12:00 / 02.07.2021
1 986

Ким Чен Ин Covid-19 билан боғлиқ «фожиали ҳодиса» учун қўл остидагиларга ғазабини сочди. Бу нимани англатади?

Ким Чен Ин Covid-19 билан боғлиқ «фожиали ҳодиса» учун қўл остидагиларга ғазабини сочди. Бу нимани англатади?

Аввалроқ расмий шахслар кўрилган самарали чоралар туфайли пандемия ушбу мамлакатга таъсир қилмаганини айтишганди. Аммо Ким Чен Иннинг баёноти шуни англатадики, мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият жуда яхши эмас.
Корея Марказий телеграф агентлиги Ким Чен Иннинг Корея Меҳнат партияси раҳбариятининг махсус чақирилган йиғилишида айтган сўзларидан иқтибослар келтирган.

У фуқаролар ва миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган қандайдир фожиали ҳодисага сабаб бўлгани учун номи айтилмаган амалдорларни қобилиятсизлик ва масъулиятсизликда айблаган.

Марказий телеграф агентлиги бир неча юқори лавозимли амалдорлар ишдан олингани ҳақида хабар берган, жумладан, Корея Меҳнат партияси сиёсий бюросининг доимий аъзоларидан бири (доимий аъзолар сони 5 нафар, Ким Чен Ин улардан бири) ва партия Марказий қўмитаси котиблари алмаштирилган.

Айнан қандай ҳодиса ҳақида гап кетаётгани ва ишдан олинганлар айнан кимлар бўлганига аниқлик киритилмаган. Пандемия бошлангач, 2020 йил январида КХДР ўз чегараларини бутунлай ёпиб олганди.

Расмий Пхеньян мамлакатда коронавирус йўқлиги ҳақида бир неча бор хабар берган. Бироқ 2020 йил июль ойида Ким Чен Ин коронавирус гумон қилинаётган биринчи ҳолатни эълон қилиб, партия сиёсий бюросининг фавқулодда йиғилишини чақирганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2021 йил июнь ойи охиридаги маълумотларида ҳам КХДР шу пайтгача коронавирус юқтириш ёки инфекциядан ўлим ҳолатлари ҳақида ҳисобот бермагани акс этган.
Чегаралар ёпилиши шусиз ҳам халқаро санкциялар туфайли оғир аҳволда бўлган иқтисодиётни буткул инқирозга учратиб, озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигига олиб келганди.

Апрель ойида партия конференциясида Ким Чен Ин мамлакатга очлик хавф солаётганини тан олган ва фуқароларни янги «Оғир сафар»га (КХДРда 1990-йиллар бошидаги иқтисодий инқироз ва юзага келган очлик даври шундай аталади) тайёрланишга чақирганди.

Бу нимани англатади?
Ўз вақтида Шимолий Кореядан қочиб кетган ва ҳозирда КХДР бўйича эксперт ҳисобланган Ан Чан Ирнинг тахмин қилишича, бу Пхеньян ташқаридан келадиган ёрдамга муҳтожлиги ҳақидаги сигнал ҳисобланади.

«Акс ҳолда улар эпидемияга қарши курашда режимнинг муваффақиятсизликка учраганини тан олмаган бўлишарди», деб ҳисоблайди у.
Сеулдаги Иҳва аёллар университети профессори Оейф-Эрик Ислининг ишонч билан айтишича, агентлик хабари КХДР аҳолисининг саломатлигида жиддий муаммолар юзага келганини англатади.

«У барчасига балогардон одамларни топади - етарлича содиқ бўлмаган амалдорларни мафкурадан четга чиқишда ва ёмон ишлашда айблаб йўқотади», дея тахмин қилади профессор.

«Бу хабар камарларни янада қаттиқроқ тортиш учун талабларнинг асослантирилиши ҳам, хориждан вакцина олиш учун сиёсий тайёргарлик кўриш ҳам бўлиши мумкин», дея қўшимча қилган доктор Исли.

Вазият қанчалар ёмон?
Шимолий Корея қатъий карантин чоралари эълон қилган, давлат нашрлари доимий равишда фуқароларни огоҳликка чорлаб келади.
Ўтган йилда шимоллик корейслар Хитойдан кириб келган «сариқ қум» туфайли тревога кўтаришганди. Фанга саҳро қумларини учириб юрувчи мавсумий шамоллар ва Covid-19 тарқалиши ўртасида қандайдир боғлиқлик борлиги маълум эмас.

КХДРнинг асосий иқтисодий ҳамкори Хитой билан савдо ҳажми кескин қисқариб кетган. Кўплаб турдаги озиқ-овқат воситалари ва дори-дармонлар бозорда мавжуд эмас.

Сўнгги ойларда Шимолий Кореядан озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошгани, очликдан ўлим ҳолатлари ва шаҳар кўчаларида тиланчилар кўпайгани ҳақида хабарлар келиб туша бошлаган. Халқаро ташкилотлар жиддий инқироз ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Ким Чен Ин озиб кетдими?
Сўнгги кунларда Ким Чен Ин вазнини йўқотгани ҳақида кўп гапирилди. Аввалроқ Шимолий Корея телевидениеси Ким Чен Иннинг соғлигидан хавотирда эканини билдирган пхеньянлик билан интервьюни намойиш этганди.

«Жаноб Ким қанчалик озганини кўриб, биз қаттиқ қайғуга ботдик. Барчамиз йиғладик», деган у Марказий телевидение мухбирига.
Бундай чиқишлар давлат нашрлари учун хос эмас, бу давлатда раҳбар имижи қатъий назорат қилинади, унинг соғлигини муҳокама қилишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, телеэфирда Ким Чен Ин концертга ташриф буюргани акс этган лавҳалар берилган, кадрларда у чиндан ҳам аввалги йиллардагига қараганда анча озгани кўринади. Буни партия йиғилишидан олинган кадрлар ҳам тасдиқлайди.

Ким Чен Ин иштирокидаги кадрларни синчковлик билан ўрганган кузатувчилар унинг қўлидаги соат камари ҳам энди бошқа тешикка маҳкамланаётганига эътибор қаратишган. Шундай экан, у катта вазн ташлаганига шубҳа йўқ.

Аммо шу вақтгача телеканал нима учун Пхеньян аҳолиси вакили билан бундай интервьюни намойиш этгани маълум эмас.
«Фақат бир нарса ҳақида ишонч билан гапириш мумкин - Шимолий Кореядаги режим ҳеч қачон Ким Чен Инни салбий томондан тасвирловчи янгиликни эълон қилишга рухсат бермайди», дея эслатади One Korea Center сайти раҳбари Квак Гил Сеоб.

«Бу янгиликлар, кўп эҳтимол билан мамлакат чиндан қийин даврда яшаётгани, мамлакатда ейиш учун ҳеч вақо қолмагани, раҳбар эса халқ учун тун-у кун қаттиқ меҳнат қилаётганини кўрсатишга қаратилган», дея қайд этади эксперт.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Ким Чен Ин Covid-19 билан боғлиқ «фожиали ҳодиса» учун қўл остидагиларга ғазабини сочди. Бу нимани англатади?