Куннинг исталган пайтида совиткич томон йўналсангиз ва тарозидаги рақамлар сизни қувонтирмаса, сизда савол туғилади. Нима учун доим нимадир егингиз келади? Овқатланишга бўлган доимий хоҳишдан халос бўлишнинг оддий усули борми?
Афсуски, сеҳрли таблетка ёки парҳез йўқ. Вазнингиз эса фақат ўзингизга боғлиқ. Бироқ овқатланишни назорат қилиш ва исталмаган очликка нима сабаб бўлганини аниқлаш керак.
Саломатликнинг бузилиши
Эҳтимол, физиологик табиатнинг энг муҳим сабаби касаллик ва гормонлар етишмовчилигидир. Паркинсон касаллиги билан оғриган одамлар овқатланишни қандай назорат қилишни билишмайди. Гипертиреоз ва гелминтоз касалликлари ҳам овқатланишга бўлган майлни оширади. Шу боис шифокорлар билан маслаҳатлашиш, лозим бўлса баъзи тестлардан ўтиш талаб этилади. Бу вазиятда ўз-ўзини ташхис қилиш ёрдам бермайди, фақат зарар келтиради. Агар организмда ҳамма нарса тартибда бўлса, доимий овқатланиш истагингизнинг бошқа сабабларини кўриб чиқинг.
Уйқусизлик
Агар сиз саккиз соатлик соғлом уйқудан воз кечган бўлсангиз, унда янги ҳамроҳингиз — доимий очликни қабул қилинг. Олимлар одам ухлаётганида организмда грелин ва лептин гормонлари ишлаб чиқарилишини исботлади. Биринчиси очлик сигналлари учун, иккинчиси — тўйинганлик сигналлари учун жавобгар. 8 соатдан кам ухласангиз, грелин даражаси ошади ва лептин камаяди. Овқатланасиз, лекин тўқлик ҳисси пайдо бўлмайди. Аксинча, грелин яна ва яна ейишга ундайди! Шунинг учун соат 22:00 ёки 23:00 дан кечиктирмасдан уйқуга ётинг.
Чанқоқлик
Баъзан чанқоқни очлик билан аралаштириб юборамиз ва шунчаки сув ичиш ўрнига нимадир ейишни бошлаймиз. Аммо унинг аломатларини аниқлаш осон! Лаб қуриши ва терининг қичиши — булар чиндан ҳам ташна эканингизни билдиради ва у тоза ичимлик суви билан бостирилади, озиқ-овқат билан эмас. Баъзи шифокорлар овқатдан ярим соат олдин бир стакан сув ичишни маслаҳат беришади. Бу ҳам ортиқча овқатланиш хавфини камайтиради.
Спиртли ичимликлар ва қаҳвани ҳаддан ташқари кўп ичиш
Кучли ичимликлар ва кўп миқдордаги қаҳва организм учун заҳардир. Бундан ташқари, улар кечки овқат ёки байрам пайтидаги овқатланишда назорат туйғусини сусайтиради. Одатдагидан кўра кўпроқ овқат ва газакларни истеъмол қилганингизни эсланг. Шунинг учун эрталаб қаҳва ичишни кечиктиринг ва спиртли ичимликларни қатъий равишда чекланг.
Шакарни кўп истеъмол қилиш
Реклама ҳийла-найрангларига учманг: шоколад батончиклари очликни қондириши мумкин, аммо узоқ вақтга эмас. Том маънода ярим соатдан кейин сиз яна овқатланишни хоҳлайсиз. Тез ҳазм бўлувчи углеводлар шундай ишлайди, улар энергия билан тўлдириши мумкин, аммо қисқа вақт ичида бу энергия тугайди. Шунинг учун ушбу ҳолатда оқилона йўл тутинг. Мураккаб углеводларга — авокадо, пишлоқ, ёнғоқ ва уруғларга, йогуртга устунлик бериш керак. Нонуштани эса ҳеч қачон ўтказиб юборманг.
Оилавий овқатланиш одатлари
Агар оилангиз жуда кўп ва тўйиб овқатланишни яхши кўрса ва болалигингиздан ликопчангиздаги ҳамма овқатни мажбуран ейишга ундашган бўлишса, унда бу одат сиз билан бирга балоғатга етади. Оилавий анъана ва одатларни бузиш қийин, аммо диетани ва истеъмол қилинадиган озиқ-овқат миқдорини қайта кўриб чиқиш мумкин. Асосийси, бунда сабр-тоқат ва вақт талаб этилишини ёдда тутиш.
Стресс ва ҳиссий сиқилиш
Одамлар стресс ҳолатида кўпроқ овқатланишлари исботланган. Бироқ ҳамма ҳам эмас. Баъзиларга стресс шунчалик таъсир қиладики, иштаҳаси буткул йўқолади. Аммо кўпинча стресс ва салбий ҳис-туйғулар сақланиб қолади. Шоколадли кекс ва уч бўлак пицца бундай ҳолда ман этилмайди, аксинча, у одамни тинчлантиради. Аммо биринчи навбатда асосий сабабни аниқлашга ҳаракат қилинг, стресс ва салбий ҳиссиётлардан чиқиб кетиш йўлларини изланг.
Мақтов
Баъзан Интернетда бундай маслаҳатларга дуч келасиз. Танловда ғолиб бўлинг — ўзингизни торт ва музқаймоқ билан сийланг. Ва ҳоказо. Аммо озиқ-овқат қувонч учун рағбат ва муваффақият натижаси бўлмаслиги керак. Бир ўйлаб кўринг, агар сиз қандайдир ғалабага эришсангиз ва бу муваффақиятни егуликлар билан нишонласангиз нима бўлади. Бу нотўғри овқатланиш ва ортиқча вазнга олиб келади.
Шунчаки зерикиш ва сериаллар
Инсон шу қадар тартибга солинганки, у узоқ вақт зерикиб ўтиролмайди. Бу вақтда у ўзини банд қилиш учун бирор нарсага муҳтож. Ва бу нарса энг фойдали эмас, балки кўпинча озиқ-овқат билан тўлдирилади. Ҳа, кинотеатрлар ҳаммамизга кино томоша қилаётганда овқатланиш одатини ўргатди. Шунинг учун уй шароитида ҳам попкорн, турли егулик ва ичимликлардан истеъмол қилиш мумкин. Аммо ҳамма нарса оддийгина ҳал қилинади. Зерикишга енгишга севимли машғулотингиз ва йогурт ёрдам беради, мевали фойдали творог билан телекўрсатувларни томоша қилишингиз мумкин. Овқатланиш жадвалингизга кетма-кет газаклар киритмасангиз, албатта.
Манба: Daryo.uz
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг