Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида оилалар ажралиш ҳолатлари кескин кўпайгани маълум бўлди, деб хабар берди Олий суд матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, судларга никоҳдан ажратиш бўйича 52 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Улардан 27 мингдан зиёд ҳолатда никоҳлар расман бекор қилинган. Бу кўрсаткич мамлакатда оилавий низолар ва ажралишлар сонининг йил сайин ошиб бораётганини кўрсатади.
Олий суд маълумотида қайд этилишича, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида фуқаролик ишлари бўйича судлар 8,2 трлн сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 1,1 миллиондан ортиқ суд буйруқларини чиқарган. Бу тўловлар орасида алимент, иш ҳақи, қарздорлик ва коммунал хизматлар бўйича мажбуриятлар ҳам бор.
Шунингдек, судлар томонидан 472 мингга яқин фуқаролик иши кўриб чиқилган. Улардан 365 мингдан ортиқ иш бўйича талаблар қаноатлантирилган, 56 мингдан зиёд даъволар рад этилган, қолган қисми кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритуви тўхтатилган.
Кўриб чиқилган ишлар орасида 52 мингдан зиёд иш никоҳдан ажрашишга оид бўлган. Улардан 27 578 ҳолатда никоҳлар бекор қилинган, 18 430 иш бўйича эса суд жуфтликларни яраштиришга уринган.
Бундан ташқари, уй-жой масалалари бўйича 19 мингдан ортиқ, оталикни белгилашга оид 2,8 минг, ўзбошимчалик билан қурилган биноларни бузиш бўйича 9 мингдан зиёд иш кўриб чиқилгани қайд этилган.
Ҳисоботда таъкидланишича, фуқаролик ишларининг катта қисми оилавий низолар ва мулк билан боғлиқ муаммолардан иборат бўлган. Олий суд маълумотларига кўра, ажралиш ишларининг катта қисмида асосий сабаб — иқтисодий қийинчиликлар ва ўзаро ишончнинг йўқолиши экани кўрсатилган.
Апелляция ва кассация тартибларида ҳам минглаб ишлар кўриб чиқилган. Вилоят судлари даражасида 9,6 мингдан зиёд иш қайта кўриб чиқилиб, улардан 1,7 минг қарор бекор қилинган. Тафтиш тартибида эса 4,2 минг иш кўриб чиқилиб, 363 та қарор бекор қилинган.
Шу билан бирга, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича ҳайъати тафтиш босқичида 257 ишни кўриб чиқиб, уларнинг ярмидан кўпи бўйича қарорлар ўзгартирилган ёки бекор қилинган.
Мутахассислар фикрича, никоҳдан ажралишлар сонининг ортиши жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ. Улар оилаларни муаммоларни ҳуқуқий йўл билан ҳал қилишга чақирмоқда.
Шундай қилиб, суд статистикаси мамлакатда оилавий муносабатлар соҳасида жиддий ўзгаришлар кечаётганини кўрсатмоқда — бир томондан ажралишлар кўпаймоқда, иккинчи томондан эса фуқаролар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаоллашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!