date

Instagram’даги катта тозалаш миллионлаб обуначиларни “йўқ қилди”

Meta компаниясига тегишли Instagram ижтимоий тармоғи сўнгги йиллардаги энг катта рақамли “тозалаш” жараёнларидан бирини бошлади. 6 майдан эътиборан платформа ботлар, фаол бўлмаган аккаунтлар ва сунъий равишда кўпайтирилган обуначиларни оммавий ўчиришни бошлади.

Натижада бутун дунё бўйлаб миллионлаб аккаунтлар обуначилар сони кескин камайиб кетди. Интернет фойдаланувчилари бу воқеани ҳатто “Great Purge of 2026” — “2026 йилнинг буюк тозалаши” деб аташмоқда.

Маълумотларга кўра, Instagram бир неча соат ичида миллионлаб “ўлик жонлар”ни платформадан олиб ташлади. Бу жараён нафақат оддий блогерлар ва бизнес аккаунтларга, балки жаҳоннинг энг машҳур юлдузларига ҳам жиддий таъсир қилди.

Энг катта йўқотишлардан бири Кайли Женнер аккаунтида кузатилди. У тахминан 14-15 миллион обуначисини йўқотган.

Криштиану Роналдунинг йўқотишлари эса турли манбаларга кўра 7-8 миллиондан 18 миллионгача баҳоланмоқда. Шунга қарамай, португалиялик суперюлдуз ҳозир ҳам Instagram’даги энг машҳур инсон бўлиб қолмоқда — унинг аудиторияси тахминан 666 миллион атрофида экани айтилмоқда.

Шунингдек, машҳур K-pop гуруҳи Blackpink расмий саҳифаси ҳам қарийб 10 миллион обуначини йўқотган.

Бундан ташқари, Селена Гомес, Ариана Гранде, Лионел Месси ва бошқа кўплаб жаҳон юлдузларининг аудиториясида ҳам сезиларли камайиш кузатилди.

Мутахассислар фикрича, оддий аккаунтлар ўртача 2-5 фоиз аудиторияни йўқотган бўлса, сунъий “накрутка”дан фойдаланган саҳифаларда бу кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин.

Meta бу жараённи платформанинг “ҳақиқийлиги”ни ошириш билан изоҳламоқда.

Компаниянинг таъкидлашича, асосий мақсадлар қуйидагилардан иборат:

— реклама берувчилар учун статистикани аниқлаштириш;
— алгоритмларни ҳақиқий контентга нисбатан адолатли қилиш;
— бот-фермалар ва сохта аудиториялардан халос бўлиш.

Қайд этилишича, Instagram аввал ҳам шунга ўхшаш “тозалаш” ишларини амалга оширган. Аммо бу галги жараён кўлами жиҳатидан платформанинг бутун тарихидаги энг йирикларидан бири бўлмоқда.

Ҳозирча “тозалаш” жараёни тўлиқ якунланмаган. Шу сабаб яқин кунларда кўплаб аккаунтларда рақамлар яна ўзгариши мумкин.

Мутахассислар эса бу ҳолат контент яратувчилар учун муҳим сигнал эканини айтмоқда: энди Instagram’да асосий куч сунъий рақамларда эмас, ҳақиқий аудитория ва сифатли контентда бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Instagram’даги катта тозалаш миллионлаб обуначиларни “йўқ қилди”