Ўзбекистон президенти 2025 йил 24 октябрь куни Брюссел шаҳрига расмий ташриф буюради. Сафар доирасида Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Ушбу ҳужжат сиёсий мулоқот, савдо ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаши ҳамда ислоҳотлар ва барқарор ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаши режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, битим икки томоннинг ислоҳотлар йўлидаги интилишини, иқтисодиётни модернизация қилиш ва халқаро майдондаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ниятини тасдиқлайди. Шунингдек, мазкур келишув жорий йил ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” инвестиция форуми каби ташаббуслар учун муҳим замин яратади.
КШҲБ Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда замонавий ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда. У савдо, иқтисодиёт, фан, таълим, экология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтириши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 1996 йилда имзоланган илк шартноманинг ўрнини босади ва бу мамлакат тараққиётининг янги босқичини намоён этади. “Ушбу ҳужжат мамлакатимиз сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий ва институционал жиҳатдан қай даражада олға силжиганини кўрсатади”, — дейилади вазирлик изоҳида.
Экспертлар фикрича, бу келишув нафақат Европа билан муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ҳам оширади. Брюссел билан имзоланадиган ҳужжат мамлакатни глобал иқтисодий жараёнларга янада чуқурроқ интеграция қилишга хизмат қилади.
Янги битим — бу нафақат сиёсий қадам, балки Ўзбекистоннинг ислоҳотлар, очиқлик ва барқарор ривожланиш йўлидаги қатъий қадамларининг тасдиғидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!