21:05 / 21.01.2021
1 436

«Сен буни ўзгартиришинг керак». Ўқитувчи ва биринчи хоним Жилл Байден ўзи ким?

«Сен буни ўзгартиришинг керак». Ўқитувчи ва биринчи хоним Жилл Байден ўзи ким?
Фото: Getty Images
Жилл Трейси Байден АҚШнинг янги биринчи хонимига айланди. «РБК» Нью-Жерсидан чиққан 69 ёшли аёлнинг таржимаи ҳолидан асосий фактларни келтириб ўтди.

Бўлғуси президент билан танишув
Жилл Жейкобс 1951 йилда Нью-Жерсида кўп фарзандли оилада дунёга келди. Сенатор Жозеф Байден билан танишгунича у собиқ футболчи Билл Стивенсон билан оила қурган. Уларнинг турмуши узоққа чўзилмади, 1974 йилда улар ажрашди, орадан бир йил ўтгач эса Жиллнинг коллежда танишган дўсти Фрэнк Байден уни акаси Жо билан таништириб қўйди.

У Жиллдан тўққиз ёш катта эди, уларнинг биринчи учрашувидан тўрт йил аввал эса автоҳалокат оқибатида рафиқаси Нейлия ва бир ёшли қизчасидан айрилганди. Жилл Vogue журналига берган интервьюсида айтиб беришича, биринчи учрашувда Жо уни кинога таклиф қилган, сўнг уйига кузатиб қўйиб, қўл бериб хайрлашган. «Ўшанда мен уйимга кириб, онамга қўнғироқ қилдим ва шундай дедим: ‘Ва ниҳоят, мен жентлменни учратдим’», — дея эътироф этди у.

Жо ва Жилл 1977 йилда Нью-Йоркда турмуш қурди. Тўй жуда оддий бўлди, маросимда келин-куёвдан ташқари, фақат Байденнинг биринчи турмушида дунёга келган ўғиллари Бо ва Хантер қатнашди. «Ўзи шундай режалаштирилган эди. Янги ҳаётга биз тўрт киши бўлиб қадам ташладик», — деб кейинроқ Байден ўз китобида ёзди.

Жо Байден рафиқаси Жилл билан.
Фото: Twitter/DrBiden

Темир парда ортидаги асал ойи
Жо ва Жилл асал ойи учун жуда ноодатий жойни танлаб, соцлагер мамлакатларидан бири — Венгрия Халқ Республикасига жўнаб кетди. Hungary Today нашри ёзишича, Шарқий Европага боришни Байденнинг дўсти Том Лантос тавсия қилган — унинг оиласи АҚШга Венгриядан эмиграция қилган.

Ташриф норасмий бўлган, аммо Будапештда Байден ва рафиқасини ҳукумат раисининг ўринбосари Иштван Гусар ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Янош Надь қабул қилган.

Ўқитувчиликка иштиёқ
Дастлаб Жилл мода саноатида ишлашни мўлжаллаб, Делавер университетига ўқишга кирган. Аммо бу соҳага нисбатан қизиқиши тезда сўниб, инглиз тилини ўқитишга диққат қаратишга қарор қилди. У, шу жумладан, ақлий нуқсонлари бўлган болалар билан ҳам шуғулланган. Ўқитувчилик касби уни шунчалик руҳлантирардики, 1980 йиллар охирида турмуш ўртоғига у бир кун келиб президент бўлса ҳам, ўқитувчиликни ҳеч қачон ташлаб қўймаслигини айтди.

Байден Барак Обама даврида вице-президент бўлганида Жилл ҳақиқатан ҳам ўқитувчилик фаолиятини давом эттирди ва Вашингтон яқинидаги коллежга ишга кирди. Тарихда биринчи марта вице-президентнинг рафиқаси ўз ишини ва «иккинчи хонимлик»ни биргаликда олиб борди, шу сабабли Оқ уйда уни ҳурмат билан «доктор Жилл Байден» деб аташди. Коллежда ўз ходимларининг протокол бўйича мажбуриятларига тушуниб қарашди ва у расмий тадбир ёки ташриф учун таътил олиши керак бўлганида, ён босишди. Турмуш ўртоғининг сайлов олди тадбирларида эса Жилл фақат дам олиш кунлари қатнашишга рози бўлди.

Фото: Reuters / Жилл Байден.
Турмуш ўртоғининг сиёсий карьерасидаги иштироки
Жилл Байден 1988 йилдаёқ АҚШ президентлигига номзодини қўйишга уринган турмуш ўртоғининг интилишларини доим ҳам қўллаб-қувватламаган. Washington Post хабарига кўра, 2004 йилда у ҳатто Жо Байденнинг уни президентлик пойгасига қўшилишга ундаган Демократлар партияси фаоллари билан учрашувида демарш ҳам уюштирган.

Аммо айнан Жорж Бушнинг ўша сайловлардаги ғалабасидан кейин Жилл Байден ўз фикрини кескин ўзгартирди. Уни АҚШни Ироқдаги урушга гирифтор қилган одам яна президентликка сайлангани ғазаблантирди. «Сен буни ўзгартиришинг керак», — деди у эрига.

Кейинроқ Жилл Байден турмуш ўртоғига сайлов олди кампаниясида фаол ёрдамлашди, унга нутқларинида ёзишда кўмаклашди, ўзи эса Мишель Обама билан бирга омма олдида чиқишлар қилди. 2020 йили у эри иштирокидаги бир нечта митингларда қатнашди ва ҳатто нутқ сўзлашга халақит беришга уринган рақибларга қарши турди.

Хайрия фаолияти
Жилл Байден саратонга қарши кураш бўйича фондлар, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига ёрдам бериш билан шуғулланадиган ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашади. Бу унинг оиласи тарихи билан ҳам боғлиқдир. Байденнинг катта ўғли Бо карьерасининг бир қисмини ҳарбий хизматда ўтказган бўлиб, у 2015 йилда онкологик касалликдан вафот этган.

2010 йилда Жилл Байден турмуш ўртоқлари Америка армиясида хизмат қилувчи аёллар ҳақидаги «Армия рафиқалари» сериалининг битта сериясида суратга тушди.

«Армия рафиқалари» сериалидан кадр.
Фото: ABC Studios
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)