07:30 / 18.02.2022
1 085

АҚШ Россия чегарадаги қўшинларини оширишда давом этаётганини айтмоқда

АҚШ Россия чегарадаги қўшинларини оширишда давом этаётганини айтмоқда
Фото: Reuters
АҚШ ҳукуматидаги юқори мартабали мансабдорлардан бири Россиянинг қўшинларини Украина чегарасидан олиб кетаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Унинг тасдиқлашича, сўнгги кунларда чегара ҳудудига яна 7 минг ҳарбий олиб келинган. Россия мудофаа вазирлиги ҳам қўшинларни олиб кетиш ҳақида эмас, машғулотларнинг бир қисми якунлангани ҳақида баёнот берганди. Қолган машғулотлар давом этмоқда, Донбассдаги отишмалар ҳақидаги хабарлар ортидан рубль курси қулай бошлади.

Яна 7 минг ҳарбий
Аноним манба бир неча нашрлар журналистлари қаршисида шу маълумотни айтган. Бу Россиянинг Украинага бостириб кириши таҳдидига баҳо илк бор шундай форматда берилиши эмас. Манбанинг маълум қилишича, Россия Украинага бостириб кириш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши ва бу «исталган вақтда» содир бўлиши мумкин (Вашингтондагилар аввал ҳам шу каби прогнозлар беришганди).

АҚШ президенти маъмуриятидаги амалдорнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда чегарага яна 7 мингга яқин ҳарбий хизматчилар жойлаштирилган, уларнинг бир қисми чоршанба куни келган. Reuters ва Bloomberg агентликлари у бу сўзлари учун бирор далил келтирмаганига эътибор қаратган.

Сешанба куни Россия мудофаа вазирлиги вакили Ғарбий ва Жанубий ҳарбий округлар бўлинмалари ўз ҳарбий гарнизонларига қайта бошлаши ҳақида маълум қилганди. Душанба куни ҳарбий машғулотларнинг бир қисми якунланаётгани ҳақида вазир Сергей Шойгу анонс қилганди. Россиялик ҳарбийлар бу контекстда Украинани тилга олмаган, аммо 2014 йилда босиб олинган Қримни тарк этаётган ҳарбий техникалар видеоси намойиш этилганди.

«Кеча Россия ҳукумати қўшинларини Украина чегарасидан ортга қайтараётганини маълум қилди. Бу баёнот АҚШда ҳам, бутун дунёда ҳам барчанинг эътиборини тортди. Аммо энди биз бу ҳақиқат эмаслигини биламиз», - дейди Axios портали мухбири билан суҳбатда аноним манба. У Москва фақат «сўзда» дипломатияга тайёрлиги, амалда «урушга тайёрланиши»ни айтди. Душанба куни Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров дипломатияни давом эттириш муҳимлигини қайд этганди.

«Биз фақат аксини кўряпмиз»
Бу борада очиқ баёнотлар ҳам берилди. «Россия нима демоқдаю, Россия нима қилмоқда. Биз ҳеч қанақасига уларнинг ҳарбийлари олиб кетилаётганини кузатмаяпмиз. Биз ҳамон муҳим бўлинмалар чегара томонга ҳаракатланаётганини кўрмоқдамиз, чегарадан кетаётганини эмас», деди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.



Унинг ҳамкасби - АҚШ Давлат департаменти расмийси Нед Прайс ҳам журналистларга Вашингтон Россия томонидан кескинликни юмшатиш учун ҳаракат қилинганини кўрмаётганини айтди: «Биз бунинг аксига гувоҳ бўляпмиз. Сўнгги ҳафтада ва ҳатто сўнгги кунларда чегарадаги россиялик жангчилар сони кўпайди. Улар жанговар позициялар сари ҳаракатланишмоқда, бу эса хавотир уйғотади».

Шунингдек, Прайс Владимир Путиннинг Донбассдаги геноцид ҳақидаги ҳеч қандай асоссиз сўзларидан ҳам ташвишга тушган, унинг фикрича, бундай баёнотлар Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар учун баҳона ўлароқ қўлланиши мумкин.

Сешанба куни Путин билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Германия канцлери Олаф Шольц 1999 йилда Югославияда геноцид хавфи бўлгани ва вазиятга НАТО аралашгани ҳақида гапирганди. «Бизнинг баҳоларга кўра, бугунги кунда Донбассда бўлаётган ишлар, - бу геноцид», - дея фикр билдирганди ўшанда Путин.

Кейинги куни Россия Тергов қўмитаси Донбассда ўтган йили «бешта оммавий қабр» аниқлангани ҳолати юзасидан жиноий иш очди. Қўмита маълумотига кўра, бу қабрларга Украина қуролли тузилмалари томондан йўлланган артиллерия зарбалари қурбони бўлган тинч аҳоли вакиллари кўмилган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки эса бу жиноят иши дезинформация ва босқин учун баҳона бўлиши мумкинлигини айтди. У русларнинг ҳужуми исталган дақиқада бошланиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Оқ уй хабарига кўра, Байден ва Шольц Украина атрофидаги инқирозни ва Россия ҳужумга ўтган тақдирда, НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилган.

Россия Украина билан чегарада ўз ҳарбий салоҳиятини ошираётгани, бу эса Москванинг қўшинлар олиб кетилаётгани ҳақидаги баёнотига зид келиши ҳақида Британия разведка хизмати Жим Ҳокенҳалл ҳам гапирганди. «Биз Россия ҳарбийларини Украина чегарасидан олиб кетганига оид далилларни кўрмадик. Баёнотлардаги гапларга терс ўлароқ, Россия Украина яқинида ҳарбий қудратини оширишда давом этмоқда», - деган камдан кам ҳолларда жамоатчилик учун баёнот билан чиқувчи генерал Ҳокенҳалл.

Ҳокенҳаллнинг сўзларига кўра, Украина чегаралари томон қўшимча зирҳли техникалар, вертолётлар ва дала госпиталлари олиб келинмоқда. «Россияда бостириб кириш учун ҳарбий куч етарли», - дея хулоса қилади генерал.

АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг Украинага ҳужум қилиш эҳтимолини «жуда юқори» деб баҳолади. «Россиянинг Украинага ҳужуми яқин кунларда бошланиши мумкин», деган у.

Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг россиялик ҳарбийлар чегарадан олиб кетилаётганининг белгиларини кўрмаётганини айтган, Украина президенти Владимир Зеленский BBC мухбирига берган интервьюсида шундай деганди: «Ҳозирча ҳеч қанақа қўшинлар олиб кетилишини кўрмадик. Биз бу ҳақда фақат эшитдик».

Аввалроқ Америка нашрлари разведка хизматларидаги манбаларига асосланиб, Россия Украинага 16 февраль куни бостириб кириши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Босқин рўй бермади.

Украина билан чегарада 100 мингдан ошиқ қўшин тўплаганига қарамай, Москва бир неча бор қўшни давлатга бостириб кириш режаси йўқлигини билдирган. Россия ҳукумати ҳарбийларни ўз ҳудудида ҳаракатлантириш ўз ҳуқуқи эканини таъкидлаган, Ғарбнинг босқин бўйича хавотирларини «жазавага тушиш» деб атаган.

Бу вақтда россиялик ҳарбийлар Жанубий ҳарбий округда, яъни Украина билан чегара яқинида янги манёврлар - махсус топшириқли бўлинмалар иштирокида тактик-махсус машғулотлар ўтказилаётгани, унда шартли рақиб ҳудудида ҳаракатланиш бўйича машқлар амалга оширилаётганини маълум қилишди.

Донбассдаги отишмалар
Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар пайшанба куни Украина томонидан артиллерия зарбалари берилгани ҳақида маълум қилди.

«Сўнгги бир кунда туташув чизиғида вазият кескинлашди», деди ЛХР милицияси вакили Ян Лешченко. У саккиз марта ўт очилгани, жумладан 120 мм калибрли миномёт ва гранатомётлардан фойдаланилганини айтган. Луганскнинг Донбасс бўйича контакт гуруҳидаги вакили Родион Мирошникнинг сўзларига кўра, ЛХР қуролли бўлинмалари бунга жавобан Украина қуролли кучлари позицияларини ўққа тутган.

ДХР Горловка Украина ҳарбийлари томонидан миномёт билан ўққа тутилгани ҳақида хабар берган. «Ленинское посёлкасидан Горловкага (Гагарин номидаги посёлкага) 82 мм калибрли 16та мина, Майорскадан Горловкага (Изотов номидаги посёлкага) 82 мм калибрли 16та мина учирилди», - дейилади хабарда. ДХРдагилар ҳам туташув чизиғида кескинлик ошаётганини маълум қилган.

Ўз навбатида, Украина штаби айирмачилар Станица Луганскаядаги болалар боғчасига зарба берганини маълум қилган. Унга кўра, артиллерия зарбалари чоғида снарядлардан бири бинога келиб тушган, натижада бинода бўлган икки аёл жабрланган - уларда конфузия ҳолати кузатилган.

Украина штаби кун бошидан буён душман томон сукунат режимини 29 бор бузган, шундан 27 ҳолатда - Минск келишувларига зид ўлароқ қурол қўлланган: 122 мм калибрли артиллерия, 120 мм калибрли миномёт ва танкларга қарши гранатомётлардан отилган.

Снарядлардан бири Марьинка шаҳри марказида, мактаб яқинига, «Пролиска» гуманитар миссияси офисидан 100 метр масофага тушган. Бу ҳақда фейсбук саҳифасида ёзган миссия раҳбари Евгений Каплиннинг маълумотига кўра, бунинг оқибатида бир аёл жароҳатланган.

«Вазият кескинлашмоқда. Биз кун давомида Россия чегарада зарбдор салоҳиятини сақлаб қолаётгани ҳақидаги хабарларни эшитдик. Аммо гап ўз ҳудудимиз ҳақида кетмоқда. Аммо ҳеч ким, Ғарбнинг бирор вакили туташув чизиғида Украина қуролли кучларининг улкан зарбдор салоҳияти гапирмади», деди Песков журналистларнинг Кремль Донбассдаги вазиятга қандай баҳо бериши ҳақидаги саволига жавобан.

ДХР ва ЛХРнинг баёнотлари ҳозирча тасдиқланмаган. ЕХҲТнинг кузатув миссиясининг кунлик ҳисоботида айтилишича, ҳозирча туташув чизиғида кескинлик ўсганини қайд этилмаган. Кун давомида миссия ўт очишни тўхтатиш режими бузилиши билан боғлиқ 24 ҳолатни қайд этган, шундан бештаси портлаш. Бир кун олдин 17 қоидабузарлик рўй берганди.

«Интерфакс»нинг ёзишича, Донбассдаги вазият кескинлашгани ҳақидаги хабарлар ортидан рубль ва акциялар тушган. Гривна курси ҳам пасайган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Россия чегарадаги қўшинларини оширишда давом этаётганини айтмоқда