18:47 / 03.04.2023
154

Пластик идишлардан фойдаланиш муддатини узайтиришга ёрдам берадиган тавсиялар

Пластик идишлардан фойдаланиш муддатини узайтиришга ёрдам берадиган тавсиялар

Пластик идишлар озиқ-овқатни олиб кетиш ва музлатгичда сақлаш учун жуда қулайдир. Қандай қилиб бу идишларни янгидек сақлаш мумкин?

Микротўлқинли печдан фойдаланаётганда эҳтиёт бўлинг

Идишда микротўлқинли печ учун хавфсиз деб ёзилган бўлса ҳам уни ортиқча ишлатмаслик керак. Бу идишлар овқатни қайнатишга қадар қиздиришга ярамайди. Идиш ортиқча қизишдан бузилмаса-да, унга озиқ-овқат ҳиди ва бўёқлари сингиб кетиши мумкин. Шу боис унда овқат қиздирсангиз бўлади, лекин таомни қайнатишни истасангиз, буни шиша ёки сопол идишда қилган яхшироқ.

Идиш ювиш машинасидан ҳам эҳтиёт бўлинг

Пластмасса идишларнинг идиш-товоқ машинасида ювиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилинг. Акс ҳолда, ювилгандан кейин идиш қопқоқлари тўғри келмай қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Идишларни машинада ювиш мумкин бўлса

Уларни идиш-товоқ саватининг юқори токчасига қўйинг ва қопқоқлари пастга тушмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Қопқоқни панжаранинг пастки қисмига қўйсангиз, ювиш вақтида у панжаралар орасига тушиб, машина токчасидаги иситиш элементига тегиши мумкин. Ёки унга хавфли даражада яқин бўлиши. Бу ҳолда қопқоқ ҳаддан ташқари иссиқликдан эриши ёки деформацияланиши турган гап.

Рангли маҳсулотларда доғ пайдо бўлишига йўл қўймаслик

Идишни бўяб қўймаслик учун оддий ҳийла ишлатинг. Пластик идишда помидор соуси сақламоқчи бўлсангиз ички қисмини ўсимлик мойи билан юпқа қатламда мойланг (қоғоз сочиқ ёки мой пуркагич ёрдамида). Ёғ овқат ва пластмасса ўртасида ҳимоя қатлами ҳосил қилади. Агар таркибни тўғридан тўғри идишда қиздирсангиз, усул ўз самарасини йўқотади.

Пластмасса ранги бўялиб бўлдими? Идишни кучсиз оқартирувчи эритмага ботириб олинг

Бир стакан илиқ сувга бир ош қошиқ хлорли сайқаллаш эритмаси солинг. Ичидаги барча доғларни қоплаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун эритмани етарли миқдорда тайёрланг. 30 дақиқадан кўпроқ намланган ҳолда қолдиринг, сўнгра иссиқ совунли сувда ювинг. Эритма оқартирувчи бўлгани учун яна бир неча марта тоза сув билан ювиб ташланг. Ниҳоят, идишни худди шу 30 дақиқа давомида тоза илиқ сувда намланган ҳолда қолдиринг, сўнг уни тўкиб ташланг. Хлор ҳиди қолмайди.

Идишни фойдаланилган заҳоти ювинг

Бўшаган тушлик контейнерини қанчалик тез ювсангиз, унга камроқ ҳид ўрнашиб қолади. Одатда, уни илиқ сув ва гел билан ювишингиз керак, лекин бу ҳар доим ҳам иложсиз. Ҳеч бўлмаганда фақат озиқ-овқат қолдиқларидан ҳоли қилинг.

Истеъмол содаси ёрдамида ҳидлардан халос бўлинг

Ҳидланиб қолган идишларни истеъмол содаси билан асл ҳолатига қайтарса бўлади. Идишни илиқ сув ва гел билан ювинг, сўнгра сода сепинг ва 5-10 дақиқага қолдиринг. Кейин оҳисталик билан пластмасса идишдаги содани нам шимгич билан артиб олинг. Идиш деворларидаги қолдиқларни сув билан ювиб ташланг.

Идишни қачон янгисига алмаштириш керак?

Ахир улардан доимий фойдаланиб бўлмайди. Агар у деформацияланган бўлса, қопқоғи маҳкам жойлашмаса, доғ ва ҳидларни юқоридаги усулларнинг ҳеч бири билан кетказиб бўлмаса, унда янгисини сотиб олиш вақти келди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Пластик идишлардан фойдаланиш муддатини узайтиришга ёрдам берадиган тавсиялар