16:30 / 27.02.2022
1 379

Афғон аёлларининг сирли кундаликлари

Афғон аёлларининг сирли кундаликлари
Фото: GHAZAL FARKHARI
Афғонистон ҳукуматига «Толибон» келганига ярим йил тўлди. Бу вақт ичида энг кўп тақиқларга учраган афғон хотин-қизлари бўлди. Улар орасида ҳарбий, ўқитувчи, шифокор, ҳуқуқшунос ва талаба бўлган 5 нафар аёл «Толибон»дан яшириб, бошдан кечирганларини ёзиб боришган. Аёллар мактубларини BBC’га жўнатади.

15 август – “Қўрқинчли туш”
2021 йил 15 августда афғон армиясининг собиқ аскари, ҳукумат вазирликларидан бирида ишловчи Маари эрталаб 7:30да ишга жўнаётганди. Маари уйдан чиқар экан, одатдагидек тиғиз иш куни, учрашув ва конференциялар ҳақида ўйлаётганди. У дарвозадан чиқиши билан кўчада сирли сукунатни пайқайди ва шунга қарамай учрашувлар белгиланган тақвимини текшириб, ишга йўл олади.

Аёлни кўрган ҳамкасби унинг ишга келганидан ҳайратда қолади. Барча аёлларга ишхонани тарк этиш топшириғи берилади. Маарининг ёзишича, у ишхонада қолишни афзал кўрган.

Эркак ҳамкасбларим шу ерда қолиб ишлаётган бир пайтда, мен ҳам улар билан қоламан”, – дейди у.

Маари оддий ходим эмас, ҳарбий рекорд қайд этган юқори мартабали расмий ҳам эди. «Толибон»нинг Кобулга кираётгани ҳақидаги хабарлар ҳамма жойда тарқай бошлагач, Маари ишлайдиган вазирлик беркитилиб, ходимларнинг бари уйига жўнатилади.

Худди шу пайтда Афғонистоннинг бошқа бир жойида Хатера исмли география ўқитувчиси 40 ўғил бола ўқийдиган синфда дарс бошлаётганди. Бирдан синфга қўлида телефон тутган ўқитувчилар «Толибон»нинг Кобулга киргани ҳақидаги хабарлар билан келишганди. Бу ерда ҳам ягона чора – ҳаммани уйига жўнатиш эди.

Фото: GHAZAL FARKHARI
Хатера автобус бекатига етганда кўча бўйлаб юклари ва боласини кўтарган одамларнинг турли томонга қараб кетаётганини кўради.

Машиналар ҳаракати тўхтаб қолган, ҳамма саросимада, худди қиёмат бошланганга ўхшарди. Аввалига хавотирланмаётгандим. Лекин афғон аскарларининг сумкаларини орқасига осиб, аэропорт томон йўл олаётгани эсимни оғдирди. Юрагим тез уриб, югура бошладим. Бу қўрқинчли тушга ўхшарди”, – деб ёзади у.

Тахминан шу пайтларда Афғонистондаги Америка университети талабаси Залага 48 соат ичида уни АҚШга эвакуация қилишлари ҳақида электрон хат келди.

Хабарни олган Зала керакли буюмларни сотиб олиш учун бозорга югуради. Одамлардан нима бўлаётганини сўрайди. У тўхтатган биринчи киши жуда шошаётганди, кейингиси эса Кобул эгалланганини айтади. Зала қотиб қолади.

«Бутун кучим танамдан оқиб кетаётганди, қўлларим, оёқларим қалтирай бошлади. Уйга қандай етиб бораман, деб ўйлардим ўзимча», – деб ёзади у.

Зала дўстлари билан учрашиб, қаҳва ичиб, мусиқа тинглайдиган кафе ва ресторанлар олдидан ўтаркан, ўпкасини тутиб туролмайди. Бутун ҳаёти кўз олдидан бирма-бир ўтарди. Тўғри, Зала «Толибон» ҳукмронлиги қандай бўлишини билиш учун жуда ёш. Лекин у 1990-йилларда «Толибон» режими остида яшаган ота-онасидан даҳшатли воқеаларни эшитган. Агар у кетмаса, ота-онаси айтиб берган воқеалар унинг келажагига айланиши мумкин.

4 сентябр – аёллар норозиликлари
31 ёшли Ваҳида Амири «Толибон» келгунича Кобул марказидаги кутубхонага раҳбарлик қиларди. У ҳуқуқ факултетини тамомлаган, қарийб 5 минг китоб йиғган. Унинг орзуси бутун Афғонистон аёлларида китоб ўқишга рағбат уйғотиш эди. Ваҳида «Толибон» аскарларининг кўчаларда назорат ўрнатиши ва одамларга қандай яшашни ўргатиши адолатсизлик деб ўйлар ва бунга қарши курашиш керак деб ҳисобларди.

Фото: GHAZAL FARKHARI
Иш йўқ, Ваҳида бир неча кундан бери балконида ўтирибди. Бу – бир пайтлар унинг энг севимли жойи эди, шу ердан одамларнинг суҳбатлари ва қушлар овозини эшитарди. Ҳозир эса бутунлай сукунат чўмган. У Афғонистондан кетаётган самолётларни санаб ўтирибди. Бир кунда баъзан 10, баъзан 20 самолёт учяпти. Ҳамма кетса, ким қолади, Афғонистон яраланди, у парчаланиб кетади, деб ўйларди у. Бир куни кечқурун Ваҳиданинг дўсти унга қўнғироқ қилиб, «Толибон»га қарши бош кўтаришни айтади ва бир қанча аёллар тўпланишади.

Улар ўзларини “Афғон жангчи аёлларининг ихтиёрий ҳаракати” деб аташади ва 4 сентябрда тенг ҳуқуқлилик талаби билан кўчаларга чиқишади.
Аёллар Афғонистон президент саройигача боришни мақсад қилишганди. Аммо Молия вазирлигидан бироз ўтгач, уларни «Толибон» аскарлари қуршаб олади.

Биз уларга тинч йўл билан намойиш ўтказаётганимизни айтишга чоғланган ҳам эдик, ўзимизни деворга маҳкам боғланган ҳолда топдик. Бизга кўздан ёш оқизувчи газлар сепишди”, – дейди Ваҳида.

Кейинги кунларда кўплаб аёлларни тўхтатиб, қамчилашган ва электр токли таёқлар билан калтаклашган.

7 сентябр – “Қуролингдан қўрқмайман”
Бу – «Толибон» Панжшерни таслим қилган кун эди. Шимолий Афғонистонда жойлашган Панжшер 1990-йилларда Совет иттифоқи ва «Толибон»га қарши курашлари билан машҳур бўлган. У 2021 йилда ҳам «Толибон» бўйсундиролмаган охирги ҳудуд бўлиб қолаётганди. Ваҳиданинг оиласи панжшерлик. Шу сабаб Ваҳида яна бир маротаба яқин дўстлари билан Панжшерда ўқ отилиши тўхтатилишини сўраб кўчага чиқади. Ва уларни «Толибон»нинг АК-47ларни қўлида тутган аскарлари қарши олади. Улардан бири Ваҳидага уйга қайтиб, тушлик тайёрлаганинг яхшироқ деб таҳдид қилади.

Мен қуролингдан қўрқмайман. Сизлар билан истаган мавзуда баҳслаша оламан. Аммо уйга овқат тайёрлаш учун қайтмоқчи эмасман”, дея жавоб қайтаради Ваҳида уларга. Шу воқеадан бир кун ўтиб, «Толибон» намойишларни тақиқлади.

17 сентябр – ҳаётларни сақлаб қолиш
Маҳера Афғонистон шимолидаги гавжум касалхоналарда акушер-гинеколог бўлиб ишлайди. «Толибон» босқинининг биринчи ҳафтасида у ҳам уйда қолди, кейин уни ишга чақириб олишади. «Толибон» босими остида ишлаш осон эмас эди. Улар ҳамма нарсага аралашарди.

Беморлар дори нархи ва хизматлардан шикоят қилишса, уларга нотўғри муолажа қиляпти деб «Толибон» бизни қўрқитарди”, – дейди Маҳера.

Фото: GHAZAL FARKHARI
Кўплаб тиббий ходимлар мамлакатни тарк этган ва кўп клиникалар ёпилганди. Маҳера ўшанда 12 туманга қатнаб беморларга хизмат кўрсатган. Тиббий хизмат жуда муҳим, чунки Афғонистон оналар ва чақалоқлар ўлими бўйича дунёдаги энг ёмон кўрсаткичлардан бирига эга.

Қайтганимнинг биринчи кунида, мен чодир кийдим. Унинг остида қалтирардим. Кун сайин «Толибон» тиббиёт кийимларига кўникди ва чодирни киймай қўйдим”, — деб ёзади у.

25 сентябр – парчаланган юрак
«Толибон» мамлакатда ўғил болалар учун мактаблар қайта очилишини эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб, Хатерани мактабга чақиришади. У доскага ёзганда димоғига уриладиган бўр ҳидини, ўқувчиларининг Кобул ҳақида бериши мумкин бўлган саволларини ўйлаб мактабга келади. Атрофини ўқувчилар ўраб олган Хатерани директор хонасига чақиришади. У ерда барча аёл ўқитувчиларни тўплаб, исмларини ёзиб, имзо қўйдириб, уйга жўнаш буюрилади.

Афғонистон Ислом Амирлиги аёлларнинг ишлашига тўсқинлик қилмоқда”, – дейди мактаб директори ўқитувчиларга.

Унда нега барча аёл ўқитувчиларни чақиришди? Хатеранинг фикрича, директор ишлашга тайёр аёллар имзоларини йиғиб, «Толибон»га ёқмоқчи бўлган.

Хатера мактаб эшиги олдида 10 йилдан бери дарс бераётган синфхонасига қараб қолди. Қанийди, ўқувчиларига яна қайтишини айта олса. Лекин кўз ёшлари бунга изн бермади, Хатеранинг юраги парчаланганди.

27 октябр – “Улар бизни излаяпти”
Маари ва унинг афғон миллий армиясидаги собиқ ўртоқлари «Толибон» келганидан бери яшириниб юрибди. «Толибон» собиқ ҳарбий хизматчилар ва аёлларга амнистия эълон қилишини айтганди, аммо Маари бунга ишонмасди.

Фото: GHAZAL FARKHARI
Маарининг ҳамкасбларидан бирининг таниши келиб, «Толибон» уларни излаётгани, суратларини кўчалар бўйлаб кўрсатиб юрганини айтади. Ва унга жонини сақлаш учун тезроқ бу ердан кетиши кераклигини маслаҳат беради. Маари ҳарбийлар орасида энг ҳимоясизи эди. Чунки у узоқ вақтдан бери таъқиб қилинган шиа ҳазора жамоасидан бўлиб, унинг яқинларини ҳам «Толибон» уйларидан ҳайдаб чиқарганди. Шундай қилиб, Маарининг боришга жойи йўқ. «Мен очликдан ўлишим мумкин, чунки уйимдан ташқарига чиқолмайман ва буни ҳеч ким билмайди», – деди у.

5 ноябр – жўнашни кутиш
Зала АҚШ Афғонистонга бостириб кирганидан кейин туғилган. Отаси бадавлат одам бўлгани учун Зала сиёсий ва ҳуқуқий фанларни фахрли университетда ўқиган. У учиши керак бўлган биринчи парвоз амалга ошмади. Шундан бери ҳар 2 ҳафтада унга жўнаши ҳақида хабар келади. Кийим-кечакларни жойлаш у ва оиласи учун анъанага айланиб ҳам қолди.

Фото: GHAZAL FARKHARI
Зала ранг-баранг кийинишни ёқтирадиган ўсмир эди. Энди улар ўрнига қора рангли ёпинчиқ кийишига тўғри келади.
Олдин бунга ўхшаш нарса киймаганман. Энди эса рўмол вақти”, – дейди у.

23 ноябр – 100 кунлик
Бу пайтда «Толибон» Афғонистонга бостириб кириб, Кобулни қўлга олганига роппа-роса 100 кун бўлганди. Кўп вилоятлар, пойтахт Кобулда ҳам қизлар ўрта мактабга бориши тақиқланган, аёллар ишлашига рухсат йўқ. Уларнинг ўрнини эркаклар эгаллаган ёки ҳамон бўш турибди. Иқтисодиёт инқирозга учраяпти, чунки халқаро ёрдам узилган, совуқ ҳаво кириб келяпти. Халқаро озиқ-овқат ташкилотига кўра, 95 фоиз одамга овқат етмайди. Мактаб муаллимаси Хатера ва оиланинг ягона боқувчиси бўлган доктор Маҳера дастурхонга нима қўйишни билмайди. Чунки улар 3 ойдан бери маош олишмаган.

6 декабр – тўхтаб қолган ҳаёт
Ваҳида Амири очликдан кундан кун ҳолдан тойиб бормоқда. Аммо ҳамон афғон аёлларининг овози бўлиш умидида яшамоқда.

Маари Кобулдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди ва ҳозир номаълум жойда яшаяпти. Уйдан чиқиб кетгач, 2 кун ўтиб, Маарининг уйига толиблар келган.

Хатера ҳамон совуқ уйда яшамоқда, у мактаб очилишидан умидвор.

Зала уларни эвакуация қилишларини кутяпти. У кейинги 24 соат ичида эвакуация қилиниши ҳақидаги навбатдаги хатни олди.

Маҳерага «Толибон» билан алоқадор киши оила қуришни таклиф қилган. Аммо Маҳера унга турмушга чиқмоқчи эмас.

Ваҳида Амиридан ташқари матндаги қолган аёлларнинг исми ўзгартирилган. Хатлар BBC’га жўнатилганда декабр ойи эди. Аёлларнинг ҳозирги аҳволи номаълум.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғон аёлларининг сирли кундаликлари