Эпштейннинг ўлими олдидаги мактуби ва яширин ҳақиқатлари очилди

АҚШда Жеффри Эпштейн томонидан ёзилгани айтилган ўлим олди мактуби жамоатчиликка ошкор этилди. Нью-Йорк федерал судьяси 6 май куни мазкур ҳужжатни эълон қилиш ҳақида қарор чиқарди. Хатда “хайрлашиш вақтини инсоннинг ўзи танлай олиши — ёқимли ҳолат” деган мазмундаги жумлалар ҳам ўрин олган.
Мактуб қандай аниқланган?
Собиқ молиячи ва вояга етмаганлар савдосида айбланган Эпштейн 2019 йил август ойида Манхеттен қамоқхонасида ўлик ҳолда топилган эди. Расмий хулосага кўра, унинг ўлими ўз жонига қасд қилиш сифатида баҳоланган.
Қўлёзма шаклидаги ушбу мактубни Эпштейннинг собиқ камерадоши, қотилликда айбланган собиқ полиция ходими Николас Тарталёне топгани айтилмоқда. Мазкур ишни кўриб чиққан судья Кеннет Карас The New York Times мурожаатидан сўнг мактубни очиқлашга рухсат берди.
Суд қарори ва ҳужжат тақдири
Судья Карас ушбу хатни омма учун очиқ бўлиши керак бўлган суд ҳужжати сифатида баҳолади. Чунки мактуб Тарталёненинг жиноий иши материаллари қаторида тақдим қилинган.
Ҳозирда Николас Тарталёне гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қотиллик ишлари учун тўрт марта умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.
Судья ҳужжатни махфий сақлаш учун етарли ҳуқуқий асос мавжуд эмаслигини билдирди. Шу билан бирга, у мактубнинг ҳақиқий ёки сохта эканига баҳо бермаганини ҳам таъкидлади.
Хат ичида нималар ёзилган?
Сарғиш тусли қоғозга тезкор тарзда ёзилган мактуб Тарталёненинг адвокатлари орқали судга тақдим этилган. Маълумотларга кўра, у 2019 йил июль ойида Манхеттен қамоқхонасида Эпштейн билан икки ҳафта давомида бир камерада сақланган.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, мактубда шундай сатрлар бор:
Эпштейн 2013 йилда Флоридада вояга етмаганларни фоҳишаликка жалб қилишда айбдор деб топилган эди. Ўша вақтда у баҳсли келишув орқали нисбатан енгил жазо билан қутулиб қолган. 2019 йил июлида эса яна ҳибсга олиниб, Нью-Йорк ва Флоридада вояга етмаган қизларни ёллаш, уларга нисбатан зўравонлик қилиш ва жинсий муносабатларда бўлиш каби айбловларга дуч келган.
Ҳужжат нега яширин сақланган?
Ушбу мактуб ҳақида Николас Тарталёне 2025 йилдаги подкастлардан бирида ҳам гапирган эди. Бироқ The New York Times бу ҳақда мақола эълон қилгач, мавзу яна кенг муҳокама марказига айланди.
Нашр маълумотларига кўра, федерал терговчилар бу мактубни аввал кўрмаган. Шунингдек, у АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Эпштейн иши бўйича эълон қилинган миллионлаб ҳужжатлар ичида ҳам учрамаган.
Судья Карас ҳужжатни оммага тақдим этиш ҳақида қарор чиқарар экан, Эпштейннинг ўлими аллақачон жамоатчилик муҳокамасига айланганини инобатга олди ва шахсий дахлсизликка оид хавотирлар асосли эмаслигини билдирди.
Эпштейннинг “масжиди” ва Ўзбекистон билан боғлиқ жиҳат
Журналистлар Эпштейнга тегишли ёзишмаларни таҳлил қилиш жараёнида унинг шахсий оролида қурилган ғалати “масжид” ҳақида ҳам маълумотларга дуч келди.
Маълум бўлишича, Эпштейн ушбу бинода Каъба кисваси, Ўзбекистондан келтирилган кошинлар ва Сурия меъморчилиги услубидан фойдаланган.
2011 йилда у ҳақиқий плиткалар топиш мақсадида Ўзбекистондаги танишларига мурожаат қилиб, “Улар ички деворлар учун, масжид услубида ишлатилади”, деб ёзгани маълум қилинди.
Лойиҳа учун румыниялик дизайнер Ион Никола жалб этилгани ҳам айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!