “Биз бу ерда Владимир Путинни қабул қиламиз ва унинг муваффақиятли музокаралар ўтказиб, уйига тинч қайтиши ҳақида қайғурамиз”, — деди у журналистлар билан суҳбатда.
Вазирнинг сўзларига кўра, Венгрия Россия ва АҚШ президентлари учун Будапештдаги музокаралар вақтида барча зарур шароитларни яратишга тайёр. Шу билан бирга, у мамлакат ташқи босимларсиз ҳаракат қилишини таъкидлади: “Бизга ҳеч ким билан маслаҳатлашишнинг ҳожати йўқ. Венгрия — суверен давлат”.
Маълумот учун, АҚШ президенти Доналд Трамп 16 октябрь куни Россия президенти билан Венгрия пойтахтида учрашиш нияти борлигини айтган. Учрашувнинг аниқ санаси ҳали белгилаб қўйилмаган.
Венгрия 1999 йилда ХЖС асосини ташкил этувчи Рим статутига қўшилган ва икки йилдан сўнг уни ратификация қилган. Бироқ 2023 йилда расмийлар Путин ташриф буюрса, уни ҳибсга олмасликка қарор қилганини билдирган.
2025 йилда мамлакат ҳукумати Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳам таклиф этган — унга нисбатан ҳам ХЖС ордери мавжуд. Нетаняҳу ташрифи фонида Венгрия халқаро суддан чиқиш ниятини эълон қилди, аммо ҳозирча бу жараён тўлиқ якунланмаган.
Путиннинг сўнгги халқаро сафарлари ҳам ХЖС ордерига қарамасдан эркин ўтган. У 2024 йил сентябрда Мўғулистонга, 2025 йил октябрда эса Тожикистонга ташриф буюрган — ҳар икки давлат ҳам Рим статутини ратификация қилган бўлса-да, ҳеч қандай ҳибс ҳаракати амалга оширилмаган.
Мутахассислар фикрича, Венгриянинг бу позицияси Ғарб ва Россия ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилган сиёсий қадам ҳисобланади. Мамлакат ҳозирда ЕИ аъзоси бўлишига қарамасдан, Москва билан мулоқотни узишни истамайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!