АҚШ президенти Доналд Трамп 16 октябрь куни ҲАМАС ҳаракатига нисбатан қаттиқ баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, агар Ғазо секторида фаластинлик жангчилар фуқароларга қарши зўравонликни тўхтатмаса, АҚШ ёки иттифоқчи кучлар аралашувсиз қолмайди. Бу ҳақда Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Агар улар одамларни ўлдиришда давом этса, бизда фақат бир чора қолади — ичкарига кириб, уларни йўқ қилиш”, — деди Америка раҳбари. У қайси кучлар амалиётда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот бермади.
Эслатиб ўтамиз, Трамп аввалроқ ҲАМАСнинг баъзи ҳаракатларига нисбатан “жуда ёмон тўдаларга қарши чоралар” деб изоҳ берган ва бу ҳақда “ҳаммаси яхши”, деган эди. Аммо кейинчалик Ғазо шаҳри жанубидаги қатллар тасвирланган видео тарқалгач, вазият кескин ўзгарди.
Хабарларга кўра, видео ёзувда тахминан саккиз кишининг қатл қилингани акс этган. DPA агентлиги маълумотига кўра, ҲАМАС бу фуқароларни Исроил армияси билан ҳамкорликда айблаган. Германия Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатни “даҳшатли” деб атади, Фаластин маъмурияти эса қонунбузарликни қаттиқ қоралади.
Исроил ҳукумати эса ўз навбатида ҲАМАСдан барча гаровга олинганларнинг жасадларини топширишни талаб қилди. Агар бу амалга ошмаса, Ғазо ҳудудида ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш билан таҳдид қилди. Расмий маълумотларга кўра, келишув бўйича ҲАМАС жами 28 нафар шахснинг жасадини топшириши керак. Ҳозиргача 10 та жасад қабул қилинган, аммо улардан бири Ғазо фуқароси экани аниқланган.
Трамп эса ўз навбатида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан бу масалани муҳокама қилишини айтди. CNN телеканалига берган интервюсида у: “Агар ҲАМАС келишувни бузса, Исроил кучлари кўчаларга яна қайтиши керак бўлади — буни мен айтган заҳоти амалга оширишади”, — деди.
Шунингдек, АҚШ президенти яна бир бор таъкидлади — агар ҲАМАС қуролсизланиш шартларини бажармаса, унга нисбатан ҳарбий зарба берилиши эҳтимоли катта.
Таҳлилчилар фикрича, Трампнинг бу баёноти Ғазо атрофидаги вазиятни янада кескинлаштириши мумкин. Бироқ Вашингтондаги манбаларга кўра, Оқ уй ҳозирча тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаракат режасини муҳокама қилмаяпти — асосий мақсад дипломатик босим орқали келишувни таъминлашдир.
Шундай бўлса-да, Трампнинг сўнгги сўзлари Ғазо можаросида АҚШ позициясининг яна қаттиқлашганини кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!