Кўпчилик севиб истеъмол қиладиган хурмонинг саломатлик учун фойдали эканлиги тадқиқотлар натижасида исботланган. Бироқ айрим ҳолатларда хурмо организмга зарар етказиб қўйиши ҳам мумкин.
Хурмонинг фойдали жиҳатлари ҳақида биласизми?
Хурмо антиоксидантлар – организмга оксидланиш жараёни билан курашишга ёрдам берувчи табиий бирикмаларнинг ажойиб манбаи ҳисобланади.
Бизнинг танамизда доимий равишда эркин радикаллар ҳосил бўлади. Улар оқсил синтези, ҳужайраларнинг бўлиниши ва иммун тизими механизмлари фаолиятида иштирок этувчи кислороднинг қайта фаоллашган шакли ҳисобланади. Яллиғланиш, инфекциялар, меъёридан ошиб кетган жисмоний фаоллик, руҳий стресс, ёмон экология танадаги эркин радикаллар миқдорини кўпайтириши, оксидловчи стрессга олиб келиши ва турли хасталиклар – юрак-қонтомир тизими, нейродегенератив касалликлар, астма, ревматоид артрити, саратоннинг кўплаб турларига сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга хурмо таркибида организмни ҳимоя қилишга ёрдам берувчи кўплаб фойдали моддалар ҳам бор:
• Бета каротин – меваларнинг тўқ сариқ рангини таъминлаб берадиган ва организмга антиоксидант каби таъсир кўрсатувчи табиий пигмент. Хурмо таркибида ушбу витаминдан ўртача 253 мкг сақланади – бу бир кунлик меъёрнинг 30-35% ини ташкил этади.
• Танинлар – фенол бирикмалари бўлиб, у меваларга тахир таъм беради. Ушбу моддалар эркин радикалларни бирлаштириши, ҳужайраларга зарар етишининг олдини олиши, қон босимига ижобий таъсир кўрсатиши ва инсульт хавфини камайтириши мумкин.
• Флавоноидлар – оксидловчи стресс билан курашиш ва қон босимини туширишга ёрдам берувчи ўсимлик полифеноллари. Ушбу модда тромблар ҳосил бўлишининг ҳам олдини олади. Тажрибаларнинг бирида хурмо таркибидаги фенол компонентлари – галлик ва эллагик кислоталар ичакларда ҳамда терида саратон ҳужайраларининг ривожланишига тўсқинлик қилиши исботланган.
Албатта, хурмони саратон касаллигининг олдини олишга ёрдам берадиган мева сифатида таърифлаш қийин, боиси тажриба мева таркибидан ажратиб олинган ҳужайралар устида ўтказилган. Шунга қарамасдан, хурмо соғлом турмуш тарзи тарафдорларининг таомномасига ажойиб қўшимча бўлади олади. Организмни яллиғланиш ва хавфли касалликлардан ҳимоя қилишга ҳам ёрдам беради.
Тадқиқотларга кўра, хурмо таркибидаги фенол компонентлари миқдори сентябрь ойида кўпаяди, кейин эса аста-секин камайишни бошлайди. Шундай экан, хурмонинг фойдасидан максимал даражада баҳраманд бўлишни истасангиз, уни куз фаслининг ўрталаригача тўйиб истеъмол қилишни тавсия этамиз.
Хурмо саломатликка зарар келтириши ҳам мумкин...
Хурмо таркибидаги айрим компонентлар организмга салбий таъсир кўрсатади.
Ичаклар ўтказувчанлиги ёмонлашади
Хурмо таркибидаги танинлар ошқозондаги кислота билан ўзаро таъсирга киришиб, фитобезоарларни шакллантиради. Бу ҳазм қилинмайдиган қумоқлар ҳисобланади ва таомнинг ичаклар бўйлаб ҳаракатланишини қийинлаштиради. Натижада кўнгил айниши, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ ва қабзият кузатилиши мумкин.
Бундай ҳолатлар камдан-кам қайд этилса-да, ичаклар саломатлиги билан боғлиқ муаммолар бўлган вазиятда хурмони ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш мумкин эмас.
Хурмо – ортиқча калория дегани...
Хурмо таркибининг 80%ини сув ташкил қилади, шунга қарамасдан 100 г хурмонинг озуқавий қиймати 70 ккал.дан ортиқ. Бундан ташқари, 100 г мева таркибида 12,5 г глюкоза ва фруктоза сақланади. Шу тариқа, кунига бир дона хурмо еб, 100 ккал ва 2 чойқошиқ шакар истеъмол қилган бўласиз.
Калориялар кўрсаткичи ҳаддан ташқари юқорилаб кетмаслиги учун хурмони десертга қўшимча сифатига эмас, десерт ўрнида тановул қилинг. Бир кунлик истеъмол миқдорини эса 3-4 донадан ошириб юборманг. Ана шунда организмни хурмонинг салбий таъсиридан ҳимоялаган бўласиз.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг