23:26 / 05.11.2020
1 859

АҚШдаги сайловлар: президентлик тақдири тўрт штатда ҳал бўлади, америкаликлар хавотирда

АҚШдаги сайловлар: президентлик тақдири тўрт штатда ҳал бўлади, америкаликлар хавотирда
REUTERS / EPA
Ўтган бир кунда Жо Байденнинг АҚШ президентлигига сайланиши имкониятлари анча ошди: у бир неча муҳим штатларда устунлик қилишда давом этмоқда. Аммо Дональд Трампнинг мағлубияти ҳақида гапиришга ҳам ҳали эрта. Сайловлар тақдири Пенсильвания, Жоржия, Аризона ва Невадада ҳал бўлади, бу ҳудудларда овоз бериш натижалари ҳали ҳисоблаб бўлинмади.

Жо Байден ҳозиргача 243 делегат овозига эга, Дональд Трампда - 214 овоз бор. Ғалаба учун номзодлардан бири 270 овозни ўзиники қилиши талаб этилади.

Статистикага кўра, Жо Байденга овоз берган америкаликлар сони АҚШнинг ҳар қандай президентига овоз берганлар сонидан кўп: 71,6 млн киши. Экспертлар буни сўнгги 120 йилдаги энг юқори давомат (қарийб 70 фоиз) ва демографик вазиятнинг динамик ўзгариши билан изоҳлашмоқда.

Шу билан биргаликда, ҳозирдан айтиш мумкинки, республикачилар Сенатдаги устунликни сақлаб қолишди. Демократларнинг улардан 4 ўринни тортиб олиш режаси амалга ошмади. Ўз навбатида Вакиллар Палатаси демократлар назоратида қолмоқда.

Қайси номзод ғолиб бўлмасин, у парчаланган Конгресс билан ишлашига тўғри келади, аммо бу янгилик акциялар бозорига ижобий таъсир кўрсатади, чунки Байден (ғолиб бўлса) Уолл-стрит қоидаларига дахл қила олмайди.

Ҳал қилувчи штатлар
Аризона (11 делегат) овозларни ҳисоблашда давом этмоқда, яқин соатларда янги маълумотлар келиши мумкин. Овозларни ҳисоблаш бошланганидан буён барчанинг кўзи ушбу штатга тикилган.

Бу одатда республикачиларга овоз бериб келгaн штат бўлиб, Аризона сўнгги марта 1996 йилда демократ номзодни қўллаган. Айни вақтда бу штатда Байден устун келмоқда, аммо орадаги фарқ катта эмас - овозларнинг 86 фоизи ҳисоблаб чиқилган ҳолатда 50,5 фоизга 48,1 фоиз.

Невадада (6) ҳам иш қизғин кетмоқда. Пайшанба кунининг иккинчи ярмидаги маълумотларга кўра, Жо Байденнинг бу ердаги устунлиги 1 фоизни ташкил этмоқда (49,5 фоизга 48,5 фоиз), унга овоз берган невадалик сайловчилар сони 12 мингга кўпроқ, ҳали барча бюллетенлар ҳисоблаб чиқилмаган - 87 фоиз. Невададаги якуний натижалар кун охирида чиқиши кутилмоқда, аммо, Америка нашрлари Байденнинг ғалабасига шубҳа қилишмаяпти.

Шунингдек, Пенсильвания (20 делегат) ва Жоржия (16 делегат) штатларидаги натижаларни ҳам сабрсизлик билан кутишмоқда, бу штатларда ҳозирча Дональд Трамп етакчилик қилмоқда. Шу билан бирга, бу штатларда ҳали ҳисобланмаган бюллетенлар почта орқали юборилган, бу усулда овоз бериш эса асосан демократлар учун хос. Шу туфайли, амалдаги президент ва Байден ўртасидаги фарқ соат сайин қисқариб бормоқда - Жоржияда 0,3 фоиз, Пенсильванияда - 1,8 фоиз.

Трамп ва Байденда қандай имконият?
Эндиликда Дональд Трамп учун ғолиб бўлиш жуда мураккаб вазифага айланди, аммо ундан ғалабани осонлик билан тортиб олиб ҳам бўлмайди. У ҳамон Пенсильвания, Шимолий Каролина ва Жоржияда устун келмоқда. Агар Трамп бу штатларни ўзида сақлаб қолса, бу уч штат унга жами 51 овоз беради.

Аммо бу овозлар ҳам ғалаба учун етарли бўлмайди, шу туфайли Аризона биринчи ўринга чиққан. Бу штатдаги ғалаба президент учун ҳаёт-мамот масаласи.

Ўз навбатида Байден кейинги тўрт йил давомида Оқ уйга бошқариши учун ҳозирда ўзи етакчилик қилаётган штатларда устунликни сақлаб қолиши талаб этилади.

Трамп Пенсильвания, Жоржия, Мичиган ва Висконсиндаги натижалар бўйича судлашмоқчи (ҳолбуки, дастлабки икки штатда овозларни ҳисоблаш жараёни ҳали давом этмоқда). Кейинги икки штатда эса у ва Байден ўртасидаги фарқ 1 фоиздан камроқ бўлган, бу эса унга овозларни қайта ҳисоблашни талаб этишга имкон беради.

Асаблар қақшаган
Орегон, Миннеаполис ва Аризонада тунда турли даражадаги тартибсизликлар бўлиб ўтди. Портлендда (Орегон) Трампга қарши бўлганлар шаҳар марказидаги биноларнинг витриналарини парчалашди. Чикаго, Филадельфия ва Нью-Йоркда эса нисбатан тинч руҳдаги акциялар бўлиб ўтди.

Чоршанба куни кечқурун Трампнинг 200га яқин тарафдорлари, уларнинг баъзилари қуролланганди, Тусон (Аризона) шаҳридаги сайлов комиссияси биносига келишди. Бунгача шаҳарда овозларни ҳисоблаш жараёни тўхтатилгани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалганди.

Детройтда (Мичиган) 30дан ортиқ республикачилар овозларни ҳисоблаш кетаётган бинога киришга уринишди. Аввалроқ бу штатда овозларни сохталаштириш билан боғлиқ ҳолат кузатилгани ҳақида миш-миш тарқалганли.

Ҳафта давомида мамлакат бўйлаб турли сиёсий кучларнинг 100га яқин митинглари ўтказилиши режалаштирилган.

Сайлов кунидан олдин ҳам махсус хизматлар натижалар қанча кўп вақт кечикса, бу ҳудудларда америкаликлар кўчаларга чиқиши эҳтимоли ортиши ҳақида огоҳлантирганди. Аммо ФҚБ расмийси ОАВга берган интервьюсида ҳуқуқ-тартибот органлари воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёрлиги ҳақида маълум қилганди.

Энг ёмон сценарийлар
Айрим экспертлар ҳозир юзага келган вазият хавотир билан кутилган сценарийлардан бири эканини айтишмоқда.

Иккиланувчи штатлардаги бундай минимал фарқлар (0,5-3 фоиз) шуни англатадики, сайлов ғолиби эълон қилинганидан кейин ҳам судлашувлар ва қайта ҳисоблашлар рўй беришига имкон қолдиради.

«Сайлов кунидаги сокинлик Американинг фавқулодда қўнишга тайёргарлиги эди. Мамлакат уйғонди, дераза ортида эса - эҳтимолий сценарийларнинг энг ёмони эди», - дея ёзади Philadelphia Inquire таҳлилчиси ва колумнисти Уилл Банч.

Бошқа томондан, бу одатий демократик жараён, бошқа вақтда бу оддий қабул қилинган бўларди. Аммо ҳозирда Америка жамоатчилигидаги бўлиниш улкан, асаблар шунчалик таранглашганки, мамлакатда фуқароларнинг қарама-қаршилиги юзага келиб, мувозанат издан чиқиши мумкин.

USA Today YouGov компанияси томонидан ўтказилган сўров натижаларини келтирди, унга кўра, сўралганларнинг 47 фоизи сайлов натижаларини шаффоф эмас деб ҳисоблашини билдирган, 51 фоиз респондент ғолибни қонуний президент деб ҳисобламаслигини айтган. Уларнинг 56 фоизи жиддий зўравонликлар кузатилиши мумкинлигини билдиришмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШдаги сайловлар: президентлик тақдири тўрт штатда ҳал бўлади, америкаликлар хавотирда