Бугун Парижнинг машҳур Лувр музейида жиддий ўғирлик содир бўлди. Маълумотларга кўра, Наполеон ва император Жозефинага тегишли қимматбаҳо тақинчоқлар коллекциясидан тўққизта буюм йўқолган.
Франция маданият вазири Рашида Дати ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида ҳодиса ҳақида шундай ёзди:
“Бугун эрталаб, Лувр очилиши пайтида ўғирлик содир бўлди. Ҳодисада жабрланувчилар йўқ. Ҳозир мен музей ходимлари ва полиция билан воқеа жойидаман”.
Лувр маъмурияти 19 октябрда музей “фавқулодда ҳолат” сабабли вақтинчалик ёпилганини расман маълум қилди. Le Parisien нашрининг ёзишича, ўғрилар таъмирлаш ишларидан фойдаланиб, юк лифти орқали бинога киришган. Кейин улар ойна ва эшикларни синдириб, Апполон галереясига етиб боришган.
Тергов маълумотларига кўра, ҳодиса жуда тез — атиги етти дақиқа ичида амалга оширилган. Ўғрилар тоғора, маржон, жиға ва тиарани ўз ичига олган тўққизта қимматбаҳо буюмни олиб қочишган.
Айни пайтда музей мутахассислари инвентаризация жараёнида бўлиб, йўқолган буюмларнинг аниқ рўйхатини тузишмоқда. Полиция эса Париж тарихидаги энг сирли маданий ўғирликлардан бири бўйича суриштирувни бошлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!