18:50 / 30.04.2022
1 905

Отасининг васиятини бажармаган фарзанднинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

Отасининг васиятини бажармаган фарзанднинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
Оналари оламдан ўтгач, фарзандлар отани уйлантириш ташвишига тушишади. Аммо улар хоҳлагандай аёл ҳадеганда топилавермайди. Отанинг топган аёлини эса фарзандлар ёқтирмайди. Куни келиб, оталари вафот этгач, фарзандлар ўгай онани уйдан қувишади...

Бу кечмишни сўзлаб берган инсонни қандай қилиб юпатишни билмасдим. У бошидан кечирган воқеалар бошқаларга ҳам ибрат бўлар, деган ниятда қоғозга туширдим.

«Мендан кейин отангизни уйлантириб қўйинг»

Оилада уч ўғил, уч қиз эдик. Мен оилада тўнғичи эдим. Улғайиб, вояга етгач, сингилларимни узатдик. Мен ва укаларим навбати билан уйландик. Яшаб турган уйимизни отам бир пайтлар икки қаватли, хоналарини кўп қилиб қурган эди. Мен билан ўртанча укам оиламиз билан шу ерда яшайвердик. Кенжа укам уйлангач бироз биз билан бирга яшади-да, сўнг ота-онамнинг рухсати билан туман марказидаги ҳовлимизга кўчиб кетишди.

Бу орада фарзандларимиз туғилиб, улғая бошлашди ва энди ҳовли минг катта бўлмасин, икки ака-укага торлик қилишини тушуниб етдик. Оилавий маслаҳатдан кейин укам ҳовлимизнинг ёнидаги ерга алоҳида уй-жой қуриб чиқадиган, мен эса ота ҳовлида қоладиган бўлдим. Укам баҳорда қурилишни бошлаб уйни битирди ва кузгача алоҳида бўлиб чиқиб кетди.

Бу орада онам бетоб бўлиб қолди. Дўхтирлар онамга даҳшатли касаллик – саратон ташхисини қўйишди. Шундан сўнг онам унча узоқ яшамади, касаллик уни енгиб қўйди: бизларни куйдириб, айни фарзандлар ва набиралар роҳатини кўрадиган ёшда вафот этди.

Онам вафотидан аввал биз фарзандларни тўплаб анча насиҳат қилди. «Ўзларингни эҳтиёт қилинглар», «Болаларингга яхши қаранглар», қабилидаги гаплардан сўнг: «Отангизни авайлаб эҳтиётланглар, парвариш қилинглар. Мен ўтганимдан кейин узоқ куттирмасдан уйлантириб қўйинглар. Келин ва узатилиб кетган қиз отага умр йўлдошдай қарай олмайди. «Ота рози, Худо рози», деган гап бор. Отангизни хафа қилманглар. Унинг дилини оғритиб Худонинг қаҳрини келтирманглар», деб насиҳат қилди. Орадан бир неча куни ўтиб онам жон берди. Биз фарзандлар бўзлаб қолавердик...

Онамнинг маъракалари тугаб, орадан икки-уч ой ўтиб отамни уйлантириш учун боши очиқ аёлларни сўраб суриштира бошладик. Аммо биз хоҳлагандай аёл ҳадеганда учрайвермади. Биз отамга ёши каттароқ ёки ёшроқ бўлса ҳам туғмайдиган аёл қидираётган эдик. Ўшанда биз фарзандлар отамизнинг ёшроқ, ҳали туға оладиган аёлга уйланиб, яна фарзанд кўришини хоҳламаётгандик.

Чунки қиз фарзанд кўришса, у улғайгунча отамиз қариб мункиллаб қолади: қизни узатиш ташвиши бизнинг бошимизга тушади. Агар ўғил фарзанд кўришса, улғайгач мен яшаётган ҳовлимни унга бўшатиб бериб, ўзим янги ҳовли қилиб чиқишим керак бўлади. Мен эса буни мутлақо истамаётган эдим. Укаларим ва сингилларим ҳам айнан шу фикрда эди.

Бизни норози қилган қарор

Отамга мос аёлни топиш учун қилган ҳаракатларимиз беҳуда кетди. Роса қидирганимиздан кейин аниқ бўлдики, биз қидиргандай ёш бўлса-да туғмайдиган, кексароқ ёшдагилардан боши очиқ аёллар бу музофотларда умуман йўқ экан. Ахийри отамнинг дўсти узоқ қариндошлари орасидан бир аёлни топди. Аммо жувоннинг ёши ўттизларда, соғлом ва ёш эди. Оила қургач, эри нашаванд бўлгани учун фарзанд кўришга улгурмасдан тезда ажрашиб кетган, ўшандан буён турмушга чиқмай юрган экан.

Айтишларича, аёлга ёшроқ ёлғиз эркаклардан талабгор чиқмаган. Ёши кексаларга турмушга чиқишни ҳоҳламаган, шу сабабли уйда ўтириб қолиб кетаверган. Кутилмаганда, аёл отамга тегишга рози бўлибди.

Бизга жувоннинг ёшгина эканлиги маъқул келмади. Отамизнинг унга уйланмоқчи бўлаётгани, аёлнинг ҳам рози бўлганини эшитиб, биз фарзандлар йиғилиб, ўзимизча отамизга насиҳат қилдик. Ҳали шошилмай туришини, ёши кексароқ ёки туға олмайдиган аёл албатта топилишини айтдик. Аммо отамнинг қарори қатъий эди. Биз ҳарчанд уринмайлик, отамизни ўша аёлга уйланишдан қайтара олмадик.

Отам ҳаммамизга эшиттириб, ўша аёлга албатта уйланишини, бундан уни ҳеч ким ва ҳеч нарса қайтара олмаслигини маълум қилди. Иккита укамга-ку унча билинмас, улар алоҳида яшашади. Отамнинг бу қарори мени оғир ҳолатга тушириб қўйди. Отам фарзанд кўрса энг оғир юк менга тушади, деб ваҳимага туша бошладим.

Мен гумроҳ ўшанда Аллоҳ ҳар бир бандасини ризқи билан яратишини, бир банда иккинчига ризқ бера олмаслигини ўйламабман ҳам. Ваҳоланки, савдо ишлари билан шуғулланардим ва хоҳласам алоҳида уй қилиб чиқиб кетишим ҳам мумкин эди. Аммо ўшанда менинг ақлим ва нафсимни шайтон эгаллаган, қалбимни эса занг қоплаган эди.

Ниҳоят отам ўша аёлга уйланди. Шу ондан бошлаб хотиним иккаламизнинг ҳаловатимиз бутунлай йўқолди. Мен ишим юзасидан куни билан уйда бўлмасдим. Айниқса хотинимнинг ҳаёти таҳлика ва азобда ўтаётганди ва кечки пайт унинг дийдиёларини эшитишга мажбур эдим. Хотиним ва мен «отам яна фарзанд кўра олмасин», деб тинимсиз Худога нола қилардик.

Ўз отамга зулм қилдим

Лекин биз қўрққан нарса содир бўлди. Ўгай онамиз ҳомиладор бўлди. Шундан сўнг хотиним иккаламизнинг еган-ичганимизда тамомила ҳаловат қолмади. Энди нима бўлади, деб иккимиз ҳам бош чангаллаб қолдик.

Хотиним энди ўгай онамни ҳадеб турткилайдиган бўлди. Аҳвол шу даражага етдики, отам «хотиним қаровсиз қолса келиним бирон зарар етказмасин» деб, ҳомиладор хотинининг олдидан ҳеч қаерга чиқмай қўйди. Ўртоқларининг йиғинларига, маҳалладаги тўй-маъракаларга бора олмай қолди.

Бунинг асл сабабини билмаган ўртоқлари отамни кўриб қолишганда «Ҳа, ёшига уйланиб кўчага ҳам чиқа олмай қолдингми?» деб ҳазиллашишар, изза қилишарди. Улар отам ҳомиладор хотинидан хавотирланиб доим уйда ўтиришини билишмасди.

Шу орада икки-уч марта отам билан баҳслашиб ҳам олдик. Отам менга: «Ўғлим, хотинингни бироз йиғиб ол», деди. Мен эса унга қарши бориб, умримда кўзига тик қарамаган отамга: «Ўзингиз ҳам хотинчангизни йиғиб олинг», деб гап қайтардим. Отам мендан қаттиқ хафа бўлди.

Орадан кунлар ўтиб, ўгай онамиз эгиз фарзандлар туғди: ўғил ва қиз. Отам яна фарзандли бўлганидан ниҳоятда хурсанд эди. Мен билан хотинимнинг ичига эса чироқ ёқса ёришмасди. Укаларим туғилгандан кейин отам ҳатто ҳовлидан бирровга ҳам чиқмайдиган бўлди. Отамнинг ҳам, бизнинг ҳам ҳолатимиз жуда асабий эди.

Бу орада хотиним қозон-ўчоғини ҳам алоҳида қилиб олди. Отам рўзғорга керакли нарсаларни укамнинг болаларига буюриб олиб келтирарди. Ўзи эса ўгай онам ва болаларини ёлғиз қолдириб чиқишни ҳоҳламасди.

Ҳозир ўша пайтларни эсласам, ўзимдан нафратланиб кетаман. Отам ва ўгай онамга шунча зулм ўтказибмиз-у, аммо улар бу ҳақда ҳеч кимга лом-лим дейишмабди.

Иккинчи укам ва унинг хотини зимдан биз тараф эди. Шу учун ҳам улар отамга ёрдам беришмас, ҳолидан анча-мунчада хабар олишмас эди.

Рўзғоримиз алоҳида бўлганидан кейин энди отамни баъзида овқат пишираётгани ёки кийимларини ўзи юваётганига кўзим тушиб қоларди. Мен ўшанда гапимизга кирмай, фарзанд кўрган отам шу жазоларга лойиқ, деб ҳисоблар эдим.

Армонда кетган отам

Шу тарзда орадан уч йил ўтди. Укаларимнинг тили чиқди, оёққа туриб, юриб кетишди. Энди отам уларни кўчага олиб чиқадиган, айлантириб келадиган бўлди. Мен ва хотиним эса бу ҳолатни кўриб баттар асабийлашардик. Аммо отамнинг хурсанд кўриниши ҳам юзаки экан. Мазаси бўлмай ётиб қолди.

Сўнгги уч йиллик асабий ҳаёт отамнинг юрагини кемириб бўлган экан: у бироз муддат бетоб бўлиб ётгач, тўсатдан вафот этди. Отам жон бераётганида мен ёнида ҳам эмасдим. Кейин билсам, укаларим ҳам ёнида бўлишмаган.

Отамнинг ёнида уни кўришга келган синглиси бўлган, холос. Отам ўз васиятини ҳам шу аммамга айтибди.

Жаноза ва ундан кейинги аза маъракаларида ҳеч нарса бўлмагандай «куюниб» ўтиравердим. Шундан кунларнинг бирида аммам ҳаммамизни йиғиб, отамнинг сўнгги васиятидан гап очди.

«Жиянларим, акамнинг омонат гапи, катталаринг шу ҳовлида қолади. Аммо ака-укалар биргалашиб онангга ва укаларингга (аммам шу ерда ўгай сўзини ишлатмади) қирдаги боғни бошидан иккита хонали бўлса ҳам уй солиб, шароитини тўғирлаб берасизлар. Бунда ҳар биринг ҳолингга қараб ҳисса қўшасан. Кейинчалик ҳам уларни ёлғизлатиб қўймай, уларнинг ҳолларидан хабар олиб, ёрдам бериб турасизлар. Яна, ўша қирдаги узумзор боғдан бир қисмини унга берасизлар. Акамнинг васиятлари шу», – деди.

Отам «ҳолингга қараб ҳисса қўшасан», деганда ҳойнаҳой мени назарда тутган. Чунки укаларимга нисбатан менинг иқтисодий ҳолатим яхши эканини биларди. Ё шу гапни аммамни ўзи қўшганмикин?! Ўшанда ҳатто отамнинг васиятидан ҳам гумонга бордим.

Укаларим аммамнинг гапларини индамай эшитишди, аммо хаёлларидан нималар ўтаётгани менга қоронғи эди. Мен эса отам васият қилган ишларнинг бирортасини ҳам қилмайман, деб ўйлаётгандим.

Ўгай онамизни ва фарзандларини кўчага ҳайдадик

Отамнинг вафотидан кейин хотиним ва менинг ўгай онамга бўлган зуғумларимиз ошкора ва шиддатли бўла бошлади.

Қирдаги боғдан уй қуриб бериш, кейинчалик аҳволидан хабардор бўлиб ёрдам бериш уёқда турсин, биз очиқчасига ўгай онамиз олдига «болаларингни олиб, келган жойингга йўқол» дея талаб қўя бошладик.

Ўгай онамиз ўшанда: «Майли, уй ҳам, ер ҳам, ёрдам ҳам керакмас, ишлаб болаларимни ўзим боқаман. Фақат болаларим сал улғайиб, ўзларини ўнглаб олгунича муҳлат беринглар, кейин ўзим кетаман», деб роса ялинди.

Аммо бизнинг кўзимиз кўр, қулоғимиз кар эди.

Ахийри уни ёш болалари билан уйдан ҳайдаб чиқардик. Аммо у ота ҳовлисига қайтиб бордими ёки бошқа ёқларга кетдими, буниси бизга номаълумлигича қолди.

Ўшанда «ниҳоят, қулоғимиз тинчиди, ташвишлардан қутулдик», деб ўйладим. Аммо ташвишлар энди бошланиши, Яратган мени кўп оғир синовларга рўпара қилишини билмаган эканман.

Сўнгги пушаймон

Синовларнинг биринчиси қўлимдаги давлатимдан бир зумда мосуво бўлишим – бир фирибгарга чув тушиб, оқибатда катта миқдорда қарз бўлиб қолишим билан бошланди.

Мен қарз бўлган одам пулини қистайвергач, ноиложликдан унга ўзим яшаб турган ота ҳовлимни ҳисоблаб олишини ва ошган маблағни беришини таклиф қилдим. Аммо у кўнмади. Охири уй-жой ва ҳовлини сотишим ҳақида маҳаллага эълон беришга мажбур бўлдим. Харидор ҳам тезда топилди.

Уйни сотиб, қарзимни тўладим. Қарздан ортган озроқ пулга отам укаларингга уй қуриб бер деган қирдаги боғимизда ўзим ва болаларим учун икки хонали уй қуриб, кўчиб бордим.

Иккинчи синовга савдо дўконимдан айрилиб, «банкрот бўлган» деган рўйхатга тушиб, барчанинг ишончини йўқотганимда дуч келдим.

Учинчи синовга ўзимнинг ҳам, хотиним ва болаларимнинг ҳам боши турли дардлардан аримай қолганда дуч келдим.

Шунда онамнинг: «Отангни уйлантиринглар, уни оғринтирманглар, «Ота рози, Худо рози» дейишган» деган васияти, отамнинг: «Укаларингга қаранглар, улар билан қонларинг бир» деб қилган васиятларини эсладим. Шунда кўзим мошдай очилди ва қанчалик ёвузлашиб кетганимизни, қилган ишларимиз фақат ва фақат гуноҳ бўлганини, ота-онамга ва Яратганга осийлик қилганимни тушуниб етдим.

Зудлик билан ўгай онам ва укаларимни излай бошладим. Аввал ўгай онамни ота ҳовлисига қидириб бордим. Аммо улар мени хушламай кутиб олишди ва ўгай онам қаерда эканини айтишни исташмади. Астойдил йиғласа сўқир кўздан ҳам ёш чиқади, дейишганидай мен ўгай онамнинг яқинларига қилган ишларимдан афсусда эканимни, астойдил тавба қилганимни айтдим.

Шунда улар менга ўгай онам яна турмушга чиққанини ва укаларимни ҳам олиб кетганини айтишди ва уларни безовта қилмаслигимизни сўрашди. Мен уларга ўгай онамдан кечирим сўраш ва укаларимни ҳолидан хабар олиб туриш учун қидираётганимни айтдим. Менга ишониб-ишонмай, барибир ўгай онамнинг манзилини беришди.

Ўгай онам қўшни тумандаги фарзанди йўқ бир кишига турмушга чиққан экан. Қидириб борганимда дастлаб мени кўриб қўрқиб кетди. Шунда мен унга қилган зулмларимдан афсусдалигимни айтиб кечирим сўрадим. Ўгай онам «кечирдим» деди, аммо бу гапни чин кўнгилдан айтдими ёки мени юпатиш учун айтдими билолмадим. Сингилчам ва укам мени танишди, аммо ўртада барибир кўринмас чегара бор эди.

Ҳа, бу вақтга келиб, Яратган қалбимнинг зангини кетказган, намоз ўқишни ўрганган эдим. Жума маърузаларидан динимизда ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, уларни парвариш қилиш, эъзозлаш муҳим ва савоби улуғ ишлардан эканини билдим, аммо... энди кеч бўлганди.

Бўлиб ўтган воқеалардан ниҳоятда афсусда эдим. Бироқ энди вазиятни тўғирлай олмасдим. Мен-ку, ота-онамга ва Яратганга осий бўлдим. Энди бор умидим Яратганнинг раҳматидан, марҳаматидан.

Хоҳлардимки, бошқалар мен қилган хатоларни такрорламаса, ота-онасини ҳали тириклигида бошида кўтарса, улар ҳаёти дунёдан ўтиб кетишгач, васиятларини амалга оширса.

Ғайрат Йўлдош ёзиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Отасининг васиятини бажармаган фарзанднинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)